Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

Эртаклар қаёққа етаклаяпти?

Эртаклар қаёққа етаклаяпти?

E-mailБосмаPDF

Келинига тегишмоқчи бўлган бой, уйланиш мақсадида зўрлаб олиб қочилган қиз ҳамда ҳар оқшом бузуқ одамлар билан бўлмағур ишлар қиладиган келинчак ҳақида энг ёш китобхонлар учун эртаклар

 

Оппоқ кўйлакка теккан кичик бир доғ ҳам жуда хунук кўринади. Уни кетказиш анча мушкул. Нима бўлганида ҳам уни сув билан кетказиш мумкин. Аммо болаларнинг беғубор қалбига ин қурган зарарли тушунчалар-чи? Улардан қандай қутулиш мумкин?

Бугун маиший-ижтимоий ҳаётимизда бот-бот учраб турадиган айрим зарарли тушунчалар халқнинг турмуш тутумига қаердан кириб қолган-у, нега бунчалик қаттиқ ўрнашиб олганини билмай ҳалакмиз. Уларнинг бари беҳуда, уйдирма ва асли йўқ нарсалар эканини ҳаммамиз яхши биламиз, бироқ уларни ҳаётимиздан чиқариб ташлашга келганда йиллар давомида ҳаракат қиламиз. Уларни тартибга солиш учун ҳатто қонунлар ишлаб чиқилган. Лекин ҳаётимизга чирмовуқ каби ўралиб олган баъзи иллатлардан ҳали-ҳануз қутула олганимиз йўқ.

Макр-ҳийла ва найранг, уятсизлик, қотиллик, зўравонлик, ёвузлик, ўғрилик, хиёнат, сеҳргарлик каби иллатларни, аввало, болалар ўй-хаёли ва қалбидан йироқ тута олсак, масалага бир қадар тўғри ёндашган бўламиз.

Ўғриланган чақалоқни эрга бериш

Даниялик эртакчи Ханс Христиан Андерсеннинг «Дьюмчахон» эртагининг бош қаҳрамони — эльф. «Эльф» дегани қадимги Скандинавия асотирларига кўра, руҳ ёки пари каби афсонавий махлуқ эмиш. Хуллас, бефарзанд аёлнинг уйидаги гултувакка экилган дон гулидан пайдо бўлган ўша махлуқ — Дьюмчахон исмли қизча. Жажжигина қизча беланчакда ухлаб ётганида бақа келиб: «Бунча яхши! Ўғлимга муносиб хотин топилди», деб ўғирлаб кетади. Ўз қароргоҳига олиб боргач: «Мана бу — менинг ўғлим! У сенинг эринг бўлади! Иккала­нгиз бизникида, қурбақасаллалар оғушида маза қилиб яшайсизлар», — дейди.

Эртакдаги жажжигина қизчани беланчакда ухлаб ётган жойидан ўғирлаб кетиб, уни мажбуран эрга тегишга ундаш энг ёш китобхонлар ҳисобланган болалар учун нима беради? Эртак давомида Дьюмчахоннинг ўзи хоҳламаса-да, бадавлат ва ўқимишли қўрсичқонга унаштирилиши, ўзи яхши кўрган қалдирғочни ҳеч кимга сездирмай ўпиб олиши-ю, у билан қочиб кетиши ҳам баён қилинганига эса ортиқча изоҳнинг ўзи йўқ.

Рус халқ эртаги — «Бўғирсоқ»да бош қаҳрамон зериккани учун уйдан кетиб қолгач, ёвуз ва ваҳший ҳайвонлар чангалида нобуд бўлади. Бу эртак болада: «Зерикканда ҳеч кимга айтмасдан уйдан кетиб қолиш мумкин экан-да», деган хулоса пайдо қилмаслигига кафолат йўқ. Қолаверса, болалар меҳр қўйган қаҳрамонга ҳайвонлар қўрқинчли бир ҳолатда еб қўйишини айтиб таҳдид қилса, бу уларда қандай таассурот қолдиради?

«Ҳаммамиз мана шундай эртакларни ўқиб катта бўлганмиз. Бу эртакнинг болалар учун ҳеч бир хавфли томони йўқ», дейдиганлар бундай эртакларни айни юқорида тилга олинган жиҳатлари учун русларнинг ўзи аллақачон таъқиқлаб қўйганини билишармикан?

Болалар учун... маст қилувчи ичимликлар

«Дьюмчахон» ва «Бўғирсоқ» бизнинг миллийлигимиз, маънавиятимиз ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларимизга мос бўлмаган хориж эртаклари экан, хўш,  бу борада миллий эртакларимизнинг аҳволи қандай? Шу саволга жавоб топиш учун ўттиз тўртта эртак билан танишиб чиқиб, улар ҳам хорижникидан асло кам эмаслигига гувоҳ бўлдик.

«Янги аср авлоди» нашриётида 2015 йилда чоп этилган «Уч оғайни ботирлар» китоби аннотациясида шундай дейилган:

«Севимли болажоним учун эртаклар» рукнидаги серияли китобларимизда ўзбек халқ ижодиётидан саралаб олинган эртаклар киритилган. Миллатимизнинг бой маданий мероси, инсоний фазилатлари ва келажакка ишончи акс эттирилган ушбу эртаклар тўғриликнинг фазилати, эгриликнинг оқибати, яхшиликнинг қудрати-ю ёмонликнинг касридан тўғри хулоса чиқаришга ундайди...»

Энди китобдаги «бой маданий меросимиз»нинг айрим сатрлари билан танишайлик.

Эртакларда маст қилувчи ичимликлар ҳақидаги ажабтовур гаплар учрашига нима дейсиз? Мазкур китобчадан ўрин олган «Мушук, ит ва сичқон» эртагида сархуш девлар қўрғонини ҳийла билан ишғол қилган қаҳрамонлар ўз хурсандчилигини «озгина-озгина шаробдан ичиб» нишонлашади.

«Қилич ботир» эртагида қирқ кеча-ю кундуз тўй қилиб, бировнинг хотинига уйланаётган подшо ўз аскарлари билан тўй боисидан сархуш бўлиб, асир тушгани баён қилинган.

Ичимлик ичиб, сармаст бўлиш қачондан бери севимли болажонларимизга «миллатимизнинг бой маданий мероси» тарзида тақдим этиладиган бўлди? Вояга етмаганлар орасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарғиб қилмаслик ва сотмаслик ҳақида алоҳида қонун ҳам борлигини наҳотки эсдан чиқарган бўлсак?

Келинига тегишмоқчи бўлган бой

Республика болалар кутубхонасининг расмий сайти www.kitob.uz га жойлаштирилган «Туҳматга учраган келин» эртаги янада ҳайратланарли.

«Boy esa, kelindan ko‘z uzmay, unga qo‘lini cho‘zib tegishmoqchi bo‘lgan ekan, kelin jahl bilan yonida turgan oftobani olib boyning boshiga otibdi».

…«Keyin boy podshoga borib arz qilibdi:

— Uning xotini yaramas, buzuq odamlarni uyiga yig‘ib, har oqshom bo‘lmagan ishlar bilan shug‘ullanadi...»

«Bir kun kelin suvga chiqqanda, xizmatkor unga qo‘l uzatib tegishibdi...»

Эртакда подшо амри билан келиннинг устига тош тўкиб, тириклай кўмиб ташлашгани ҳам тилга олинган. Бундай даҳшат ва ахлоқий бузуқликлар орасидан тегишли хулоса чиқариб олиш бола шуури учун муносибмикан?

Шундай эртакларни ўқиб вояга етаётган болалардан бири — Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги мактаб ўқувчиси ушбу сайтда ёзиб қолдирган «Баҳром ва Гулжамол» эртагида қуйидагиларни ўқиймиз:

«Подшоҳнинг ўғли Гулжамолни бир кўришда ёқтириб қолибди. Подшоҳ бундан ғазабланиб, «Ўғлим, улар камбағал, қиз сенинг тенгинг эмас», дебди. Шаҳзода жуда хафа бўлиб: «Мен уйлансам, шу қизга уйланаман», дебди ва кўкрагини захга бериб ётиб олибди. Бир неча кун ҳеч ким билан гаплашмабди ва ҳатто овқат ҳам емабди...»

Шу каби эртакларни ўқиб катта бўлаётган болаларнинг турмуш қуришга, оилага ўзбошимчалик билан енгил-елпи ёндашишлари аслида қаердан келиб чиқаётганини илғаш қийин эмас.

«Зиёд ботир» эртагида Султоннинг қизи «Қамархон зимдан Зиёд ботирга кўнгил қўйиб, ичида: «Агар отам мени эрга берса, шунга берса», деб юрар экан»...

Қиз боланинг эрга тегиш ҳақидаги ўй-хаёлларини бу қадар очиқ баён қилиш бизнинг минг йиллик урф-одатларимизга муносибмикан? Ахир, турмушга узатишдан олдин никоҳ ўқиётганда қиз бу никоҳга чин дилдан рози бўлса ҳам, ҳис-туйғуларини ифода этишга ҳаё қилганидан индамай ўтириши бизда ҳам шаръий йўриқ, ҳам миллий урф-одатларимизнинг энг нафис намунаси эмасми?  Камсуқумлик, назокат, латофат кабилар ўзбек қизларининг бор жозибасини намоён этадиган энг қадрли фазилатлар эмасми?

Бугун фарзандидаги беҳаёлик, жангарилик каби иллатлар қаердан пайдо бўлаётгани ҳар бир ота-онани ташвишлантириши табиий. Болалар китобда кўрган, ўқиган эртак қаҳрамонларининг суратларига кўр-кўрона тақлид қилиб, улардан таъсирланиб, андоза олиши билан боғлиқ хатарлар яна бир алоҳида мавзу.

Акс таъсир кучлироқ бўлади

Муҳайё РОЗИҚОВА, психолог:

— Бола аслида акс таъсирдан кўпроқ «сабоқ олиши»га унчалик эътибор бермаймиз. Масалан, эртакда «Ўғрилик қилган боланинг қўлини чопиб ташлашибди», деган ғоя орқали болани ўғрилик қилмасликка, унинг охири ҳалокатли бўлишига ундамоқчи бўламиз. Лекин бола, аввало, акс таъсирни биринчи ўринга чиқаради ва унда «қўлни чопиш мумкин экан», деган фикр пайдо бўлади. Қотиллик, зўравонлик, ёвузлик, севги-муҳаббат, ўғрилик, хиёнат, сеҳргарлик сингари ғояларнинг эртакларда, бирровга бўлса-да, талқин қилиниши агар бола шууридан тўғри ўрин олмаса, салбий натижа бериши турган гап.

Болаларга мўлжалланган эртакларда севги-муҳаббат билан боғлиқ мавзулар учраши ҳали ўсмирлик бўсағасига ҳам қадам қўймаган ўқувчига кучли таъсир қилади. Эртак­лардаги сеҳр-жоду ҳақидаги тасаввурий тушунчалар, мураккаб хаёлий тўқималар ақли ҳали моддий оламни ҳам тўлиқ идрок этолмаган боланинг хаёл ва ҳаётийликни чалкаштириб юборишига сабаб бўлади. Ёқтирган қаҳрамонини ёвуз маҳлуқ тинимсиз таъқиб қилиб юриши бола ҳаловатига соя солади...

Назаримда, болани китобхон қилишдан олдин бу каби саволларни, аввало,  катталар яхшилаб ўйлаб кўриши зарур.

 Бузғунчиликка пойдевор

Бугунги глобаллашув даврида дунёнинг қайсидир бир бурчагидаги ахлоқсизлик, маънавиятсизлик каби инсонийликка зид ғояларнинг бизга таъсир ўтказишидан хавотирланамиз. Фарзандларимиз уларнинг кўринмас тўрига тушиб қолиши эҳтимоли ҳаммамизни жиддий ташвишга солади. Лекин ўзимизда нашр этилган, тарғиб қилинаётган ва оиламиз даврасига кириб келаётган айрим эртак китоблардаги юқоридаги каби ҳолатлар олдида ўзимизни қандай оқлай оламиз? Йўл қўйилаётган бундай ҳолатларнинг олдини олишга ким масъул?  Ахир, бола тасаввурига кириб қолган энг кичик нотўғри фикр ҳам эртага катта бузғунчиликларга пойдевор бўлиши эҳтимолдан холи эмас!

Абдулкарим АВАЗБЕКОВ

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (27.09.2015)
Просмотров: 859 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz