Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

ЭРТАКЧИ ОНАХОН

ЭРТАКЧИ ОНАХОН

БОЛАЛАРНИНГ ЭРТАКЧИ ОНАХОНИ
Астрид ЭРИКСОН 1907 йил жанубий Швециянинг унчалик катта бўлмаган Виммербю шаҳарчасида дунёга келган. Ота-онаси фермер бўлишгани боис, Астрид ҳайвонот олами, табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбия топди. Айниқса, ёш Астрид отларни жуда яхши кўрар, улар билан вақтнинг қандай ўтганини сезмасди. Адибанинг ижодида ҳам бу ҳиссиётлар ёрқин акс этади. 70 йиллардаги болалар адабиётини Астрид Лингреннинг машҳур асарларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ёзувчининг “Узун пайпоқли Пеппи”, “Линнеберглик Эмиле”, “Томда яшовчи Карлсон” каби асарлари нафақат болажонларнинг эмас, катталарнинг ҳам севимли адабиётлари қаторида туради. Унинг асарлари 80 дан ошиқ тилларга таржима қилинган.
Астрид мактабни битиргач, Стокгольмдаги котиблар тайёрлаш мактабида таҳсил олади. Китоб ўқиш, эртаклар эшитишни ёқтирса-да, вақти келиб ўзи ҳам ижод қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган эди.
Оила қургач, янги шароит уни уй бекаси бўлишга кўндиради. Эрининг “Лингрен” фамилиясига ўтади ва шу фамилия билан шуҳрат қозонади. Фарзандлари Ларс ва Кариннинг тарбиясига катта эътибор қаратади.
Унинг биринчи машҳур эртагининг дунёга келиши тасодифдек туюлади. Бу асар “Узун пайпоқли Пеппи” эртаги бўлиб, қизи Каринга атаб ёзилганди. Карин етти ёшга тўлганида оғир хасталикка чалиниб, бир неча ой тўшакка михланиб қолади. Ҳар куни кечқурун Карин онасидан нимадир айтиб беришини сўрарди. Асртид онасидан, танишларидан эшитган, ўқиган эртакларни гапириб берарди.
“Бир куни Карин мендан Пеппи ҳақида эртак айтиб беришимни сўради. Мен у кимлигини ҳам сўрамай, қизиқ-қизиқ воқеаларни бир-бирига улаб эртак тўқий бошладим. Бу воқеалар унинг ғаройиб исмига мос бўлиб, ўз-ўзидан миямга қуюлиб керарди,” – дейди Астрид. Бу эртаклар қизининг соғайиб кетишига ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги умид Астирдни янаям руҳлантирар, илҳом бахш этарди.
Қор ёғиб, йўллар яхмалак бўлган кунларнинг бирида Астрид кўчага чиқиб йиқилиб тушади. Оёғидан оғир жароҳат олган Астрид анчагача юролмай, уйида
ўтиришига тўғри келади. Ўшанда у қизига гапириб берган Пеппи ҳақидаги асарини жамлаб, китоб қилишга киришади. Янги воқеалар билан бойитилган, таҳрирдан
чиққан бу эртакни Астрид қизи 10 ёшга тўлганида унга совға қилади. Шундай тарзда машҳур “Узун пайпоқли Пеппи” асари дунёга келади.
Қизи Карин соғайиб кетгач, Карлсон деган қаҳрамон ҳақида ҳам ёзиш учун ҳам онасига ғоя беради. “У тўладан келган, учиб юрувчи кичкина одамча,” – дейди Карин. Қизининг тасвирлари Астриднинг “Томда яшовчи Карлсон” асарига кўчади.
Астрид кетма-кет ажойиб асарлар ёза бошлайди. “Мио, болагинам Мио”, “Линнеберглик Эмиле”, “Калле Блюмквист ва Расмус” каби асарлари шулар жумласидандир.
Астрид илк асарларини илк бор нашриётлар қучоқ очиб қаршиламайдилар. Чунки унинг асарларида чўрткесар, адолатпарвар, ҳақиқат учун курашувчан ва ерга урса осмонга сапчийдиган қаҳрамонлар эди. Ўша даврларда бу фазилатлар акс этган асарлар болалар учун зарарли, деб ҳисоблашган. Қаҳрамонларнинг ҳатти-ҳаракатлари Швеция қонунларига зид келарди. Болалар маълум қоидалар асосида тарбияланарди. Аммо орадан вақт ўтгач, мутахассислар болаларни бироз эркинлик руҳида тарбиялаш кераклигини таъкидлашди. Эркинлик болаларда мустақил фикрлаш ҳиссини уйғотишини исботлаб беришди. Шундан кейин ёзувчи Астрид асарлари нашр этила бошланди. Ҳайратланарлиси шундаки, Астриднинг асарлари кино, театр томошаси ва мультфилмбоп “хом-ашё”. Асарлари саҳналаштирилгач, миллионлаб томошабинларнинг меҳрини қозонарди. Унинг асарлари асосида 17 та фильм суратга олинган. Ҳозирда бу фильмлар швед киноклассикаси дурдоналаридан саналади.
1945 йил Астридга “Рабен ва Шёрген” болалар нашриётида муҳаррирлик лавозимини таклиф қилишди. У бу таклифни қабул қилди. Нашриётда 1970 йилга қадар фаолият кўрсатиб, ўз хоҳиши билан нафақага чиқди. У адабий жараёнда жуда катта даромад топган ёзувчилардан бири ҳисобланади. Сотувга чиқарилган китоблар, телетомошалар, ўзи ижро этган қўшиқлар аудео ва видеокассеталар, компакт дискларга кўчирилган кинофильмлар эвазига топган маблағи Астридни сира ҳам
гангитиб қўймади. Шунинг учун ҳам у умрининг охиригача ўз турмуш тарзини ўзгартиргани йўқ. Бойлик тўпламади, топганини муҳтожларга улашди. Ҳашаматсиз, оддийгина уйда камтарона ҳаёт кечирди. Унинг хонадонига истаган инсон меҳмонга бориши, учрашиб суҳбатлашиб келиши мумкин эди.
Мақоламиз бошида Астриднинг ҳайвонот оламига бўлган меҳри ҳақида гап борган эди. Ёзувчи 80 йилларда Швециянинг айрим ҳудудларида ҳайвонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётган фермерлар ҳақида эшитгач, дарҳол зарур чоралар кўришга киришади. 88 ёшли Астрид Швециянинг йирик газеталарининг бирига ҳайвонлар ҳам тирик жонзод, уларнинг ҳам ҳис-туйғулари борлиги ҳақида куюниб очиқ хат ёзади. Хат билан бирга кичик бир эртак ҳам жўнатади. Эртак хўжайнининг қўпол ҳаракатларидан безган, қийналаган сигир ҳақида эди. Ҳайвонларни ҳимоялаш бўйича фаолият юритувчи ташкилотлар уч йил давомида Астриддан шу руҳдаги мактублар олиб туришади. 1988 йилда Швецияда ҳайвонлар ҳимояси тўғрисида янги қарор қабул қилади. Бу қарорни “Lex Lingren”, яъни Лингрен қонуни деб номлашади.
Болаларнинг севимли эртакчи онахони Астрид Лингрен 95 ёшида дунёдан кўз юмди. Унинг хотирасига Швецияда ҳайкал ўрнатилди. Ҳаётий қарашларидаги янгиликлар учун бир неча бор турли даражадаги мукофотларга, жумладан 1958 йил адиба Ханс Кристиана Андерсон медали билан тақдирланди.
Нилуфар САПАЕВА тайёрлади.

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (27.09.2015)
Просмотров: 769 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz