Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

Бахтга доялик қилган ғийбат
Бахтга доялик қилган ғийбат
Ҳамидахон кўчадан йиғлаб келган қизининг ғамнок чеҳрасига қараб эзилиб кетди. Юпатай деса, ўзи шундоқ ҳам тўлиб турган қизи уввос солиб йиғлаши аниқ. Индамай ўз ҳолига ҳам ташлаб қўёлмайди. Қайси она жигарбанди ғийбатлардан озорланиб, хўрланиб турганида тек қараб тура оларди?! Куну тунида ҳамроҳи, бу ёлғон, бевафо дунёда суянчиғи, дилкашгина қизини хафа қилган нокасларнинг жазосини Аллоҳнинг ўзи берсин. Ўзи-ку, бахт косасига лаб теккизишга улгурмай бахтсизликнинг тахир сувини ичишга мажбур бўлганди. Энди дунёи дун буни қизида ҳам синаб кўрмоқчими? Одам боласи ўз бошига не кўргулик тушса, чидар экан, аммо дилбандининг, фарзандининг бахти кулмаса, омад қуёши чарақламаса бунга чидаёлмас экан. Ҳамидахон кечадан бери хонасига қамалволиб кўз ёш тўкаётган қизига нима деб таскин беришни билмай боши қотди. Кекса, муштдай бўлиб қолган онасига нима ҳам дерди?! Акалари, келинойилар ўзларидан ортишмайди. Опаси бўлса, ўзига ўхшаб ғийбатчиларни, диёнатсизларни қарғашдан бошқа ишни эпламайди. Синглиси-чи?.. Ёш-да, опамнинг кўнгли оғрийди, деб ҳам ўйламай:
- Опа, Хуршидахонни қачон узатасиз? Йигирма олтига тўлиб қолди-я. Қайнонам икки гапнинг бирида сўрайверади, одамни хижолат қилиб. Катта овсиним билан гап талашиб қолгандик, тап тортмай жиянимнинг узатилмаганини юзимга солди. Сизларнинг дастингиздан менга тинчлик бўладими йўқми?!- деб узиб олди. Ҳамидахон ич-ичидан тўлиб - тошиб келган хўрсиниқни аранг ютиб:
- Жиянингизни сиз билан ўша қайин бўйинларингизга қандай оғирлиги тушибди?! Ўзимни уйимда, бағримда бўлса. Ёмон билан юрмаса, гап-сўз кўпайтирмаса. Худо тақдир қилган бўлса, узатарман, бўлмаса, нима ҳам қилардим. Кечаю кундуз биттагина қизимнинг бахтли тахтли бўлишини илтижо қиламан. Ўзим бир номарддан куйиб кул бўлдим, ҳали ҳануз жароҳатим битмабди. Энди тезроқ узатишим керак, қизим ўтириб қолади, деб боламни ҳам куйдирайми?! Ўзимнинг тақдиримдан сабоқ чиқармай, яна бир ярамни кўпайтирайми? Ўзига муносиби, ҳолатимни тушунадигани харидор бўлиб келса узатаман-да.- деганди. Агар бу миш-мишларни эшитган бўлса Ҳуснидахон — синглиси ҳали-замон шанғиллаб келиши мумкин, ана айтмадимми, энди қайнонам устимдан кулади, овсинларим масхара қилади, деб. Ҳамидахон кўз ёшларини енгининг учига артиб, лабларини тишлади. "Гўрсўхта, нокас! Ҳаммасига сен айбдорсан! Кўз олдимда жазоингни тортиб, шу қизгинамга зор бўлиб ўлмасанг, мен ҳам рози бўлмайман! Сен туфайли, сенинг худо бехабарлигинг сабабли, қизим бугун маломатлар гирдобида қолди. Агар уни ҳимоячиси бўлганида, отаси бўлганида шу кунлар бошига тушмас эди!”.. Аёл ҳўнграб йиғламаслик учун, лабларини янада қаттиқроқ тишлаб, кўзларини юмди. Кўз олдидан кўрган кечирганлари, бошидан ўтган савдолар бир-бир ўтаверди...
Бўй етиб, совчилар сўроғининг навбати унга етгач, кўпчилик ўзбек қизлари каби Ҳамидахон ҳам ота-онаси танлаган йигитга узатиладиган бўлди.  Гарчи қайнона бўлмиш келинни ўзи хоҳлаб, ўзи танлаб ўғлига олиб берган бўлса-да, нима сабабдандир Ҳамидахонни унча хушламасди. Тақдир эканми, юлдузи юлдузи тўғри келмаган эканми, хуллас биринчи фарзандининг қиз туғилиши ўн тўққиз яшар келинчакнинг "айб”и  ҳисобланиб, қайнонанинг буйруғи билан Ҳамидахонга куёви талоқ берди. Бир йилдан кейин етти кунлик чақалоғини қучиб, келинлик сарполарининг оҳори тўкилмаган келинчак яна ота уйига қайтди. "Эр дегани, қайнона-қайнота дегани шу бўлса, энди бу дунёдан тоқ ўтганим бўлсин!” Унинг қалбида ҳеч кимга эшитилмаган ана шу қатъий ҳайқириқ янгарди. Қизалоғини ўзи парвариш қилиб, тарбиялай бошлади. Узатилган қайнсингилларининг бир йилда чақалоқ билан кириб келиши келинойиларга малол келмасин, энди уйимизга бир хўжайин кўпайди, деб ўйлашмасин, деган ўйда катталар қишлоқ аҳолисига уй-жой қуриш учун ер берилаётган томондан бир этаккина жой олиб Ҳамидахонга том тиклашди. Боласи ўсиб, юрадиган бўлгач, уларни шу ерга кўчиришди. Қизчаси кичкиналик пайтида хотин қўйган, хотини ўлган эркаклардан Ҳамидахонни сўраб совчилар келишди. Аёлнинг яраланган юраги бу харидорликни қабул қилмади: "Мен бир марта турмуш қурдим! Унинг жабрини ҳеч қачон унутолмайман! Бошқа овора бўлишмасин!” Кузда пахта-йиғим теримида беш-олти сўм жамғариб бир сигир, иккита қўй олди. Йилдан йилга кўпайиб бир сигири, учта, икки қўйи ўн бештага етди. Ҳамидахон акаларига ҳам, опаси, ота-онасига ҳам зориқмайди. Қайтанга, жигарларига қайишади, қарашади, имкони етганча ёрдам қилади. Қизи мактабни тугатгач, ўқишга қўймоқчи эди унамади. Чеварликка иштиёқи бор экан. Ўқув марказида ўқитмоқчи эди, уни ҳам истамади:
- Аввал яхши бир чеварга шогирд тушай, аяжон. Бироз ўрганиб, қўлим келишгач, ўқув марказида ўқиб  мураккаб сабоқларни ўзлаштирарман.- Шундан кейин маҳалласидаги кўпчилик мақтаган чевар келинчакка шогирдликка берди қизини. Хуршидахон у ўйлаганидан ҳам минг чандон зеҳнли экан, икки ойда тикувчиликка қўли келишадиган бўлиб қолди.  Қўни-қўшни, қариндошларга бир-икки кийимлар тикиб бердию, аллақандай элита деган пардаларнинг тикилишини ўрганаман, эркакларга костюм-шим, аёлларга қишки либослар тикишни ҳам билимши керак, деб шаҳарга машҳур ўқув марказининг вилоятларидаги филиалида ўқиб қайтди. Шундан бери маҳалланинг, ҳатто қўшни маҳаллаларнинг ҳам номдор чевари —Хуршидахон. Дунёнинг бир ками ҳаммавақт ўзини кўрсатиб турганидек, шундай эпчил, чаққон, чиройли, хушхулқ  чевар қизнинг бахти очилай демайди. Аввал  қизни сўраб келган совчилар уларга маъқул келмади; кимнидир оиласи ёқмади, бировнинг зотида касали бор дейишди, яна бирини бойлиги маъқул келмади, хуллас, тақдири очилмади. Энди ёши йигирма бешдан ошганида ажрашган, хотини ўлган эркаклардан келаётган совчиларни мутлақо хоҳлашмаяпти. Бугун маҳалладаги бир-иккита фисқу фасод гапларни тарқатиб юрадиган оғзи шалоқларнинг ғийбатини деб бир ёнда қизи, бир ёнда Ҳамидахон ўртаниб юришибди. Нимаймиш, олмиш бешга кирган, еттита боласи бор, бир дунё неварали  Самад чол, чойхонада  бир тўп эркакларга, раҳматли  Ҳалим миробнинг невараси Ҳамидахоннинг қизига мен харидорман, деган эмиш. Бу гап бутун қишлоққа ўрмалаб, Самад чол Хуршидахонга совчи қўйганмиш, деган миш-мишга айланиб кетибди.  Мақсудахон дастурхончининг уйига пардалари учун дераза ўлчовини олгани борган Хуршидахон  эшикдан йиғлаб келиб, онасига бу гапларни гапирди. Ҳамидахон Мақсуда дастурхончининг танобини тортиш учун уйига бормоқчи бўлди-ю, яна йўлдан қайтди. Бу иши билан баттарроқ кулгига қолмайдими? Одамлар нима дейди? Агар Мақсудахон билан жанжаллашадиган бўлса, унинг оғзида таноб-тарози йўқ, бир зумда ҳамма жойга, Ҳамидахоннинг қизига Самад чолдан совчи борибди, шунга мендан хафа бўлиб, ёқалашгани уйимга келибди, деган бўҳтонни тарқатишдан ҳам тоймайди. Лекин бундай жимгина томоша қилиб туриш ҳам ярамайди. Нимадир қилиш керак. Ахир ёлғиз боши билан шу қизни тишида тишлаб ўстирди, тарбиялади, ҳунарманд қилди. Энди қаердаги бир оғзига кучи етмайдиган, ўзининг эвини қилолмайдиганларнинг туҳмат гапларидан қизгинаси эзилиб, хўрланишини томоша қилиб ўтираверадими?! Йўқ, бунақаси кетмайди! Бунинг бирор иложини қилиш керак! Кўпчиликнинг оғзига тушиб улгурмасидан бу гапларнинг дамини қайтариш керак. Ҳамидахон уст бошини алмаштириб, бошига рўмол ўраб энди кўчага отланган эди, дарвозани таққилатиш учун эндига қўл чўзаётган аёлларга кўзи тушди. Бири тоғора кўтариб, иккинчиси оппоқ дастурхонни тугун қилиб кўтариб олган бу хотинлар - Самад чолнинг тўнғич келини билан қўшни вилоятга узатилган катта қизи эди. Ҳамидахон уларни кўрди-ю, кўз олди қоронғилашиб, юрагига қаттиқ санчиқ ботди. Аёл, "наҳотки... уялмай келавердинглар?..” деди-ю, ўша жойда ҳушидан кетди...
...- Одамлар қачон бунчалик диёнатдан узоқлашиб кетишга улгуришди-а?! Хотинларини хотин десанг, ғийбату бўҳтон тарқатишда эркаклари ҳам, кексалари ҳам бирдай бир-биридан қолишмас экан. Хотинини кўчага чиқариб, бозорга, тижоратга юбориб қўйиб, уйда текин еб ётганидан кейин эркаклар ғийбат қилмай ким қилсин?!- Самад чолнинг қўшни вилоятга узатилган қизи Ҳамидахонни елпиётган онасига қараб, жиғибийрон бўлганча гапирарди.-  Тўғри, онам қазо қилганларидан кейин дадам бошқа уйланмадилар. Акамлар кўп марта бунга ишора қилганларида дадам бояқиш, онангни ўрнини ҳеч ким босолмайди. Майли, сенларнинг хотинингга бир коса овқатим билан иккита киримни ювиш малол келаётган экан, ўзим шу юмушларимни бажариб қўя қоламан. Фақат бошқа менга бу ҳақда гапирмаларинг, деган эдилар. Шу, кичик келин ҳайитда Хуршидахон қизимга бир яктак тиктириб, дадамга совға қилган экан, ўша кийим ёқиб қолиб, шу қизни опангни ўғлига келин қилсакми, ҳарна ўзининг юртидан битта келин туширса яхши бўларди, ёт юртларда ёлғизлиги билинмасди, дебдилар. Кейин маҳалланинг чойхонасида уч-тўрт қариялар билан ўтирганларида, биз Ҳамидахоннинг қизига харидормиз, деб гапирган эканлар. Оғзининг таноби йўқ айрим ножинслар бу гапни бошқача қилиб етказишибди. Уёқда дадамнинг мазалари йўқ, бир муштипарнинг кўнглини оғритдимми деб, кечаю кундуз ўзларига ўлим тилайдилар. Одамларга қачон инсоф битади, ҳайронман...
Хуршидахонни қўшни вилоятга узатишди. Самад чол тўйнинг бошида туриб, кимларнингдир ҳавасини, кимларнингдир ҳасадини келтириб дабдабали тўй қилиб,  Ҳамидахон билан қуда тутинди. Аёл қизини кузатар чоғда, кўзлари ёшга тўлиб, хўрсиниқлар бўғзини тутганида, Самад чол елкасидан тутиб далда бўлди:
- Ҳамида қизим, куйинма, мен қизимдан ваъда олганман, Хуршидахон она қизимнинг кўзидан томчи ёш чиқса, ундан рози бўлмайман. Сен эса, ёлғиз қоламан, деб ўкинма. Келаси йил шу пайтда невара кўрсанг, қизингнинг тўнғич боласи сенинг фарзандинг бўлади. Агар унгача Яратган омонатини олса, бу қизим билан куёвимга, неварамга қиёмат қарз васиятим бўлади!..
Орадан уч йил ўтиб, Ҳамидахон невараси Шоҳрухбекни ўзи билан бирга олиб келди. Аёлнинг кемтик бағри яна тўлиб, осмонида орзу юлдузлари чарақлай бошлади...

Рухшона ФАРРУХ



ДИЛХИРОЖ
- Менга қара, ука, сен ўзи ҳақиқий қўшиқчи бўл­моқчимисан ёки қишлоқдаги тўйларда чиқиб ик­ки- учта ашула айтиш билан кифояланиб юрмоқчимисан? — сўраб қолди поччам бир куни.
- Қўшиқчи бўлмоқчиман, — дедим ва қарорим қатъийлигини билдириш учун шоша- пиша орзуларимни ҳам санаб ташладим. — Катта- катта тўйларни ўтказсам, дейман, байрамларда чиқиб қўшиқларим билан минг- минглаб одамларни қойил қилсам, дейман. Мен ҳам катта санъаткорлардай Тош­кент­га бориб телевизорларга чиқсам, дейман. "Халқлар дўстлиги” саро­йида концерт берсам, дейман.
- "Халқлар дўстлиги”ни қўйиб тур, — деди поччам. — Телевизор, радиога чиқиш ҳам қийин иш эмас. Ўзим ёрдам бераман. Қа­роринг қатъий бўлса ҳаммасига эришасан. Аммо энг қийини тўй. "Халқлар дўстлиги”да концерт берганинг билан, радио- телевидениега ҳар куни чиққанинг билан одамлар тўйига айтмаса бир пулда, ука. Ана, ҳалиги семиз йигит, оти нимайди? Ҳа, ўша. Қа­чон телевизорни қўйсанг шу чиқади. Ҳар байрамда шу чиқади. Аммо бировнинг тўйида кўрдингми? Баракалла! Халқ тан олмаса қи­йин-да, ука.
- Нима қил дейсиз, почча?
- Халққа ёқадиган қў­шиқларни ўрган. Халқ дегани бу фақат жаласойлик дегани эмас. Жаласойни тўйи "Энажон қа­ранг- қа­ранг» билан, нари борса "Ёрам биё” билан ўтади. Аммо туманимизнинг марказига ёки ўўс, Камангарон, Вағашти сингари энг катта қишлоқларига бориб бу қў­шиқ­лар­ни айтсанг уриб ўлдиришади. Улар "Ма­қом”­ни эши­тишади. Қа­димги ашу­­лаларни эшитишади. Ен­гил- елпи ашулаларни эши­­тишмайди. "Му­но­жот”­ни, "Ушшоқ"ни сўрашади. "Куйгай”ни, "Гиря”ни сўрашади. ўўсга борсанг "Бебоқча”ю "Нас­руллойи”ни сўрашади. Саксонга кирган чоллари ҳам сен айтган, телеви­зор­дан тушмайдиган ҳо­физларингдан кўп билади "Мақом”ни. Яхшироқ айтадиям.
- Тўйларида шўх қў­шиқлар айтиб рақсгаям тушишадими ёки фақат мақом эшитишадими?
- Энди, ука, улар санъат деб "Мақом”ни тан олишади. Ўйин- кулгу қилишларига келсак, ўйин- кулгу, базм қилишади. Аёлларининг тўйи алоҳида, эркакларники алоҳида. Тўйда аёллар ўйнамайди. Раққосаям бўл­майди. Эркаклар ашула айтади. Эркаклар ўйнайди. Ашулаям эркакча, рақс ҳам эркакча. Улар қарсак чалиб, ашула айтиб ҳаммани ўйнатиб юборадиган "Бешқарсак” деган ансамблни тузганда ҳозир чет элма- чет эл юрган ансамблларингдаги фолклорчиларингнинг оталари ҳам туғилмаган эди.
- Ҳа, ишқилиб шўх ашула ҳам эшитар экан- ку, — дедим енгил нафас олиб.
- Шўх ашуланинг ҳам ашуласи бор, ука, — деди поччам. — Шўх ашулада ҳам маъно- матра бўлиши керак. "Лазги”нинг сўзларини бир қара, қандай улуғ сўзлар. "Жонон бўламан деб”, "Мус­таҳзод”ларнинг сўзини қа­ра, қандай пурмаъно сўз­лар. Аммо ҳа­қиқий эркаклар ўйнайдиган қўшиқ қайси, айтайми? "Дилхирож”! Ашуланинг эркагиям "Дилхирож”, эркакнинг ашуласиям "Дилхирож”! сўзни қара:
Давр жавридан тану жонимда роҳат қолмади,
Сурати ҳолимда осори фароғат қолмади.
Меҳнату ғам чекмакка минбаъд тоқат қолмади,
Раҳм қил, давлатли султоним, мурувват чоғидур.
Поччам тўйларда санъаткорлардан доим "Дилхирож”ни  сўраши бежиз эмас экан-да. "Дилхирож” куйланган тўйларда поччамнинг эшилиб рақсга тушганлари, "Дил­хирож”ни қо­йил қилиб айтган ҳофизларга чўнтагидаги бор пулини қистириб юборганлари кўз олдимга келди. "Дилхирож” айтганлар ичида Хайрулла Лутфуллаевнигина тан оларди. Ке­йин "Бешқарсак”чиларни, Мажидхонни, Турсунхонни.
"Шуҳратни уйлантирсам Хайрулла Лутфуллаевни олиб келаман, ўшанда кўрасизлар ҳақиқий "Дил­хирож”ни, ўшанда кўрасизлар менинг қандай рақс­га  тушишимни”, дерди суҳбатларда.
- Хуллас, гап шу, мақомдан ўн бешта, Шерали Жў­раевдан йигирмата, Ко­милжон Отаниёзов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовлардан бештадан ашула ёдлайсан. "Дилхи­рож”ни айтиб берасан, бўлди. Ўзим сени тўйларга олиб чиқаман!
* * *
Поччам ваъдасида турди. Мени ўз "имтиҳони”дан ўтказиб олгач, қишлоғимиздаги Қурбон исмли доирачини ва Абдуназар исм­ли гармончини олиб, бир ўртоғиникига тўйга олиб борди. Ўртоғи ҳам, тўйхонадагилар ҳам хурсанд бў­лишди. Поччамнинг ҳам кўнгли тўлди. Биз ҳам хурсанд эдик. Йигирма беш сўмдан пул олганимизга эмас, бизнинг қўшиқларимизни эшитишганига.
Поччамнинг ўртоқлари жудаям кўп эди. Биз кетма-кет тўйларга чиқа бошладик. Кейинчалик хизмат доирамиз кенгайиб, қўшни туманлар, ҳатто бошқа вилоятларга ҳам ҳафталаб тўй­ларга бора бошладик. Менга маза эди, бош­қа ҳофизларга ўхшаб созанда ё раққоса излаб юр­мас эдим. Ҳаммасини поччам ҳал қиларди. Яхшироқ созанда чиқибди, деб эшитса топиб тўйга олиб келарди. Санъати, одоби ёқса биз билан бирга юра­верарди.
Тўй қилувчилар ҳам аксарият ҳолларда поччам билан келишиб, тўй кунини у кишининг ён дафтарига ёздириб кетишаверарди. Қолганини поччамнинг ўзи ҳал қиларди.
Хуллас, тўйларгаям бордик, орада радиога, телевизоргаям чиқдик. "Халқлар дўстлиги”да чиқиш эса армон бўлиб қолди. Ундан бошқа армонлар ҳам кам эмасди.
* * *
Поччам кутилмаганда озиб кета бошлади. Аввалига ўқтин-ўқтин ўқчийдиган поччам кейинчалик овқат еса қайт қиладиган бўлиб қолди.
Самарқанддаги энг номдор касалхонада узоқ даволанди. Ҳар гал борсам касалликдан, дори-дармондан, ҳатто турмуш икир-чикирларидан ҳам деярли гаплашмасдик. Суҳбатларимиз санъат ҳа­қида, қўшиқчилик ҳа­қида бўларди. Улар узоқ, мени ҳамшира чиқариб юборгунича давом этарди.
- Ҳалиги "Тойбола”ни айтган йигит яхши ашула қипти- я, ука, "Ўғил бола” деган. Кеча радиодан эшитдим. Зўр қўшиқ бўп­ти. Одамнинг ўйнагиси келади. Ётган жойимда ўйнадим. Шўх ашула қилсанг ана шунақа қил!
- Раиснинг тўйи эсингдами, — деб қолди бир гал. — Аммо санъаткорларини ёмон уялтирувдим, эсинг­дами? Тошкентдан келган ҳофизи "Дилхирож”ни ай­толмас экан. Уч-тўрт марта бориб "Дилхирож”ни айтинг, ҳофиз, илтимос”, деб пул қистириб келдим. Охири, "Ака, у қўшиқни айтолмайман, билмайман, замонавийроқларидан сў­ранг”, деди. Аччиғим чиқиб кетди. Шартта микрофонни олиб, "Раис бобо, "Дилхирож”ни билмайдиган артистни Тошкентдай жойдан олиб келдингизми? Ундан кўра Қа­ма­риддинни хизматга айтсангиз дуруст эмасмиди”, дедим. Кейин "Э, сизга беш кетмадим”, деб бир даста пулни Тошкентдан келган артистнинг устидан сочиб, тўйхонадан чиқиб кетувдим.
- Аммо сенинг тўйингда яйровдик, — деди поччам пича ўйлаб ётиб. — Шерали ўғлингнинг суннат тўйида ҳофизман дегани келувди. Аммо кеч­қурун "Бешқарсак”­чилар келишди. Ўзиям "Дилхи­рож”ни беш марта айттирдикми, олти марта айт­тирдикми, эсимда йўқ. Ана ўшанда рақсга тушишнинг хуморидан чиққанмиз- а? Кун бўйи чарчаганларимиз ҳам чиқиб кетувди ўшанда. Опангга "Ҳа­қиқий қўшиқ "Дилхирож”, ўйнасанг "Дилхирож”га ўйна”, деб униям ро­са рақс­га туширганман. Бир опкеб видеосини қўйиб берасан-да.
Бир сафар борсам "Уйга олиб кетинглар”, деб қолди.
- Ҳали соғайиб кетмадингизку, — дедим жудаям озиб кетган поччамнинг сўл­ғин юзларига қараб.
- Энди бўлди, — деди поччам. — Ўз уйимда, бола- чақамнинг олдида жон берай.
- Нега унақа дейсиз, нафасингизни иссиқ қи­линг, — дедим хафа бўлиб.
- Ука, хафа бўлишнинг, ғамга ботишнинг ҳожати йўқ. Худога шукр, эркак бўлиб дунёга келдим, эркакдай яшадим. Энди ўлимни ҳам эркакдай қарши олиш керак. Менинг дардим бедаво, келганимдаёқ билганман ошқозоним рак бўл­ганини. Уйга борганда опангга "Поччам рак экан”, деб айтиб қўйма. "Бирор ҳаф­та дам олиб кетгани келди”, деб қўявер. Рак десанг опанг бу ғамни кўтаролмайди.
Поччамни уйга олиб бордик. Кечқурун олдига кираётсам опам енгимдан тортиб тайинлади:
- Тағин поччангга дўх­тирлар "Бу киши рак, тузалмайди, бир ҳафталик умри қолган”, деганини айтиб қўйма. Раклигини билса умидсизликка тушади, бу дарднинг ғамини кўтара олмайди.
Ўшанда ўзимни тутолмадим. Ана ўшанда йиғладим. Узоқ йиғладим. Поччамнинг рак эканига эмас, кўз олдимизда поччамизнинг эриб бораётган шамдек умр нури сўнаётганига ҳам эмас, поччамнинг ўзи билган дардини опамга айтмай уни аяётганига, опам ҳам ҳаммага аён ҳақиқатни эрига айтмай уни ўзича аяётганига йиғладим. "Ол­лоҳ бунча иродани одамзотга қаердан берди” деб йиғладим. "Сўнг­ги нафасларида ҳам опамни авайлаш, аяш  учун поччам кучни қаердан олди”, деб йиғладим. "Меҳр- муҳаббатнинг чеки- чегараси  қаерда”, деб йиғладим.
* * *
"Бир ҳафталик умри қолганмиш”.
Бу гап ҳамма ёққа тар­қалди. Тез тарқалди. Ёшу-қари, эркагу-аёл, қариндошу бегона касални кўр­гани, аслида поччам билан видолашгани кела бошлашди. Зеро, поччам қишлоқнинг эр­каси эди. Уни ҳамма яхши кўрарди. Поччам ҳам элга хизмати сингган йигит эди. Ёшу қарининг хизматини беминнат қиларди.
Оқсоқоллар кенгашди. Мулла Сафар бобонинг гапи жўяли келди. Поччамнинг фотиҳали қизини узатишга қарор қилишди.
"Қиз бола бировнинг омонати. Отасининг кўзи очиқлигида олиб кетишсин. Қизини келинлик либосида кўриб кўнгли хотиржам бўлсин”.
Поччам чиқолмади. Оёғига бош қўйган қизини ётган жойида дуо қилди.
Уч кун ўтиб биз томонда талбон дейиладиган чарларни ҳам ўтказишга қарор қилишди.
"Хурсандчиликларни кўргани ғанимат. Қизиям талбондан кейин эмин-эркин келиб кетаверади”
- Даврани ўзинг олиб борасан, — тайинлади поччам. — Мен ҳақимда кўп гапириб ётма. Опангни мақта. Опанг тилло аёл. Опанг­­нинг ўрнида тош бўл­­са эриб кетарди. Опангни мақтайвер. Ўй­наб кулсин, бечора. Менга қарайвериб сиқилиб кетди ўзиям. Хизматга Қамариддинни чақиринглар, "Дилхи­рож”ни яхши айтади.
Чарлар барибир чарлар-да. Ёшлар ўйин-кулгуни ёқтиришади. Куй-қўшиқ авжида эди…
Оллоҳ поччамга қаердан куч берди, билмайман.
- Мени тўйхонага олиб чиқинглар, — деди поччам. — Қани, қизим қандай келин бўпти?
Икки киши икки ёнидан суяб ёш болани юргизгандек авайлаб озиб, қуруқ суяги қолган поччамни даврага олиб чиқдик. Поччам тўғри келин-куёвнинг рўпарасига борди. Келин ҳам, куёв ҳам поччамга пеш­воз чиқиб таъзим қи­лишди.
- Барака топ, қизим, баракалла, — деди поччам уларга. — Илоё бахтли бў­линглар, қўша қаринглар!
Поччамнинг кўзларидан икки томчи ёш думалади. Балки улар севинч ёшларидир, аммо қараб турганлар буни ўзларича тушундилар. Чекка-чеккадан пиқиллаган йиғи товушлари эшитила бошлади.  Йиғлаганларни кўриб бошқалар ҳам қўшилдилар.
- Тўй тўйдай бўлсин-да, жўралар, — деди поччам. — Қамариддинга айт, "Дилхирож”ни айтсин!
Қамариддин ҳам бир имодан тушунди. "Дилхирож” чалинди. Сўзлари айтила бошлаган дамда "Ме­ни қўйиб юборинглар!”, деди поччам. Биз қўрқиб-қўрқиб қўлларимизни поччамнинг қўлтиғидан олдик. Поччам қўл­ларини кўтарди. Оёқларини "қайчи” қилиб рақс ту­ша бошлади.
Ё қудратингдан! Поччам худди навқирон пайтларидагидек, соппа- соғ вақтларидагидек, тўй-ҳашамларни гулдиратиб юрган дамларидагидек кенг қулоч ёзиб, эркакчасига рақс тушарди.
Қамариддин бир қў­лида микрофон, бир қўли билан кўз ёшларини артиб куйларди:
Ҳосилим барқи ҳаво­дис­дан маломат доғидур,
Маснадим кўйи мало­мат­да фано тупроғидур…
Қайтар дунё экан. Бир вақтлар "Дилхирож”ни қойил қилган ҳофизнинг бошидан бор пулини сочган поччамнинг, "Дилхи­рож”га эркакча қилиб ўйнаган йигитлар бошидан бор пулини сочган поччамнинг бошидан пуллар сочилди, беармон сочилди.
Ана ўшанда ёмон йиғладим.
Ана ўшанда томоғимга бир нарса ёмон тиқилди.
Поччам қизини ва куёвини дуо қилди.
Биз келин-куёвни кузатиб, ичкарига кирдик. Опам поччамнинг бошини тиззалари устида ушлаганча жимгина кўз ёш тўкарди.
Поччам нимтабассум қилиб ётар, у ўзи айтгандек, ўлимни ҳам мардона, яъни, эркакчасига қар­ши олган эди.
                        Оилам.уз. сайтидан
Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (23.04.2013)
Просмотров: 1045 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz