Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

АХЛОҚИЙ БУЗУҚЛИК.

Оммавий маданият»нинг кўринишлари

  • «Оммавий маданият» вакиллари деганда асосан ана шу тўртта иллат – ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризмнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган одатларни ўзига касб қилиб олган ва уларни маданият деб ҳисоблаган кишилар назарда тутилади. Бу тўрт иллат ҳам ўз ичида бир неча қисмларга бўлиниб кетади. Қуйида ана шулардан айримларини санаб ўтамиз. А) АХЛОҚИЙ БУЗУҚЛИК. 1. Кашандалик (айниқса, хотин-қизларнинг сигарета чекишга берилишлари). Биз болаларимизни жисмонан етук ва ақлан баркамол авлод этиб тарбиялаймиз, деб жон куйдириб турган бир пайтимизда хомиладор аёлларимизнинг сигарета чекишини қандай баҳолаш мумкин. Энг қизиғи, ана шу аёллар учун аёл кишинининг сигарета чекиши бу – замонавий маданиятнинг бир тури. Бугун тамакига йўқ дея олмаган бу ожизаларнинг эртага гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди, албатта. 2. Алкоголизм (айниқса, хотин-қизларнинг спиртли ичимликлар ичишга ружу қўйишлари). Буни илгарилари фақат шаҳар жойларидагина кўрар эдик. Ҳозир эса қишлоқда ҳам аёлларнинг, айниқса, ёш қизларнинг спиртли ичимликлар ичиб юришганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Гўёки улар ичишмаса, ўзларини замондан орқада қолган, маданиятсиз ва таҳқирланган деб ҳис этишар эмиш. Англаб турганингиздек, ичиш ундайлар учун маданият. Демак, аёлларнинг спиртли ичимликларни ичиб юришлари "оммавий маданият” ниқоби остида кириб келмоқда. Нима қилибди аёллар ичса, дейдиганлар ҳам йўқ эмас, албатта. Биринчидан, бизнинг дину диёнатимизга тўғри келмайди, иккинчидан ичкилик инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий соғлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Спиртли ичимлик ичган аёлдан эса соғлом бола туғилиши даргумон. Мамлакатимизда ичувчи аёлларимиз кўпаяверса, уларнинг аксарият қисми ё туғишдан бош тортади (чунки кайфу сафога берилган она фарзанд тарбияси билан ўралашиб юришни хоҳламайди), ёки туққан боласи маълум бир даражада номукаммал бўлади. Натижада келажак авлодимиз баркамоллигини йўқотиш хавфи туғилади. Чунки, олимларнинг кузатувларига кўра, инсон миясида ўн етти миллиарддан ортиқ ҳужайра бор экан. Бу ҳужайраларнинг ҳар бири микрокапелляр қон томирлари орқали озиқланади. Улар шунчалик нозикки, қон таркибига алкогол қўшилганда, қурум пайдо бўлиб, ҳужайраларга қон ўтмайди, етти-саккиз дақиқадан кейин эса миллионлаб ҳужайралар ўла бошлайди ва бошқа тикланмайди… Юқоридаги иллатларнинг олдини олиш учун мунтазам спорт билан шуғулланиш лозим. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, "… спорт – соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади. …болалар ва ёшларнинг спорт билан оммавий равишда шуғулланиши уларнинг характерини тоблайди, кучли, мард ва жасур бўлиб камол топишига хизмат қилади, қатъиятли, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини мардона енгиб ўтишга қодир инсонлар этиб тарбиялайди”. 3. Ҳаддан ташқари тор ва очиқ, бадани, айниқса, ҳатто аёллик белгилари ҳам кўриниб турадиган даражадаги кийимлар кийиш. Бундай ҳолатни илгари бошқа миллат вакилларида учратар эдик. Ҳозир ўзбек миллатига мансуб қизларимиз, қолаверса катта ёшли аёллармизни ҳам шундай кийимда кўришга мажбур бўлиб қолдик. Энг ачинарлиси, ўқитувчиларимизнинг шундай аҳволда кийинишларидир. Айниқса бошланғич синф ўқитувчилари. Буни кўриб тарбия олаётган болаларимизни келажакда бунданда бадтар ҳолатда кўрмаймиз деб ким кафолат бера олади. Ахир, қуш уясида кўрганини қилади, қолаверса ибрат маърифати деган тушунча бор. Бугунги ҳар бир мурғак қалб катта авлоддан ўрнак олиб тарбия топади. Ҳозирги ўқитувчиларимиз эса болаларимизни миллий-маънавий руҳда тарбиялаш ўрнига "оммавий маданият” бобида намуна бўлмоқдалар, холос. Баъзи ўқитувчиларимизнинг (улар ҳам кимнингдир қизи, опаси, синглиси, онаси ёки суюкли рафиқаси) кийган кийимлари шунчалик юпқаки, улардан одам анатомияси дарсларида кўргазмали восита сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. 4. Балоғатга етмаган ёш йигит-қизларнинг жамоат жойида ўпишиб, қучоқлашиб туришлари. Бундай воқеаларга бугунги кунда кўпроқ шаҳар жойларида гувоҳ бўласиз. Энг қизиғи, шундайлар ўзлари қилаётган ишларини маданият деб биладилар. Агар миллатимиз вакилларининг аксарияти ана шу одатни касб қилиб олса, бизда миллий маънавият, юксак маданият деган тушунчалар қаёққа кетади. Қизлардаги ор-номус, ҳаё ва ибо, шарм ва иффат қаёққа кетади. Бизнинг миллийлигимиз ана шу қадриятларда эмасми? Барча динлар, миллий маданиятлар ўсмир қизларга "Ўзингни бокира тут. Асра”, деб келди. Оммавий маданият эса "Контрацептивдан фойдалан. Партнерингни ҳадеб алмаштираверма. Хўп-ми!”, деб насиҳат қилмоқда. Бугун у ўз насиҳатини ўзбекларнинг қизларига айтиш учун келаётир. Чет эл телеканаллари ва турли хорижий фильмлар таъсирига тушиб қолаётган йигит-қизларимиз оммавий маданиятга эргашди, лекин унинг насихатларини ҳам тўла-тўкис бажармаяптилар. Яъни ҳеч қандай контрацептивдан фойдаланишмаётир ва тез-тез партнерларини алмаштириб туришибди. 5. Аёлларнинг эркакча сўкинишлари. Бунинг исботини сиз пойтахтдаги бозорларда савдо қиладиган айрим аёлларнинг жой талашишлари жараёнида ёки милиция ходимининг бирор аёлни маҳкамага олиб кетаётганидаги ҳолатда кўришингиз мумкин. Буни албатта энг ёрқин мисол сифатида келтирдик, холос. Аслида бошқа жойларда, яъни таълим муассасалари ҳамда бошқа меҳнат жамоаларида ҳам бундай ҳолатни кузатиш мумкин. Аёл киши бўла туриб баджахл эркак ҳам оғзига олмайдиган сўзлар ("д...”, "п...”, "с...”, "онанг...”, "г...” ва ҳоказолар) билан сўкиниши унинг учун маданиятнинг бир тури бўлса керак, менимча. Бизнинг миллий маънавиятимизда эса бундайларни ахлоқи бузуқ одамлар дейилади. 6. Ота-она ва бошқа катта ёшлиларга нисбатан ҳурматсизлик. Бу одатни ҳам кўпроқ ўзга миллат вакилларида кузатар эдик. Бугунга келиб соф ўзбекларимиз ҳам шу одатни қабул қилишган. Ота-оналарига русча мурожаат қилишади ва "Мама, ты...”, "Папа, ты...” каби сўзлардан ҳам фойдаланишади, автобус ёки бошқа жамоат транспортларида катталарга жой беришмайди ва ҳоказо. 7. Порнография. Бундай ҳолатларни авваллари интернет клубларида кўрардик. Бугун улар назоратга олиниб, танқид ва таъқиб қилинганидан кейин, энди яширин равишда диск сотиш, уятсиз расмлар сотиш ва бошқа шу каби ахлоқсизликлар авж олиб бормоқда. Миллий менталитетимизга зид бўлган бундай одатлар эса ёшларнинг маънавий тубанлашишига, ўғил болаларнинг йигитлик хусусиятини йўқотишгача олиб келаётганини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. 8. Старизм (субъэктив эҳтиросларга берилган ҳолда, эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, теледикторларни илоҳийлаштириш). Ёш йигит-қизларнинг шахсий хоналарига кирсангиз, ё чет эл актёри, ё чет эл қўшиқчиси, ё чет эл теледиктори ёки чет спортчисининг бир неча юзлаб расмларини деворларга ёпиштириб ташлаганига кўзингиз тушади. Энг қизиғи улар ана шу қаҳрамонларининг расмини (!) яқин кишиларидан ҳам устун қўйишади (Бирорта расмни йиртсангиз, "Бу сендан қиммат туради, нега йиртдинг!?” деб ўдағайлашидан ҳам буни билиш мумкин). Улар қоринлари оч қолса ҳам нон олмасдан ўзлари севган қаҳрамонларининг расми ёки ижод намунасини олишади. Ана шу қаҳрамонлари учун ҳеч нарсадан тоймайдилар, ҳатто ўзгаларга шикаст етказишдан ҳам. 9. Билимсизлик, ахлоқсизлик, маданиятсизлик, тартибсизликни қўллаб-қувватлаш. Ёшлар орасида "Хеҳ, пат-т-трио-о-о-от!!!” деган истеҳзо билан билимли, одоб-ахлоқли, маданиятли болалар устидан кулиш ва мазахомуз оҳангдаги сўзларни айтиб, уни яккалаш ҳолатларини кузатиш мумкин. Бундайлар синфдош ёки гуруҳдошлари уй вазифасини тайёрлаб келган бўлса, унга қарата: "Энди ўзингча билимдонсан-да, а?!”, "Ақллилик қиляпсан-да, а!?” каби гаплар билан маданиятли, ахлоқ-одобли болаларнинг ғашига тегишади ва шу йўл билан уларни ҳам ўз сафларига, яъни ишёқмас, дангаса, ахлоқсиз, билимсиз безорилар сафига қўшишга ҳаракат қилишади. Ажабланарлиси, маълум бир маънода мақсадларига эришишади ҳам. Натижада билимли, юксак дидли ва маданиятли ёшлар сони камайиб боради. Хуллас, юқорида санаб ўтилган иллатларга чалиниб қолмаслик учун ҳар бир ёш доимий билим олишга интилиб яшаши керак. Чунки муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов эътироф этганларидек, "Биз ҳақиқатан ҳам ўз фарзандларимиз ва набираларимиз билан фахрланишни истасак - улар замонавий билим ва тажрибага эга, иймонли-эътиқодли бўлишларига, Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг ишларини давом эттиришларига эришишимиз лозим”. 10. Татуировка. Татуировка – тери остига ранг юбориб, турли хил шакл ва нақшлар чизиш. Татуировка қилдириш авваллари маҳбусларга хос одат эди. Ҳозир эса у оммавийлашиб, ёшларнинг севимли "маданият”ига айланди. Аслида у турли юқумли касалликларни келтириб чиқариш "оммавий маданият”ни тарқатувчиларга ойдек равшан. Тарихий китобларда ёзилишича, татуировканинг қадимий кўринишлари ибтидоий жамоа тузуми даврида қабилалар орасида вужудга келган. Аввалига бир қабила аъзоларини бошқа бир қабиладан ажратиб кўрсатиш учун қўлланилган белги кейинчалик тарихда ашаддий жиноятчилар учун жазо воситасига айланган. Аммо қайси манбани қидирманг, халқимиз ўтмишида татуировка тўғрисида бирор маълумот топилмайди. Унга нисбатан бегоналик кайфияти ҳам ана шундан, десак муболаға бўлмайди . Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш Ислом динида катта гуноҳ ҳисобланади, – дейди Имом Бухорий халқаро маркази ҳадисшунослик бўлими мутахассиси Нодиржон Қобилов. – Бу амаллар миллий ўзлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур амалдан биз ўзимизни ва бошқаларни асрамоғимиз лозим. Татуировка термини, полинезий тилидан олинган бўлиб, таитян тилида «татау» сўзи расм деган маънони англатади. Бу маълумотни машҳур саёхатчи Жеймс Кук аниқлаган. 1773 йилда нашр қилинган бутун дунё саёҳатидан кейинги ҳисоботида ишлатган. Бундан олдин татуировка Еврўпада безаш ёки инсонларни аниқлаш учун ишлатилган ва алоҳида ном билан аталмаган. Авваллари татуировкага нисбатан ишлатилган атамалар, бошқа татуировка туширадиган мутахассислар атамалари орасида ёки ҳар хил гуруҳ жаргонлари орасидаги сўзлар орқали ишлатилган. Татуировканинг маъноларини изоҳловчи рўйхат Ғарбий Европада жуда кенг тарқалган: «signum» ва «stigma» сўзлари Қадимий Рим адабиётидан таниш, «stygmat» сўзи 1534 йилда Лютер томонидан нашр этилган Библияда учрайди. «grafism» эса Дж. Казановнинг нашрида учрайди. Бомарше ўзининг «Фигаронинг тўйи» китобида «hieroglif» деб изохлаган. В. Гюгонинг «Хўрланганлар» романида «белги» «тамға» сўзлари билан изоҳланган. Бу терминлардан ташқари XVIII асрлар охиригача Ғарбий Еврўпада бу сўзни «кесиб олинган расм» ва французча термин «piquage» кенг ишлатилган бўлиб, бу французча термин маркиз Л. де Монкальм (1712—1759)га тегишлидир, яққол ўзи ўша замондаги Канадалик индеецлар одатлари билан таниш бўлган. Лекин Европа қитъасида татуировкалик инсонларни «бўялган» ёки «пунктирланган» деган сўзлар билан аташган. Голландияликлар татуировка тушириш жараёнини «prikschildern» ёки «stechmalen» деб аташган, таржимада «тешиб-тешиб чизмоқ» маънони англатади. Инглизлар «punctures» ва «punctation», испанлар эса «pintados» деб аташган. Кук орқали ишлатилган «татуировка» термини бутун дунёдаги халқларда тана безамасига нисбатан ишлатиладиган сўз бўлиб дарҳол ўрнашиб қолмаган. Аввал, «татуировка» сўзи Таитида безаш жараёнини англатган. Ҳозирги кунга келиб «татуировка» термини европа давлатларида секин-асталик билан тарқала бошлади, ҳар хил тилларга киритилиб, лексикада аниқ нима ҳақида гапиралаётганини ифодаловчи сўз бўлиб ўрнашиб келди. 1856 йилда П.Нистен тарафдан тайёрланган «Тиббиёт луғати»да «татуировка» сўзи бутун дунёда татуировкани хилларини англатовчи сўз бўлиб илк бор киритилди. Ундан кейин Э.Литтре «Француз тили катта луғати»га киритди. 11. Бир жинсли никоҳ. Эркакнинг эркакка интилишидан жамият нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган... Эндиликда эса бундай «оила» қуришга турли мамлакатларда қонун йўли билан рухсат беришга интилиш бор. Энг даҳшатлиси шундаки, уларга бола боқиб олишга ҳам рухсат этиляпти. Табиий савол туғилади: "Улар боқувидаги бола қандай тарбия кўради, ким бўлиб етишади?” Улар боққан бола ота-онам деб эмас, балки ё она-онам ёки ота-отам деб катта бўлади. Унинг маънавияти қай даражада бўлиши ҳақида эса ўзингиз хулоса қилаверинг. Бу иллатнинг акси сифатида бизда оила аталмиш қадрият бор. Ҳар бир ёш оилага садоқатли, ота-онага ҳурмат руҳида тарбия топса, миллий анъаналаримизга қатъий амал қилса, ҳар ҳолда бундай хунук ишларга қўл урмасди. Сабаби "Катталарни ҳурмат қилиш, оила ва фарзандлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, очиқ кўнгиллилик, миллатидан қатъи назар одамларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, ўзгалар кулфатига ҳамдард бўлиш ва ўзаро ёрдам туйғуси кишилар ўртасидаги муносабатларнинг меъёри ҳисобланади” . 12. Эркакларнинг (айниқса, ёш йигитларнинг) аёллар кийимида юриши ва аёллар пардоз воситаларидан фойдаланган ҳолда ўзига оро бериши (кўзи, лаби, қоши ва сочларини бўяши). Ёшларимиз бу каби манфур иллатга чалинмасликлари учун касб-ҳунар ўрганишга жиддий киришмоқликлари шарт. Зеро, "Бизнинг минтақамизда азал-азалдан ҳунармандчилик ривожланган. Тўқимачилик, миллий пойабзал тикиш, кулолчилик, амалий санъат, ганчкорлик, темирчилик, ўймакорлик билан шуғулланадиган кичик-кичик устахона ва дўконлар кўп бўлган”. Албатта, барча безаклар буюмларга берилган. Инсон танасига эмас. 13. Умуман, четдан кириб келаётган ёки ўзимизда пайдо бўлаётган ва кенг тус олаётган ахлоққа зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг барчаси. Жумладан: • дабдабали тўйлар қилиш, • серҳашам уйлар қуриш, • аёлларнинг тўйдан аввалги ва кейинги турли-туман серчиқим янгича тадбирлари, • янги туғилган гўдакни туғруқхонадан дабдаба билан олиб чиқиш, • тўй куни саноқсиз ва қимматбаҳо хориж машиналарида келин-куёвнинг сайрга чиқиши ва ҳоказо. Юқоридаги рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Б) ЗЎРАВОНЛИК. 1. Инсонга етказиладиган ҳар қандай жисмоний, маънавий, руҳий, моддий тазйиқлар. Жумладан, ўзига нисбатан тазйиқ ўтказиш ҳам зўравонлик саналади. Бундай ҳолатлар ҳам кенг авж олиб бормоқда. Масалан, тўда-тўда бўлиб бир кишини (ёки бир неча кишини) дўппослаш. Бундай ҳолатлар кўпроқ ёшлар орасида кузатилади. Яқинда қўшни давлатлардан биридаги қишлоқдаги мактаб ўқувчилари уч киши бўлиб 1та 7-синф ўқувчиси дўппослаб майиб қилганини ва жабрланувчи 1 ҳафтадан сўнг вафот этганини айтишди. Ўша мамлакат ҳукумати эса шу каби воқеалар кўпаётганлигидан хавотир билдирмоқда. 2. Хеппининг (аввалдан режалаштирилмаган, ногаҳонда уюштириладиган «кескин» томошалар, масалан, роял, пианино ёки автомобилларни уриб абжағини чиқариш ёхуд ўт қўйиш орқали ваҳшиёна, оммавий «кўнгил очиш»лар уюштириш). Бу каби воқеалар бизнинг юртимизда деярли кузатилмайди. Лекин "оммавий маданият” маҳсули бўлган фильм ва ўйинларнинг юртимиз сарҳадларидан яшириниб, сездирмай кириб келиши ва уларнинг ёш авлод томонидан қабул қилинишини бизнинг мамлакатимизда ҳам хеппининг бўлишига сабабчи бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу каби ҳолатлар бизда ҳозирча жуда кам. 3. Йўқ жойдан жанжал қўзғаб, ваҳшиёна урушлар уюштириш. 4. Ўзидан заиф бўлган кишиларга куч ишлатиб, уларни бирор бир ножўя хатти-ҳаракатга ундаш ёки мажбурлаш (ёки бирор фойдали хатти-ҳаракат қилишдан қайтариб қолиш) ва бошқалар. Бу каби барча хунрезликлар, зўравонликларнинг асосий сабабчиларидан бири қонли саҳналарга бой компьютер ўйинлари бўлиб, бундай ўйинларга муккасидан кетган ёшлар ҳаётда ҳам ўша ўйинни синаб кўриши натижасида юзага келмоқда. В) ИНДИВИДУАЛИЗМ ВА ЭГОЦЕНТРИЗМ (ўз фикр-ўйлари, манфаатлари доирасида қотиб қолган инсоннинг атроф-муҳит ва одамларга оид ўз билимлари ва ўзгаларга муносабатини ўзгартира олмаслигини билдиради). ИНДИВИДУАЛИЗМ (лот. "individuum”, "individuus” – бўлинмас, ажралмас) шахсий манфаатларни жамият манфаатларидан юқори қўювчи, ёки айрим шахсни жамиятга қарама-қарши қўювчи нуқтаи назар. Ўзи ёки муайян шахсни жамоадан юқори қўйувчи. ЭГОЦЕНТРИЗМ (лот. "еgo” – мен, "centrus” – марказ) манманлик ва худбинликнинг учига чиққан шакли: шахснинг фақат ўз қизиқиш доирасигагина боғланиб қолиши, бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашмай, ўз фикрлари ва шахсиятини юқори қўйиш. 1. Жамият манфаатларини менсимаслик. Ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик ва бошқалар манфаатидан уни устун қўйиш. Масалан, никоҳ куни машиналар карвонини уюштириш одатини ана шундай иллатлардан бири сифатида келтириш мумкин. Чунки биргина куёв ва келин ўз манфаати, кайфу сафоси деб бутун шаҳар йўлларида ҳаракатланаётган йўловчи автоуловларга халақит беради. Тўйлардаги машиналар карвони кундан кунга кенгайиб бормоқда. Бу эса ўзига яраша ноқулайлик ва айрим ҳолатларда фожеаларни келтириб чиқармоқда. Жамият манфаатларини менсимаслик иллатига яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 2. Нигилизм. "Нигилизм” лотинча "Nihil”, яъни "ҳеч нима”, "ҳеч нарса” сўзидан олинган. Нигилизм – жамиятнинг ахлоқий, маънавий норма ва устунлари, тарихий ҳамда маданий қадриятларининг инкор этилиши; умумэътироф этилган, объектив қадриятларга нисбатан мутлақо салбий ҳамда ўта танқидий муносабатда бўлиш; муайян ҳодисага нисбатан бир ёқлама, келишувни рад этган тарз¬да муносабат билдириш; бузғунчилик ғояларини ўзида ифодалаш. 3. Скептицизм. Дунё ҳақида ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига олувчи таълимотлардан бири. Скептицизм – билимдан кўра ҳиссий идрокни устун қўйиш ва шу асосда иш тутиш. Яъни улар билим ва тажрибалар асосида эмас, балки ўзларининг ҳис-туйғулари асосидагина иш кўришни хоҳловчилардир. 4. Цинизм. Беадаблик, уятсизлик, ҳаёсизлик; сурбетлик, орсизлик; қаҳри қаттиқлик, бағри тошлик, шафқатсизлик, раҳмсизлик бераҳмлик, золимлик; такаббурлик, манманлик, димоғдорлик, кибр-ҳаво; бепарволик, эътиборсизлик, лоқайдлик. Беадаблик – асосий мақсад эмас, омадга эришиш воситаси, холос. Зарурат туғилганда ўз принципларидан чекинмаслик оқибатида инсон бир умр азият чекиб, ўз беҳаёлиги эвазига қўлга киритилган эркидан шикоят қилиб ўтиши мумкин. Бундай беадабликлардан бири – йигит кишининг ўзига бино қўйиб, тўйдан аввал бирор қизнинг номусини топташи ёки қиз боланинг ўз номусини топталишига йўл очиб бериши. 5. Вандализм – маданий ёдгорликларни, қадриятларни вахшийларча вайрон, оёқ ости қилиш, йўқотиш; маданиятсизлик, жаҳолат, нодонлик. 6. Бошқаларга бирор хил маълумот бериш жараёнида уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимаслик. "Замонавий информацион хуружларнинг муаллифларида айнан шу каби эгоцентризм кузатилади ва улар ўзларига ўхшаш фақат ўз манфаатинигина кўзлайдиган авлод онгини қамраб олишга ҳаракат қилади” . 7. Ҳар қандай вазиятда ўзини ҳаммадан устун қўйиш, ҳаддан ортиқ манманликка берилиш. Бу иллатни биз халқ орасидаги казо-казоларнинг серчиқим тўй қилиш ва серҳашам уй қуриши жараёнида кузатишимиз мумкин. Тўй қилишганда манманликлари натижаси ўлароқ, оддий одамлар қилиши қийин бўлган янги-янги одатлар қилишади, ноўрин "ҳотамитойлик”лар қилишади. Уй қурганда эса қўни-қўшниларнинг уйидан бир неча баробар баланд ва хашаматли қилишади. Бундай одатларининг бари миллий қадриятлармизга зид бўлиб, одамлар орасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқариши ҳам кузатилмоқда. 8. Шунингдек, эгоцентризмнинг бошқа турларини келтириш мумкин. "Ёш авлодимизни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида гапирганда, нафақат халқимизни улуғлайдиган буюк хусусиятлар айни пайтда унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар хақида ҳам очиқ сўз юритишимиз зарур. Биринчи навбатда худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай халос этиш тўғрисида ўйлашимиз лозим” . Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқорида келтириб ўтилган иллатлар бевосита "оммавий маданият”чиларнинг даромадларига хизмат қилаётган маҳсулотларнинг истеъмоли натижасидир. Яъни биз келтирган барча тушунчаларнинг ўзи бевосита "оммавий маданият” дейилмаса-да, аммо улар "оммавий маданият”нинг маҳсулотлари саналади.

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (04.09.2013)
Просмотров: 1008 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz