*Ёз соз ўтсин десангиз...
Тўлебийда хавфсизлик тадбирлари
Тўлебий туманида "Ёшлар заҳира маркази", таълим, фавқулодда вазиятлар бўлимлари ҳамкорлигида Олатов қишлоқ округидаги дам олиш масканларида "Чўмилиш мавсумида эҳтиёт бўлайлик" мавзуида ташвиқот-тарғибот ишларини бошлади.
Тарғибот-ташвиқот гуруҳи дам олиш масканларида "Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси – саломатлик ва хавфсизлик гарови" мавзуида кўргазмали семинар ва махсус-тактик ўқув машқлари ташкил этди.
Унда сув ҳавзаларида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳолатлар, чўмилиш қоидаларини билмаслик оқибатида сувда чўкиш билан боғлиқ вазиятларни таҳлил қилиниб, нотиқлар туман ҳокимининг "Чўмилиш ҳудудларида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг вилоятимиздаги ижросига тўхталиб ўтишди.
Семинарда сув ҳавзаларида чўмилиш маданияти ва қоидаларини ёшлар орасида тарғиб қилиш, белгиланмаган жойларда чўмилишнинг олдини олиш, айниқса, ёзги дам олиш оромгоҳларида тиббий-санитария хизматини бугунги кун талаблари даражасида ташкил қилиш борасида мутахассислар маслаҳат ва тавсияларини беришди.
Тадбир якунида фавқулодда қутқариш хизмати кўрсатиш ходимлари томонидан сувда чўккан жабрланувчини қутқариш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари бўйича кўргазмали тактик машғулотлар намойиш этилиб, дам олувчилар учун махсус тайёрланган эслатмалар тарқатилди ва гуруҳ аъзолари ишини чўмилиш ҳудудларида давом эттиришди.
Б. ДЎСМАТОВА.
|