Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар [39]
Таҳририят ходимлари ижоди
Янги китоблар [1]
Таҳририят ходимларининг китоблари
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог файлов
Главная » Файлы » Мақолалар

Жаннатим – онам
30.01.2017, 12:53
Фото Janubiy KZ.

Ушбу мактабни чолидан айрилиб, ҳаётининг мазмуни қолмаган онахон ёзган. Кимга дерсиз? Нариги дунёдаги чолига. Самимий сатрларни ўғли ва келинидан кўнгли қолган онахоннинг дил сўзлари эканлигига ишончимиз комил. Оёғи остида жаннатни жам қилган онахоннинг манзилини ҳам билмаймиз, ёрдам бериш ҳам қўлимиздан келмайди. Лекин, хатни газетада эълон қилиб, жамоатчилик фикрини уйғотишни инсоний бурчимиз, деб биламиз. Шоядки ёшлар бундан тегишли хулоса чиқариб, ота-онаси ҳаётлар янада қадрларига етиб, кўпроқ хизмат қилиб, дуоларини олиб қолишса, менинг мақсадим ҳосил бўларди. Марҳамат, хат билан танишинг.

"Дадаси, ҳол аҳволингиз яхшими? Бизларни соғинмай, эсон-омон юрибсизми? Сизга хат ёзиш етти ухласам ҳам хаёлимга келмасди, вазият шуни тақозо қилгач, қўлимга қалам олишга мажбур бўлдим. Соғлигим панд бериб, 
қулоқларим ҳам оғирлашяпти. Шунинг учун уйда нима гап бўлаётганини ҳам тушунолмай қолдим. Келиннинг менга муносабат ўзгарган, чойни ҳам зарда билан олдимга қўйиб кетадигин бўлди. Юрагим сезиб турибди, келин мен билан бирга яшашни истамайдиганга ўхшайди. 
Бахтиёр кунларимиз ортда қолди, уларнинг баҳор чечакларидай ғанимат эканлигини қаёқданам билардик. Ўғлингизни биласиз, қўй оғзидан чўп олмаган, мўмин. Келин билан ҳар куни тортишади, боёқиш икки ўтнинг орасида қолганга ўхшайди.
Онасиман, отса отилмайман, сотса – сотилмайман. Ҳар замонда келиб, оҳиста қучиб кетади. Боласи тушмагур кеча юзимдан ўпиб кетди, лекин унинг бу қилиғи менга оғир ботди. Сут-қатиқ олиб келишни ҳам тўхтатди, тишларим йўқ, овозим хунук чиқяпти, овқат ейишга қийналаман. Овозимни баҳона қилиб, келин невараларимга эртак айткизмай қўйди. Сиз билан гаплашаверади, деб девордаги суратингизни ҳам қаергадир яшириб қўйди. 
Бир суратингизни камзулимнинг чўнтагида олиб юрибман, бундан унинг хабари йўқ..
Жаҳл устида унга тескари фотиҳа бермоқчи ҳам бўлдим, лекин, тезда раъйимдан қайтдим, ахир у невараларимизнинг онасику...
Кеча кечқурун ҳокимликдан вакил келди, мени эшитмасин, деб келин иккови хонанинг эшигини ёпиб қўйишди. Мен уларнинг сўзларини эшитмадим, лекин, юрагим ҳис қиляпти, эрта-индин мени қариялар уйига ўтказишмоқчи.Юрагим тилка-пора бўлгандай оғриди. Сиз бунга нима дейсиз, дадаси? Сиздан ҳайиқардику, ўғлингизнинг кўзига бир кўриниб қўйсангиз яхши бўларди... Унга айтинг, дадаси, бир хонага қамаб қўйса ҳам майли, сут-қатиқ олиб келмаса ҳам майли, невараларимга эртак айтмасам ҳам майли, мени бу уйдан қувишмасин. Бу уй уй бўлгунча озмунча азоб чекдикми, дадаси?
Ёдингиздами, дадаси, ўғлимиз сизни ишдан келишингизни ухламай кутиб ўтирарди. Уч ёшида кўпинча, овқат берсам, сочиб ташларди. Тўрт ёшида қўлига қалам ушлатганимда, деворларга чизиб ташлаган, чиройли ва тоза кийимларни чанг-тупроққа белаб келарди, шунда ҳам сиз полвон болам келди, деб эркалардингиз. Яна, эслайсизми, у 15 ёшга тўлганида сиз мана шу уйни қураман, деб анча қарз бўлган эдик. Ўғлимизга бахт, соғлик 
ва омадлар тилаб, йиғлаб дуолар қилган эдик. У эса совға бермадинглар, деб хархаша қилган эди..
25 ёшида уни орзу-умидлар билан уйлантирдик, бироқ у кўп ўтмай, насиҳатимзни писанд қилмай қўйди. Мана, энди мен уларга ортиқча юкдек кўриняпман. Тарбиянинг қаерида хатога йўл қўйган эканмиз, дадаси?Тақдир экан, бирга ўтказган онларимиз тобора йироқлашиб бормоқда. Деразага қарасам, сизнинг сиймонгизни
 кўраман. Эшик тутқичларига қўлингиз теккан, деб узоқ ушлаб тураман.
Нега ўғлимиз билан келин мени улар балан бирга яшашимни хоҳлашмаяпти? Ахир пенсия пулимни бир тийинигача қолдирмай ўзлари олишяптику. Ўтиб кетган давронларей... Ундан кўра мени қошингизга тезроқ чорласангиз бўлмайдими, дадаси? Ёки сиз ҳам мени унутиб юбордингизми?"
Осмон ҳам титраркан она йиғласа,
Фарёд-ла зор қақшаб, бағрин тиғласа,
Инсонмас, кимда-ким онани хор этса,
Онанинг кўз ёши тўкилмасин ҳеч!
Инсон учун ота-онадан яқин, улардан меҳрибон ва ғамхўр, ҳамиша ёрдамга тайёр бошқа бирор бир кимсани топа олмайсиз. Бизларни дунёга келтириб, авайлаб ўстирган, нимани хоҳласак, муҳайё қилган, одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган ота-онани 
ҳурматлаш, уларга яхшилик ва меҳрибонлик қилиш ҳар бир инсоннинг энг шарафли бурчи саналади. Бу Аллоҳ томонидан барча инсонларга буюрилган, Унинг пайғамбари томонидан алоҳида тавсия қилинган гўзал инсоний фазилатдир. Айниқса ҳали туғилмасимиздан то улғайиб катта ёшга етгунимизча бизларга меҳри, раҳм-шафқати, 
фидойилиги ва матонатини дариғ тутмайдиган мушфиқа оналаримиздан умрбўйи қарздормиз. Оналаримизга шунинг учун яхшилик қилиш ва уларни ҳурматлашга бурчлимизки, улар ҳомиладорлик пайтларида дилбандларини тўққиз ой қорниларида кўтариб юришади, уларни дунёга келтиришда чексиз машаққат ва 
оғриқларга дош беришади, туғилганидан кейин ҳам то вояга етгунича улар атрофида айланиб-ўргилишади, ўзлари емай едиришади, киймай кийдиришади, болаларининг баданларига бирор зирапча киришини ҳам раво кўришмайди. Ўйлаймизки, ушбу мақола сабаб бўлиб, мусулмон биродарларимиз қариялар уйидаги ота-
оналаридан кечирим сўраб, ўз уйларига олиб кетадилар. Ўз уйларига! Бу ерда биз ота-оналарининг уйларни назарда тутяпмиз. Агар ота-онаси бўлмаса, фарзанднинг нафақат уйи, ҳатто ўзи ҳам бўлмасди. 
Вақт оқар сувдек, ҳаёт ўткинчи, умр ғанимат. Бир кун уни тополмай қолишингиз мумкин. Агар онангиз ҳаёт бўлса, у сиз учун энг меҳрибон ва ўз навбатида сиздан меҳр кутиб яшаётган табаррук зот эканини унутманг. 
Зеро, «Жаннат оналар оёғи остидадир…». 
Ҳа, ота-онанинг дилини авайлаш, эҳтиёт қилиш савобли ишларнинг энг улуғи ва зарурлигини, ота-онанинг қадри ҳамма нарсадан устун эканлигини асло унутмаслигимиз даркор.
                                               
 Баҳорой ДЎСМАТОВА.
 
 
Категория: Мақолалар | Добавил: жанубий
Просмотров: 915 | Загрузок: 0 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz