Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар [39]
Таҳририят ходимлари ижоди
Янги китоблар [1]
Таҳририят ходимларининг китоблари
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог файлов
Главная » Файлы » Мақолалар

Кўнгил – Каъбадир
11.02.2017, 19:24

                  Кўнгил –

                                       

Биринчи ривоят:
Таниқли имом-ҳатиб Фозил қори  Собиров имом Бухорий ҳадисларидан келтириб, бир кишининг кўнглини
хушнуд этган одамга 20 йиллик намоз савоби ёзилиб, аксинча, инсонларнинг кўнглини оғритган бўлса, 20 йиллик
намози куйиб кетишини айтган эди. 
Ривоятларга кўра, Каъбатуллоҳни дастлаб Одам Ато Оллоҳнинг ҳукми билан бунёд этган экан. Даврлар ўтгач, ер юзидаги Парвардигорнинг уйи деб аталмиш Каъба вайронага айланади. Иброҳим Халилуллоҳ Яратганнинг ҳукми билан уни қайта тиклайди. Асрлар суронида бу муқаддас гўша яна вайрона ҳолатга келиб қолади. Арабларнинг
бани Ҳошим қавми уни қайта бунёд қилишга киришади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг йигитлик даврида тўртинчи бор қайта таъмирланган ҳақида тарихий манбаларда батафсил маълумотлар учрайди.
Хабарларнинг барчаси Каъбани обод қилиш, уни таъмирлаш улуғ савоб иш эканлигини англатиб туради. Кўнгил Каъбага қиёс қилинар экан, уни эъзозлаш, обод қилиш эса пайғамбарлар азиз тутган савоб иш билан тенг деб тушунилади.
Қўполлик – худбинликдир!
 Алишер Навоий асарларида бу мавзуга тез-тез мурожаат қилинади.
Васл ила қилғил бузуғ 
кўнглим иложинким, қилур
Шоҳ адл этмак била 
вайроналар таъмирини,
деб хитоб қилганлар шоир бобомиз “Бадоеъ ул васат” девонидаги ғазалларидан бирида.
Шоир наздида фақат йиқилган иморатларни қайта тиклаб, ободончиликка ҳисса қўшиш эмас, балки ўксик дилларга қувонч ва шодлик улашиш, муҳтожлар мушкулини осон қилиш адолатли ҳукмдор мартабасига эришиш
билан баробардир.Сийрати пок инсонларгина ўзгалар кўнглини муқаддас ва муаззам гўша деб билади ва уни ҳамиша ардоқлашга,
зиёрат қилишга ошиқади.  Бошқа бир ғазалида ҳазрат Алишер Навоий:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг 
хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон 
бўлса обод айлагай,

деб ўзининг қимматли сабоғини берган.
 Алишер Навоий одамзот кўнглини Каъбатуллоҳ сингари қадрли деб билишга чақиради. Ўзгалардан ҳол-аҳвол
сўраш, чорасизларни қўллаб-қувватловчи бўлиш нафақат Каъбани зиёрат қилиш, балки уни таъмирлаб, қайта тиклаб, обод этиш билан тенг эканлиги даҳо шоир дарсларида жуда кўп бора уқдирилади. Демак, қўполлик –
худбинликдир. Мусулмон киши мўмин биродарига тили билан ҳам, қўли билан озор етказмаслиги далил
қилинган саҳиҳ ҳадисларда.

                 Қўшнининг ҳақи
Бу мавзуга қайтишга газетхонларимизнинг биридан келган мактуб сабаб бўлди. 
"Икки йил муқаддам участка сотиб олиб, уй қура бошладик, дейилади мактубда.  Ўнг ва сўнг томонимизда қўшниларнинг уйи битмаган, фақат қарши тарафимизда 60 дан ошган бир киши оиласи билан яшар экан. У билан
салом-аликдан нарига ўтмасдик. Биз кўчиб борганимизга бир ҳафта бўлмай, у уйининг атрофини девор билан ўрай бошлади. Меъморлар ҳар бир уйнинг ери ва чегарасини белгилаб, қўлимизга ҳужжат берган, ҳар ким ўз
ерини ўраб олишга ҳақи бор, деб, эътибор бермадим. Бир куни кечқурун ишдан келсам, қўшни бизнинг уйнинг чегарасига бир метр киритиб, пойдевор қуйиб қўйибди. 
– Отахон, бу нима қилганингиз? –  деб сўрадим.
– Кўрмаяпсанми, менинг ерим қийшиқ, шуни тўғирладим,
Нима қийшиқ, нимани тўғирлади, тушунмадим, лекин, 60 дан ошган қариянинг бу ишидан қаттиқ хафа бўлдим. Қўшнилик ҳаққи-ҳурмати, у билан жанжаллашишини, ҳокимликка арз қилиб боришни ўзимга эп кўрмадим.
Шундай қилиб, орадан ойлар ўтди. Ёзда ўнг томонимдаги қўшним – икки фарзанди бор ёш оила кўчиб келди.  Мен дам олиш куни ҳаммом қурадигн ерни тозалаш учун курак, кетмон олиб, ҳовлига чиқдим. Энди бир кетмон урган
эдим, ҳалиги қўшним уйидан югуриб чиқди ва 
– Нима қиляпсиз? – деб сўради. Мен режамни унга айтдим.
– Ёмғир-қор суви менинг еримга оқмайдиган бўлсин. Шунинг учун менинг еримдан икки метр ичкаридан қуринг,
ҳаммомингизни, – деди. Бу қўшнимдан ҳам кўнглим қолди. Сўнг томондаги қўшним кўчиб келганда, қувондим.   Лекин, ернинг чеккасига экиб қўйган дарахтларимни юлиб ташлаганини кўриб, дилим вайрон бўлди. 
– Нега бундай қилдингиз, қўшни, дарахт ўстириш осонми? – деб сўрадим ундан.
– Бу дарахтларингиз эртага ўсиб кетса, менинг еримга соя беради. нима эксангиз ҳам камида 3-4 метр ичкарироққа экинг, – дея маслаҳат берди у. У билан баҳслашишнинг фойдаси йўқлигига кўзим етиб, бошқа оғиз очмадим. Уйга кириб. анча ўйланиб ўтириб қолдим. Болалик йилларим хотирамда жонланди. Юқори синфда ўқирдим, бир куни мактабдан келсам, ўнг томондаги қўшнимиз, бизнинг ерга 4 метр кириб, девор кўтарибди. Дарров дадамга бу ҳақда айтдим. 
– Биламан, ўғлим, – деди у. – Қўшничилик ҳурмати, ҳеч нарса демадим.  Қўявер, бизга қолган ер ҳам етади.  Ерга   тўймаётган экан, тўядигин жойга ҳам боради. Вақти келиб, ҳаммамизга икки энлик жой буюради, – деди. 
Сўнг томондиги қўшнимиз ҳам бизнинг икки метр еримизни қўшиб ўраб олганда ҳам дадам оғиз очмади. Мен эса нима қилишни билмай, ичимдан куярдим.  Бир йил ўтар-ўтмай, ўнг томондаги қўшнимнинг икки кўзи кўрмай
қолди. Сўнг томондаги қўшнимизнинг ўттизга ҳам тўлмаган ёлғиз ўғли автомобиль ҳалокатига учраб, кўз юмди.
Онаси бу кулфатни кўтара олмай, қон босими ошиб, бир ҳафта ўтмай оламдан ўтди. Оила бошчиси эса ичкиликка муккасидан кетиб, бир йилдан ортиқ яшамади.  Уларнинг ҳеч бирини биз қарғаган эмасмиз. 
Айтмоқчи бўлганим, мол-дунёнинг кетидан қувиб, бировнинг ҳаққига кўз олайтиришнинг оқибати аянчли тугар экан.  Бунга ўз қўшниларим мисолида ҳам ишонч ҳосил қилдим. 60дан ошган отахоннинг икки ўғли  тил
бириктириб, одам ўлдиргани учун  узоқ муддатга  қамалиб кетди, ўнг ва сўнг томонимдаги қўшниларим эса
уйини кафолатга қўйиб кредит олишди, лекин, пулни қайтара олмай, бошпанасиз қолишди.

Иккинчи ривоят:ер кимники?
 Икки қўшни ер талашиб, муштлашиб кетишибди. Кучдан қолиб, қонга беланиб ётишса, ердан овоз чиқибди:
– Бу ер икковингники ҳам эмас.  Аксинча, икковинг ҳам меникисан.
      Ижобат бўлган дуо
Куни  кеча қозоқ шоири, "Қозиғурт" нашриёти директори Темирғали Кўпбаев меҳмонга келди. Уни бу хатнинг мазмуни билан таништирдик. У ҳам  бошидан ўтган, ер  билан боғлиқ бир воқеани айтиб берди. 
– Алматига  кўчиб бориб, Қозоқ Давлат университетида ишлаганимга уч йил бўлса ҳам косам оқармади. Меҳмон келса тузукроқ дастурхон ёя олмасдим. Шундай кунларнинг бирида ён қўшним, таниқли киноактер Асанали
Ашимов уйимизга келди. Чой устида у мени мақташга тушиб кетди.  Мен уёғига чидай олмай:
– Асанали оға, мени бежиз шунча мақтамагандирсиз, бирон муддаонгиз бирдир, – деб сўрадим. 
– Бу шоир-ёзувчилар қувликни дарров сезиб қўйишадида, – деди у. – Муддаом – ҳаммом қурмоқчи эдим, ҳеч режалай олмаяпман, шу десанг, озгина  ер етмаяпти. Бир метр ерингни менга берармикансан, деб олдингга чиқувдим...
– Сиз эл ардоқлаган инсонсиз, шу ҳам гап бўлдими, олинг, бир метр бўлмаса, икки метр олинг, – дедим мен.
Бундай жавобни кутмаган эканми, артист бўлса ҳам довдираб қолди, сўнг, кел, ўғлим, мен сени дуо қилай, деб қўлларини очиб, менинг ишларимга ривож тилади. Дуоси ижобат бўлдими, орадан икки ой ўтиб, мен "Қозиғурт"
нашриётини очдим. Қозоқ классикларининг сайланма асарларини босиб чиқара бошладим. Бир йил ўтар-ўтмай, босмахона ускуналари сотиб олиш учун олган кредитдан қутулдим. Ҳозир, меҳмон келса, ойлаб кутишга ҳам
қурбим етади. 
Жамоамизда бир жанжалкаш аёл бор эди, – давом этди у. – Бир куни ҳузуримга чақириб, огоҳлантирдим. Лекин, фойдаси бўлмади. Алал-оқибат, гуноҳи фарзандларига уриб, автоҳалокатда бири қўлидан, бири оёғидан
айрилди. Аёл ҳозир ишдан кетиб, болаларининг нафақа пулига кун кўрмоқда. 
  Учинчи ривоят: ортиқча гап – эшакка юк
 Бир машойих доим оғизларига тош солиб юраркан. Одамлар билан кўришиб қолсалар, мулойим салом- аликдан кейин тошни дарров яна оғизларига солар эканлар.  Бу ишларининг сабабини сўрашганида у зот  "Яна беҳуда гапларни гапириб бировнинг дилини оғритиб гуноҳга  қолмай деб, оғзимга тош солиб олганман. Қачон сўзга оғиз очсам шу тош оғзимдан тушиб кетиб, мани ҳушёр тортдиради. Тошни оғзимда айлантириб, Аллоҳга зикр айтганим мен учун кўпроқ фойдали", деган  эканлар... Ривоятдаги ҳидоятга аҳамият берган киши, дағаллик, қўполлик қилиш тугул, ҳатто ортиқча гап-сўзларни гапириш ҳам зиён эканини англайди...
                Инсон ўзинг...
Энди етук аллома, мутафаккир, марҳум  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг  бу борадаги фикрларига эътибор беринг. "Мол-давлат топдик, аммо ҳузур ҳаловатимиз йўқолди.  Қулайликлар ортди, аммо вақтимиз камайди. Дорилар кўпайди, касалликлар озаймади.  Кеч ётиб, саҳарда чарчоқ билан уйғонамиз. Кам китоб ўқиймиз, кўп телевизор кўрамиз. Кўп гапирамиз-у, кам тинглаймиз. Кўрамизу эътибор бермаймиз. Пул топишни ўргандик, сарфни эплолмадик. Хорижларга саёҳат қилишни, сайру саёҳатларни биламиз, лекин қўшнимиз ҳолидан ҳабар олиш учун икки қадам босмаймиз.  Дунёда нималар бўлаётганидан хабардормиз, аммо ички кечинмаларимиздан  бехабармиз. Ҳовли жойимизни тоза тутишга уринамиз, лекин руҳимизни озода тутмаймиз. Режалар тузамиз, натижалар кўринмайди. Шошилишни ўргандик, сабрни  унутдик.  Танишларимиз кўп, дўстларимиз кам. Ютуқларимиз кўп, қувочларимиз кам. Кўп нарсани биламиз, билганларимизга амал қилишимиз кераклигини ҳис қилмаймиз. Шунча нарса қалбимиз қаттиқлашганидан далолат эмасми? Қалби қаттиқ одам бировнинг дилини оғритишдан қандай андиша қилсин?!.."
               
   А. АБДУФАТТОҲ.

Категория: Мақолалар | Добавил: жанубий | Теги: Бахт, кўнгил, каъба
Просмотров: 965 | Загрузок: 0 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz