Дилфуза Исмоилова :« Телефонда тарқалган рақсларимдан уялмайман»
Яқинда бир дўстим қўл телефонимга хонанда Дилфуза Исмоилованинг АҚШдаги ватандошларимизнинг тўйида эркаклар даврасида қўшиқ куйлаб, рақс тушаётгани акс этган видеони жўнатиб қолди. Ҳалиги видеони кўриб, очиғи, ҳайратдан ёқа ушладим. Дилфуза Исмоилованинг эркаклар қаршисида ўзбек аёлларига, умуман олганда рисоладагидек аёлларга хос бўлмаган тарзда рақсга тушиши кишининг ғашини келтиради. Газетангизнинг ўтган галги сонларида хонанда Жаҳонгир Отажонов бир тўйдаги ножўя ҳаракатлари учун лицензиясидан маҳрум этилгани ҳақидаги мақолани ўқиган эдим. Хонанда Дилфуза Исмоилованинг бу каби рақслари эса, бир неча йиллардан буён кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлиб келяпти. Унга нисбатан ҳам бирор чора кўрилдими? Равшан Дадабоев, Тошкент Юқоридаги мурожаат эгасининг фикрлари бизни ҳам қизиқтириб қўйди. Ўша видео тасмани эса, синчиклаб томоша қилиб, кўтарилган масалани атрофлича таҳлил қилишга аҳд қилдик. “Яна ўша Дилфуза...” Ёдингизда бўлса, бундан роппа-роса бир йил аввал газетамиз саҳифаларида чоп этилган “Фоторейд” лойиҳасида кўплаб машҳур санъаткорларимиз, бошловчиларимизнинг тўйларда ўзларини қандай тутаётгани, номақбул ҳатти-ҳаракатларию, юзлаб одамлар кўз ўнгидаги одобсизликларини фотосуратлар орқали эътиборингизга ҳавола этгандик. Лойиҳанинг биринчи сонида пойтахтдаги “Гиламсарой” тўйхонасида бўлиб ўтган тўйда хонанда Дилфуза Исмоиловага дуч келганимизни айтиб, унинг тўйга кийиб борган антиқа кийими ва шарқ аёлларига хос бўлмаган рақсларини танқид остига олган эдик. Аммо, мурожаатчимиз бизга тақдим этган видеодан кўриниб турибдики, бу мақоладан Исмоилова тегишли хулоса чиқармаган шекилли. “Шўх қиз”нинг “шўхликлари” Видеода Исмоилованинг калта юбкада эркаклар даврасида “Яккаю ягонанг бўлай” номли қўшиғини куйлаб, рақсга тушаётгани тасвирланган. Атрофда қарсак чалиб рақс тушаётган, ҳуштак чалиб ҳаяжонини беркита олмаётганларнинг ҳайқириғи ва шинавандалар томонидан қистирилаётган АҚШ долларларидан завқланиб кетган хонанда ҳам гоҳ қўлини оёғига уриб, гоҳ у билан рақсга тушаётган йигитнинг бўйинбоғидан тортиб ўйинга тушади. Рақс тасвирлаб беришга андиша йўл қўймайдиган яна шундай ҳолатларга бойки, уни ўқувчига қандай етказиш ҳақида жуда кўп ўйладик. а, “Аёл кишига хос бўлмаган, ҳаракатлар қилди” десак, энг содда таъриф берган бўламиз. Тавба, ўзбек аёлларига хос ибо-хаё санъаткор аёлларимиз учун ёт бўлиб боряптими?! Наҳот “Тошкентнинг шўх қизиман” деб куйлаган хонанда, юқоридаги каби “шўхлик”лари минглаб томошабинлар, тингловчиларнинг эътирозига сабаб бўлаётганини тушуниб етмаса? Аслини олганда, бундай видеоларнинг тарқалиб кетиши билан боғлиқ ҳолатларда хонандалар огоҳлантирилиб, лицензиясидан маҳрум этиларди. Бунга хонандалар Абдулла Қурбонов ва Жаҳонгир Отажонов билан боғлиқ видео тасвирларни мисол тариқасида кўрсатишимиз мумкин. Бироқ, Дилфуза Исмоиловага нисбатан бу видеолавҳалар юзасидан қандай чора кўрилгани ҳақида аниқ маълумот ололмадик. Дилфуза Исмоилова, хонанда: — Қайси видеони назарда тутаётганингизни тушундим. Бу тўй - жиянимнинг тўйи. Тасвирдаги одамларнинг ҳаммаси қариндошларим, ўз яқинларим. Яқинларим даврасида эса, самимий ўйин-кулгу қилганмиз холос. Ва ушбу таасвирларни бировлар эмас, ўзим тарқатганман. Қўшиқнинг сўзларига эътибор берсангиз, унда “Жонингу жанонанг бўлай” деган жумлалар бор. Айни шу сўзларни айтаётганимда юрагимга ишора қилганман холос. Куёвимнинг бўйинбоғидан тортиб рақсга тушганимнинг нимаси ёмон? Тўйларда даврани қиздириш учун мен доим шундай рақсга тушаман. Бу менинг ўзимга хослигим ва мен бундан уялмайман. Ахир, бундан баттар ҳолатлар ҳам учраб турибди- ку? Улар ҳам уялиши керак эмасми? P.S. Шу вақтгача таҳририятимизга мухлислар томонидан Дилфуза Исмоилованинг тўйларда ўзини тутишидан арз этиб, мурожаат қилганлар бўлган. Тарқалган бу тасвир хонандани бироз тартибга чақиришга арзирли асос бўлади деб ўйлаймиз. Бошқа санъаткорлар каби унинг ҳам истеъдодини севадиган, қўшиқларини жўр бўлиб айтадиган мухлислари жуда кўп. Ана шу мухлисларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда хонанда юқоридаги танқидларга очиқ кўз билан қараб, уни тўғри қабул қилса, яхши бўларди. Қ. Шайхов
|