Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

ҚИШЛОҚДАГИ БУВИЖОНИМ
Динора Раҳимова. ҚИШЛОҚДАГИ БУВИЖОНИМ
ЖАЖЖИ АСАР ҲАҚИДА СЎЗ
Сўнгги пайтлар бадиий ижодга ҳавасмандлар жуда кўпайди. Улар таҳририятларга қисиниб-қимтиниб эмас, далли-ғулли кириб келишади.
"Менинг асаримни чоп этинглар,” – дейишади қўлёзмаларини стол устига намойишкорона ташлаб.
Ҳа, улар ҳеч бир иккиланмай шундай талаб қилишади. Бу навниҳол ижодкорларнинг мардона, нописанд иддаоларидан кўнглимизда бир иштибоҳ ке­чади: "Тузук нарса қоралаган кўринади…” Аста қўл­ёзмани варақлашга тутинамиз, ва…кўрамизки, бадииятдан хийла узоқ, жўн ва саёз битиклар. Энг ёмони ҳақиқатдан йироқ, сохта баёнчиликка лиммо-лим…
"Йўқ, бу воқеалар ҳаётда чиндан ҳам бўлган”, – дея бизни енгмоқчи бўлади мурғак муаллифлар.
Кўнамиз. Бош ирғаб қўямиз.
Мана, бугун иқтидорли қаламкаш Динора Раҳимованинг "Қишлоқдаги бувижоним” асарини ўқиб чиқарканман, кўнглим ногоҳ ёришди. Қизимизнинг қалами анча чархланган. Нигоҳлари тийран. Воқеликни файласуфона кузатишга уринади. Энг муҳими, ҳаётни, айниқса, ўзи қаламга олаётган қаҳрамонлар турмуш тарзини, кечинмаларини яхши билади. Тасвирларни тиниқ ва жонли беришга уринади. Масалан, асарнинг илк сатрларидаёқ қуйидагича чизгиларга дуч келамиз:”Қуёш биз билан ким ўзарга мусобақалашади. Дарахтлар орасидан кўз қисиб-кўз қисиб ўтаяпти.”
"Қишлоқдаги бувижоним” Диноранинг илк насрий асари. Унда болаларга хос ўта содда, жўнроқ ўринлар ҳам учрайди. Лекин бу ўқувчига сира малол келмайди. Чунки тасвирлар самимий ва ҳароратли. Ўқувчини беихтиёр ўз измига олади.
Динора Раҳимовани ана шу самимият, ҳарорат асло тарк этмасин деймиз.
Луқмон БЎРИХОН
ҚИШЛОҚДАГИ БУВИЖОНИМ
Қисса
ҚИШЛОҚҚА КЕЛДИК
Тоғлар орасида кетаётган бўлсак ҳам, ҳаво иссиқ. Дадам машина ойнасини очиб олган. Шаббода фақат дадамгагина хос бўлган ёқимли ҳидларни менга илиниб ўтади.
– Дадажон, тезроқ юрайлик, – дедим.
– Ростдан ҳам, тезроқ юрақолайлик. Майлими? – Орқадаги икки ўриндиқ орасидан дадамга мўралаб илтимос қилди укам Абдусалим ҳам.
– Бундан тез юриш мумкинмас-да, болалар, – деди дадам пешонасига яқин турган кўзгу орқали бизга қараб.
– Эй нима бўпти, юраверайлик, – деди укам қай­сарлиги тутиб.
– Йўлда милиция тўхтатса нима қиламиз?
– Тўхтамаймиз, – укамнинг бунақа кутилмаган жавоблари дадамни доим қийнаб қўяди.
Қуёш биз билан ким ўзарга мусобақалашади. Дарахтлар орқасидан кўз қисиб-кўз қисиб ўтаяпти. Йўлга чиққанимиздан бери икки-уч мартагина орқада қолди, холос. Шундаям бирпасда олдинга ўтиб олаверди.
– Эсиз, дадам яна сал тезроқ юрганда эди, қуёш аллақачон орқада қолиб кетарди. Кичкиналар доим катталарни айтганини қилиши керак. Нега катталар кичкиналарнинг сўзини қилмайди? – деди Абдусалим.
Оқланган, пастаккина, лой деворли уйларни қаерда кўрмай биринчи бўлиб қишлоғимиз ёдимга келади. Мана ўша уйлар. Баҳор фаслида томида ло­лақизғалдоқлар ўсади. Тишим тушганда шу томлардан биттасига ташлагандим. Яна битта тишим тушди. Уни эҳтиётлаб, қишлоққа олиб келяпман. Чунки Тошкентдаги томларга отсам, тишим ўзимга яна қайтиб тушади-да. Яна-чи, биз томонда шамол жудаям кўп ва қаттиқ бўлади. Шунинг учун "тентак шамол” дейишар экан. Ўшанақа пайтларда забардаст, учи кўринмайдиган узун-узун тераклар ҳам бир-бирига суяниб, ваҳимали, ғув-ғув овоз чиқариб тебранади. Шамол секинлаганда омон қолганидан қувонса керак, барглар қарсак чалади. Дадамнинг бошқа вилоятдаги бир дўстиникига меҳмонга борганимизда, уйи ёнидаги тераклар тебраниб шунақа қарсак чалганди. Ўшанда Абдусалим қишлоғимизнинг овози келяпти, деган. Чиндан ҳам бу товушлар қишлоғимизнинг овози. Бу ерда кўп одамлар велосипедда юради. Қишлоқ кўчаларидан мол-қўйларнинг мараши-ю, итларнинг ҳуришига қўшилиб, узоқ-яқиндаги тракторларнинг овози эшитилади. Яна тошли йўлаклардан ўтаёган сигир-бузоқларнинг арқонига уланган, уларнинг ортидан жаранг-журунг қилиб судраладиган қозиқларнинг ҳам ўйноқи товуши янграйди. Агар билсангиз, бу ҳам қишлоғимизнинг овози. Иссиқ ноннинг, янги ўрилган ўтнинг, тандирда ёнаётган ўтиннинг, райҳоннинг, сув сепилган ернинг ҳиди – бу қишлоғимизнинг ҳиди. Ана, судралаётган қозиқнинг товуши келяпти.
Ярим йўлдан буёғига умуман гапирмасдан, дадамдан хафа бўлиб келаётган Абдусалимга атроф таниш кўриниб қолди.
– Ийи, келдикми, дада? – деди бирпасда арази эсдан чиқиб.
– Ҳа, келдик.
Машина тўхтар-тўхтамас, ундан отилиб тушдигу ичкарига югурдик: "Бувижон, биз келдик”.
Остонада турган бувим шошганидан калишини тополмай, "Вой бувинг жонингдан, ўзим ўргилай, менинг оталарим кепти-ю” деганча, ҳовлига махсиси билан чиқиб қўяқолди. Бизни бағрларига олиб, юзларимиздан, пешонамиздан ўпди.
– Бувижон, мен сизни иккита кўзим билан соғиндим? – дея мақтанганнамо, чўзилиб гапирдим.
– Ўзим айланай. Кел, шу иккита кўзларингдан ҳам ўпиб қўяй, – бувижоним мени эркалаб суйганида укам қараб турмасди. Бу сафар ҳам шундай бўлди:
– Бувижон, қаранг, мен сизни бунча, бунча, бунча кўзим билан соғиндим, – деди ўнта бармоғини бир неча марта ёйиб, йиғиб кўрсатар экан.
– Бувинг ўргилсин, гиргиттонларим, бувинг ўргилсин.
Ёз барибир яхши. Айниқса қишлоқнинг ёзи. Бизга роса маза бўлади-да. Дастурхондаги тайёр мевалар қолиб, дарахтдагисини териб еймиз. Бувим уришадилар-у, лекин биламан, улар бундан хафа бўлмайдилар. Чунки бизни ўзлари жилмайиб томоша қилиб ўтирадилар-да. Амакимизнинг ўғли Ҳикматилла мен билан тенгқур. Иккимиз ҳам иккинчи синфни битирдик. Укам Абдусалим беш ёшда. Уч оғайни ботирлар бир бўлсак борми, дунёнинг ғайратини ҳам, қувончини ҳам битта ўйинимизга тенглаштира олмайсиз.
ҚУЛОҚ ЧЎЗМА ЎЙНАДИК
– Болалар, тўйга чиқасизларми? Орқа кўчадаги қўшниникида тўй бўляпти, – бувимнинг таклифи билан Ҳикматилла бошчилигида бир бўлиб орқа кўчага, тўйга чиқиб кетаётгандик:
– Қулоқ чўзма ўйнаманглар тағин, – дедилар бувим.
– Ҳикматилла, тўйга ростдан ҳам бизни киритаверадими? – деб ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Ҳа, – деди жилмайиб Ҳикматилла.
– Бизни танимасаямми?
– Ҳа дедим-ку.
– Тошкентда тўйга фақат катталар боради-да, ўшанга сўрадим.
– Эй, бизда ҳамма бораверади, қара, – тўйхона дарвозасига яқинлашган Ҳикматилланинг кўзи болаларни атрофига тўплаб, тугилган рўмолчани қўлида баланд кўтариб гапираётган, қорни катта амакига тушган заҳоти "ўйин бошланибди-ю, юринглар тезроқ” деганча давра томонга югуриб кетди. Қишлоқда шунчалик кўп бола бор экан-да. Абдусалим иккимиз ўйнаётганларни четдан кузатардик.
Қорни катта амаки гапини тугатиб, қўлидаги рўмолчани отган эди, болалар бир-бирининг устидан ошиб, тугунчани қўлга киритишга ҳаракат қилди. Ана, Ҳикматилла тугунчани олди. Қочаётган эди, битта бақалоқ бола аввал унинг елкасига, кейин қулоқларига осилиб ерга йиқитди. Ҳикматилланинг додлаганини эшитиб, қўрқиб кетдим. Яқинроқ борсам, бечоранинг қулоғини ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа чўзиб айлантириш­япти. Абдусалимга айтиб, амакимни чақиртирмоқчи бўлиб турган эдим, болалар чангга тўлдирган даврадан ҳалиги тугунча отилиб ёнимга тушди. Мен ҳам тугунчани олдимда анча узоққа югуриб кетдим. Тез югураман-да. Жисмоний тарбия дарсларида югуриш бўлса ҳар доим маррага биринчи бўлиб келаман. "Ютдим, ютдим” деб тугунчамни баланд кўтариб, сакрадим. Югуриб келаётган болалар мени табриклашга келяпти деб ўйлаб тургандим, ҳаммаси бир бўлиб қўлимга ташланса бўладими? Менам тугунчамни бермай қаттиқ чангаллаб олдим. "Мен ютгандим-ку, қўйворинглар” дедим алам билан. Ҳикматилла кулиб: "Тугунни олгандан кейин Холмат амакига топшириш керак эди,” – деди. Қорни катта амакининг исми Холмат амаки экан. Аммо энди қимирлашнинг умуман иложи йўқ эди. Вой-дод, биттаси мени босиб олиб чунонам қулоғимни бурадики… Менимча, бақалоқ устимга чиқиб олган бўлса керак, нафас ҳам ололмай қолдим. Болалар қулоғимни суғуриб олса ҳудди бойиб қоладигандек, завқ билан тортарди. Охири чидолмадим, тугунчани отвордим. Хайрият, қутулдим-эй. Лекин қулоғим ёмон оғрияпти, филникичалик бўлмасаям анча катталашиб кетган. Ушлаб кўрмоқчи эдим, қулоғим қизиган, ёнаётганга ўхшарди. Қулоқ иссиқ турса, жонга ёқаркан. Сал тезроқ юрворсам қулоғим қимирлаб кетаверар, ёмонам оғрир эди. Қарасам, Абдусалим ҳам болаларга қўшилиб кетибди. Оббо, энди уни қандай ажратиб оламан. Мени ҳолимга тушса нима қилади, бечора. Шу ҳолимда яна даврага қўшилдим. Укамни тортқилаб четга олгандим, йиғлаб берди. "Билганингни қил” дедим. Бир адабини есин-чи, "ака, айтганингизни қилсам бўларкан” дейди ҳали. Даврага кириб-кирмай "акааа” деб жонҳолатда югуриб чиқди. Ана айтдим-ку. Лекин қўлида тугунча бор экан. Болалар яқинлашганда тугунчани менга оширди. Яна ўша ҳолат. Ҳаммаси устимга бостириб келяпти. Қўрқиб кетдим. Шу пайт қорни катта амакига яқин турган Абдусалимга тугунни қайтардим. У эса Холмат амакининг қўлига шундоққина тутқизди-қўйди.
– Яшавор, йигитча, кимнинг ўғлисан, танимай ту­рибман, – деди Холмат амаки. Саволга Абдусалим қо­либ болалар жавоб беришди:
– Тошкентдан кепти.
– Ҳикматилланинг амакиваччаси экан.
– Ҳа яхши, қани бери кел-чи. Бу ўйинни олдин ҳам ўйнаганмисан? – деди амаки Абдусалимга.
– Йўқ, бугун биринчи марта ўйнадим.
– Қойилман, қандай қилиб биринчи ўйинданоқ ғолиб бўлдинг? – Холмат амаки кўзлари янаям порлаб сўради.
– Акам ёрдам бердилар. Улар жудаям яхши, – Абдусалимнинг сўзини эшитиб, укамни ҳар доимгидан кўпроқ яхши кўриб кетдим. Холмат амаки укамга тугунча ичидаги мукофот пулини бераётганда ҳамма қарсак чалиб олқишлади. Менга ўхшаб шалпангқулоққа айланганлар эса номигагина қўлини қўлига теккизиб, ўзини қарсак чалаётгандек кўрсатар эди. Уларни ҳам қулоғи қимирлаганда оғриётган бўлса керак-да. Ўйин тугади.
ДАДАМ СИГИР СОҚҚАН ЭКАН
Тонг отдими ё катталар ҳалиям ухламаганми, англаб-англамай ғовур-ғувур овозлардан уйғондим. Ташқари ним қоронғу, қарасам, соат тўрт бўлибди. Мен тонгги соат тўртни биринчи марта кўришим эди. Бунча барвақт туриб нима қилишар экан булар? Уйқум қочди. Ҳовлига чиқсам, қоп-қоронғида, қўрқмасдан Ҳикматилланинг катта опаси супурги билан челакни кўтариб кўчага чиқиб кетди.
– Бувижон, Мадина опам қаёққа кетяпти? – дедим. Салом бериш ҳам ёдимдан кўтарилиб.
– Яхши дам олдингми, болам? Мадина опанг кўча супургани чиқиб кетди.
– Ҳали қоронғи-ку.
– Бизнинг қишлоқда бу вақтда тонг отган ҳисобланади, болажоним.
– Қўрқмайдиларми?
– Билмасам, сен ёнида турсанг қўрқмаса керак. Яна ёрдамлашиб ҳам турар эдинг. Бор қараб тур, борақол, – дедилар.
Кўчага чиқсам… Одамлар гавжум, чироқ нурларидан ёришган бир кўча. Чиндан ҳам тонг отгандай бўлди. "Шит-шит”, этган супурги товушлари, сувнинг тупроқ йўллакка сочилиши, кўчадан ўтаётган боболарнинг жўр бўлиб қизлар саломига алик олганлари, аликдан сўнг узоқ-узоқ қилган дуолари, тонгга файзни олиб кирган опаларнинг шодон кулгулари, хотирамда тонгнинг энг гўзал ва ягона қиёфаси бўлиб муҳрланиб қолди.
Уйда бувим билан дадам Ҳикматиллани ўрталарига олиб суҳбатлашаётган эканлар.
– Ҳа, ўғлим, нега турибсан? Кел, – дедилар.
– Дада, бу ерда кўча-ҳовлилар ҳар куни шундай супуриладими?
– Ҳа, ҳар куни супурилади.
– Нега?
– Бувижонингдан сўрагин.
– Сиз билмайсизми?
– Нега энди, биламан. Супуришнинг хосияти ҳа­қидаги ривоятларни, бошқа савобли ишлар ҳақида эшитиб катта бўлганмиз ахир. Бувижонинг чиройли қилиб гапириб берадилар-да, – дадам бувимга жилмайиб, "айтиб берасиз-а” дегандай савол назари билан қарадилар.
– Ҳаммаёқ тоза бўлса сенгаям, бошқаларга ҳам ёқади, тўғрими? – дедилар бувим.
– Ҳа, – дедим мен.
– Аллоҳ ҳар тонгда бизга ризқ улашади. Барвақт турган бандаларига эса кўп ризқ беради. Уйқудан жуда кеч уйғонадиганларнинг кунида баракаси бўлмайди, куни баракасиз одамнинг иши ҳам, ризқи ҳам баракасиз бўлади. Барвақт уйғонишнинг хосияти кўп болам.
– Бувижон, мен ҳозир келаман, Абдусалимни уйғотиб чиқай, – деб укамнинг олдига чиқиб кетдим.
– Абдусалим, тургин, бувим зўр нарса гапириб бер­яптилар. Сен ҳам эшитасанми? Тургин, турақол. Жудаям қизиқ экан.
Қизиқ воқеаларни эшитишни хуш кўрадиган укамни бунақа гаплар билан уйғотиш осон эди. Юзини чала ювган укам кўзларини ишқаб, бувимнинг олдига кириб борди.
– Мана бувижон, Абдусалимни ҳам уйғотдим. Энди Худо бугун укамгаям кўп ризқ беради, а? – деб сўрадим.
– Ўзимнинг эси кўп, меҳрибон неварамдан айланай, укангни шунинг учун уйғотдингми? Албатта, беради, – бувим мени қучоқларига олиб, бошимни силади.
– Абдусалимнинг ҳовлиқишидан Ҳикматилла пиқ этиб кулиб юборди.
Бувим ҳам жилмайди.
– Агар оилада қиз ҳам, келин ҳам бўлмаса ҳовлини ким супуради? – деб сўрадим мен.
– Ўғиллар қилади-да, ўғлим. – дедилар дадам. – Амманг чақалоқ эди. Бувинг далага, бобонг ишга кетарди. Амакиларинг билан ҳамма уй ишларини бў­лишиб қилардик.
– Сиз қанақа ишлар қилгансиз?
– Мен ҳар доим ҳар хил иш қилардим. Юмушларни қоғозчаларга алоҳида ёзиб, ўрардик-да, ўртага ташлаб ҳар биттамиз тўрттадан танлардик. Мен доим катта амакингга сигир соғиш тушсин-да деб ният қилардим. Чунки амакинг сигирдан қўрқарди. Мен қўрқмасдим.
– Дада, сиз сигир соғганмисиз? – Ўзим эшитаётганларимга ишонмасдим. Чунки дадамнинг ҳатто ошхонага кирганларини ҳам эслолмайман. Боя келинойим сигирни соғаётганини кўргандим. Уларнинг ўрнига дадамни қўйиб кўрдим. Шунақа кулгим келди. Тасаввур қилдим. Дадам чўнқайиб сигирни соғса-я?!
– Ҳа, соғар эдим. Сигир менга ўрганиб ҳам қолганди. Хаттоки бувинг борса қийнарди, соғдирмасди. Мабодо амакингга шу юмуш тушса менга маза эди. Ҳамма ишимни битта сигир соғишга алмаштириб олардим. Бу қилиғимни бобонг билиб қолиб, қаттиқ танбеҳ берганларидан кейин ташлаганман. Ундан ташқари кирларни ювардик, хамир қилиб нон ёпардик, идиш-товоқларни ювардик, чанг артишми, супуришми, овқат қилишми –ҳамма ишни қилганмиз.
– Вой бў… Мактабга бормаганмисиз?
– Борганмиз. Бу ишлар мактабга кетгунча қи­линарди, ўғлим. Мактабдан келиб яна далага чиқардик. Молларимиз ўтлаётганда, дарахтларнинг соясида ўти­риб китоб ўқиганмиз, – дадам хиёл табассум билан ўйга толиб қолдилар. Ўтган кунларни эслаяптилар, шекилли деб бошқа савол бермадик. Лекин барибир, дадамнинг фартукда идишлар юваётгани, капгир тутганини тасаввур этганимда ўзимни аранг кулгудан тўхтатардим.
Кун ёришгунича кўча ва ҳовли супурилиб, сигир соғилиб, бир тандир нон ёпилиб, кичкиналарга сутли овқат, катталарга қуймоқ пишириб бўлинди. Абдусалим укам барвақт уйғонгани учун "Худодан катта ризқни олдим” деб, кўнглини хотиржам қилиб яна ухлаб қолди.
ДАЛАДА КИТОБ ЎҚИДИК
Мен узоқ изламасдан бир узун таёқ топдим. Ҳикматилла айтди, чўпонларнинг таёғи бўларкан. Қўйларни олдимизга солиб кетаётгандик, Ҳикматилла: "Вой, тўхта” – деди-ю уйга томон югуриб кетди. Мен тўхтадиму, қўйлар тўхтамади-да. Уларга роса ялиндим, йўлини тўсмоқчи бўлдим. Йўлини тўсганим сари мени айланиб ўтиб янаям тезроқ югуриб кета бошлашди. Ўғирлаб кетишмасин деб қўйларнинг орқасидан кетавердим. Ҳикматилла ўзи бизга етиб олди.
– Нимага уйга қайтдинг? – деб сўрагандим қўлидаги китобни кўрсатиб:
– Мана бунга, – деди ҳансираб.
– Нима қиламиз уни?
– Далада ўқиймиз, амаким айтдилар-ку, биз китобни далада ўқиганмиз деб. Биз ҳам далада ўқиб кўрайлик дедим-да, яхши қилибманми?
– Ҳа, яхши қилибсан. Биласанми, бизни уйимизда компьютер бор. Керакли маълумотларни интернетдан осонгина олиб ўқиймиз. Аввал далага борганингда нима қилардинг?
– Болалар билан копток тепардик ё қувлашмачоқ ўйнардик. Бугун китоб ўқиймиз.
– Бу қанақа китоб ўзи?
– Бобом туғилган кунимга совға қилганлар. Ичида кўп эртаклар бор экан.
– Ўқиб чиққандирсан, қизиқми?
– Ўқимаганман, совға қилинганидан бери жойида туради, ўшанда ўқишни эндигина ўрганиб олгандим. Бобом ўқигин деб кўп марта қистадилар, ўқиб кўрдингми, деб ҳар куни эринмай сўрайверардилар, кейин…. – Ҳикматилла жимиб қолди, "кейин-чи?” деб унга қарадим. Ҳикматилла бошини эгиб яна жим тураверди. Мен ҳам индамадим. Бироз ўтиб:
– Бобом мендан хафа бўлгандирлар-а, Азиз? Совға қилган китобларини ўқимаганимга кетиб қол­дилар, – деди. Бобомнинг вафот этган куни ёдига тушиб қолган экан.
– Сендан хафа бўлганлари учун кетмаганлар, Ҳикматилла. Аям айтганлар, бандаси берилган умрини яшагандан кейин Худо уни олдига чақириб олар экан.
– Ҳикматилла табиатан хушчақчақ бола, бунақа хафа бўлиб туриш унга умуман тўғри келмас экан. Мавзуни ўзргартириб, кайфиятини кўтаришга киришдим.
– Ҳали сен уйга кириб кетаётганингда "тўхтаб тур” дединг-ку. Тўхтайман десам, анаву қўйларинг кетиб қолди. Уларни қайтармоқчийдим, баттар қочди. Сени кутсам, қўйларни биров ўғирлаб кетади деб қўрқдим. – дегандим, хайрият, Ҳикматилланинг юзига табассум югурди:
– Э, улар ақлли, йўлни мендан яхши билишади. Кейин бизнинг қишлоқда ҳали бирорта одамнинг моли ё қўйи ўғирланган эмас.
Дала уйнинг яқинида экан. Борсак, беш-олтита болалар Ҳикматилла айтганидек футбол ўйнаяпти. Дала қирғоғидаги катта ариқнинг шарқираб оқиши, мол-ҳолнинг ердаги майсани қирт-қирт этиб юлгани ҳам эшитиляпти. Бу маскан мен каби болаларни ҳар куни бағрида яйратади. Мен ҳам шу ерларда қолсам эди.
Ҳозиргина биз келган йўлдан Мадина опам Абдусалимни етаклаб келди:
– Нимага мени ташаб кетвординглар? – Абдусалим йиғламсирай бошлаганди, дарров олдига бордим.
– Сен ухлаётган эдинг. Бўлди, нега жаҳлинг чи­қади, уйғонсанг келаверасан деб ташлаб келгандик, тўғрими, Ҳикматилла? – бир кўзимни қисиб Ҳик­ма­тилланинг "ҳа” дейишига ишора қилдим.
– Ҳа, ҳа, укажон. Аканг уйғотайлик деганди, мен ухлаб олсин дедим-да. – Ҳикматилла ҳам уни астойдил юпата кетди. Абдусалимни зўрға йиғидан тўхтатиб қолдик.
– Ийи, ака, бу эшакми? – Укамнинг чеҳраси бир пасда ёришиб кетди.
– Ҳа, укажоним, бу эшак. Ҳув анави бор-ку, кўряпсанми? – Ҳикматилла укамни дала билан таништиришни бошлаб юборди. Унинг саволларига жавоб топаман деб чарчаб қолмаса бўлгани.
– Ҳа, кўрдим.
– У эчки бўлади.
– Олдига борсам майлими?
– Албатта-да.
– У нима ейди? Бодроғим йўқ-да фақат. Биз ҳайвонот боғида айиқларга, маймунларга, яна кўп ҳай­вонларга бодроқ берганмиз.
– У ўт ейди, ма, мана буни берсанг бўлади, – Ҳикматилла баландроқ ўсган бир ўтни юлиб укамга тутқазди.
– Қўрқмагин, ўтнинг бир учини узатиб турсанг ўзи тортиб-тортиб еб олади. Борақол, – Ҳикматилланинг гапи тугамай укам ўша томонга югуриб кетди. Аввалига бироз чўчиди, бир-икки марта ўт бергач, яқинроқ бориб, тумшуғини силади. Шу билан ўша эчкини яхши кўриб қолди. Уйга қайтгунимизча навбат билан Абдусалимга ўт юлиб бериб турдик.
Ҳикматиллани китоб олиб келганини билиб, болалар: "Биз ҳам эшитамиз, овозингни чиқариб ўқи,” – деб қўйишмади. Майсалар устида думалаб ётган болаларга ҳавасим келди. Аям кийимларингни кир қилмагин деб тайинлаган бўлса ҳам, ерга ёнбошлаб олдим. Ўртада ўтирган Ҳикматилла бувимга тақлид қилиб, секингина, майин овозда эртагини бошлади. Биров "миқ” этмади. Эртак тугаркан, қўзғалмай ётган болаларнинг кетма-кет "Вооой зўракан-а?!” деган овозлари янграб кетди.
– Ҳар далага чиққан кунимиз ўқиб берасиз-а энди? – деди Абдусалим тенги бир болакай ялинган оҳангда.
– Ҳа, ҳар куни ўқийман энди, – деди Ҳикматилла қувониб.
– Ҳикматилла, шу китобингни менга бир кунга бериб тур, эртага қайтараман, – сепкил юзли озғинроқ бола китобни ушлаб олди.
– Йўқ, ўзим ўқиб тугатмадим ҳали. Шу ерда тўпланиб ўқийверамиз-да, – деб Ҳикматилла китобни тортди.
– Мен бугуноқ дадамга айтаман. Менгаям олиб берадилар. Мен кетдим уйга, – деб Муродилло деган бола қўй-қўзиларини олдига солиб кетди.
– Мен ҳам олдираман шунақасидан, – деди яна битта бола. Қуёш тиккага келганда, ҳаммамиз уй-уйимизга тарқадик. Ҳикматилла биздан олдин уйга кириб, китобни жойлаб чиқибди.
ЗИЁРАТГА БОРГАНИМИЗ
– Қани, бобонгизни қабрини зиёрат қилишга ким боради?
– Мен, – дедим биринчи бўлиб. Мендан кейин Абдусалим билан Ҳикматилланинг "мен” деган товуши кетма-кет янгради.
– Баракалла, менинг ўғилларим катта бола бўлиб, бобосининг олдига борар экан-да. Чопқиллаб бориб, ювиниб келинглар, дадангиз кутяпти. Бўлақолинглар, – бувим елкамизга қоқиб орқа ҳовлига жўнатдилар. Кейин бир нечта дўппиларни кўтариб чиқиб, ҳамамизга биттадан улашдилар. Кичкина дўппидан иккита экан, холос, Ҳикматиллага етмай қолди. Катта дўппини бошига қўндириб кетаверди. Фақат қўли бошидан тушмай қолди. Тушиб кетмасин деб ушлайверади, ушлайверади.
Дадам билан амаким олдинроқда кетишяпти. Йўлимиздан чиққан ҳамма одам билан саломлашиб ўтишяпти. Биттасиям қолиб кетгани йўқ.
– Дада, уларнинг ҳаммасини танийсизми? – деди укам.
– Ҳа, – дедилар дадам.
– Шунча кўп одамни қандай қилиб танийсиз? Эсин­гиздан чиқиб қолмайдими?
– Биз бу инсонлар билан бирга катта бўлганмиз, бир қишлоқда яшаймиз, қандай қилиб эсимиздан чиқ­син, Абдусалимбой? – дедилар амаким укамнинг бошини силаб.
– Амаки, ҳозиргина ёнимиздан, соқоллари бор, ҳассасиям бор амаки ўтдилар-у. Улар нимага сизни ака дедилар, ёки ростдан ҳам сиз улардан каттамисиз?
– Эҳ, жиянжон! Бу – ҳурматнинг бир кўриниши. Инсонлар бир-бирига нисбатан ҳурматини билдириши учун ўзидан кичкина одамга ҳам "ака” деб мурожаат этади. Билдингми?
– Унда нега ҳеч ким мени ака демайди?
Абдусалимнинг саволидан ҳамма кулиб юборди.
Йўлда дадамлар ҳадеб тўхтайверганидан зерикиб кетдик. Бир пайт Ҳикматилла:
– Юринглар, ўзимиз кетамиз, мен йўлни биламан, – деб қолди.
Югурдик.
Анча йўлни югуриб ўтганимиздан кейин ҳамма чарчади. Энди секинлаб юраётгандик, жим туролмайдиган Абдусалим дарров гап бошлади:
– Ака, эсингиздами, бир марта чорбоғимиздаги ўрик дарахтига учаловимиз чиққанимизда, катта шохи синиб кетганди. Ўшанда бобомдан яширинамиз деб қўрага кириб олгандик, қўйлар бақириб сотқинлик қилган. Бобом келиб синган дарахтниям кўрган, бизни ҳам топиб олгандилар-а?
– Лекин индамаганлар, – Ҳикматилла жилмайиб жавоб берди.
– Тўғри. Дадамларга ҳам "Бўлди, тергайверманг­лар” деб, ёнимизни олгандилар.
– Бобомнинг носқовоғини яширмоқчи бўлиб сувга тушириб юборганинг эсингдами, Ҳикматилла? Ариқдан носқовоқни излаб, иштонингни орқаси ҳўл бўл­ганда аянгга айтолмасдан, бир соат қуёш тагида туриб қуринган эдинг, – дедим-у ўзимни тутолмай катта кўчада қаҳ-қаҳ отиб юбордим.
– Бобом кабоб ейишга олиб борганларида Ҳикматилла акам энг кўпини еган. Ўшанда қорни тарвузга ўхшаб қолганди-я, ака? – деб Абдусалим завқ билан куларди. Ҳикматилланинг ўзи ҳам қорнини ушлаб роса кулди.
– Бобом қумғончойни яхши кўрар эдилар. Уйда бобом иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. "Қумғончой дамлаб бер, болам,” деб қолдилар. Қумғонни тўлдирдим, орқа ҳовлидаги ғўзапоялар уюмидан кичикроқ шох-шаббаларни саралаб, ярим соат уриниб ҳам тагига ўт ёқолмадим. Кўзим ачишиб кетганига аламимдан "чой дамламайман”, дедим. Кейин ўзлари ўтинларни қандай жойланишини, қандай қилиб алангалатишни кўрсатиб, чой қайнатганлар. Ҳозир бобомга қумғончой дамлаб бергим келяпти, – Ҳикматилла хомуш тортиб гапини якунлади.
Мозорга кириб борар эканмиз, бобомни янаям соғиниб кетдим. Уларнинг қабрини тополмаётгандим, Ҳикматилла кўрсатди. Бу ерга иккинчи марта келишим. Биринчи кўрганимда бобомнинг исми-шарифи, яшаган йили ёзилган манави катта тош ўрнида фақатгина қорайган, нам тупроқ бор эди, холос. Учовимиз ҳам шошиб келганга яраша, бир иш қилолмай турдик. Дадамларни кутиб, қабристон четидаги ўриндиқларда гап бошлолмай ўтиргандик, битта амаки биз томонга келди. Жўр бўлиб салом бердик.
– Ваалайкум ассалом, йигитлар. Қодир буванинг неваралари бўлсангиз керак-а?
– Ҳа. Сиз бизни танийсизми? – Маҳмадона Абдусалим амакини саволга тутди.
– Танийман-да.
– Нега биз танимасак ҳам, ҳамма бизни танийди?
– Қишлоқда шунақа. Қолаверса Қодир бувани ўзига жуда ўхшар экансан, кичкинтой. Ёлғиз келдингларми?
– Йўқ, дадам билан амаким ҳам келишяпти. Биз югуриб келдик. – Биз танимаган амакининг исми Маҳкам амаки экан. Дадамларга салом етказишимизни тайинлаб, меҳмонга таклиф қилиб кетдилар. Дадамлар ҳеч қанча ўтмай келишди. Улар узун дуолар ўқишди, юзларига фотиҳа тортганларида, биз ҳам қўшилиб омин қилдик. Жимжитлик қуршаган бу мас­канни бошқалар қўқринчли деб айтарди. Лекин бу жойда бобом ётгани учунми, умуман, бу нарсани ҳис қилмадим.
Уйга келсак, бувим ўз қўллари билан иссиққина овқат тайёрлабдилар. Тушлик қилингач, дадамлар кўчага иш билан чиқиб кетишди, биз бувим билан қолдик.
– Бобонгизни зиёрат қилиб келдингларми? – сўрадилар бувим.
– Ҳа, – дедик учовимиз.
– Энди катта йигит бўлдиларингиз. Ҳар сафар келганингизда бобонгизни зиёрат қилишни канда қилманглар. Сизларни қанақа яхши кўрар эди… – Бувимнинг кўзлари ёшланиб кетди.
– Хўп, бувижон, ҳар доим борамиз. Фақат сиз йиғламанг.
– Бувинг жонингдан, яхшиям сизлар бор деб… – кўз ёшларини рўмолларининг учи билан артиб олдилар.
– Бувижон, йиғламанг, бўлди. Илтимос. Бўлмаса мен ҳам йиғлаб бераман, – йиғламсираб бувимни қу­чоқлаб олди Абдусалим.
– Мана, йиғлаганим йўқ, болажоним. Бўлди, мана. – Энди юзидаги кўз ёшни кафтлари билан артиб ташладилар.
– Бувижон, сизнинг ҳам бобонгиз борми? – бувимнинг кўксидан бошини кўтармай сўради Абдусалим.
– Бор бўлган-у, бобом тугул дадамни ҳам кўрмаганман. Аммо етти пуштимнинг ҳаммасини исмини биламан.
– Етти пушти нима у, бувижон?
– У етти аждодинг. Ҳаммамиз етти пуштимизни билишимиз керак.
– Бизнинг етти пуштимизни ҳам биласизми? Айтиб беринг.
– Хўп, биринчиси ўзларингизнинг дадангиз, иккинчиси бобонгиз, кейингиси бобонгизнинг дадаси, уларнинг исми Собиржон, тўртинчи аждодингиз Эргаш ота, Азизжон болам, ёзиб оляпсанми, яхши, бешинчиси Эркин ота, олтинчиси Ҳамид ота ва еттинчиси Қобил ота.
– Сиз бизнинг қанақа аждодимизсиз? – Абдусалим ҳайратини яширмай сўради.
– Ҳа, бувингман-да.
– Буви қанақа аждод?
– Даданинг ёки онанинг онаси – буви бўлади. Мен дадангни онасиман.
– Бувижон, дадангизни нега кўрмагансиз, улар ҳам ўлиб қолганмилар?
– Йўқ, урушга кетиб, бедарак йўқолган. Лекин улар ҳақида аям узоқ-узоқ гапириб берардилар. Аммо ҳозир кўпини эслолмасам керак.
– Нега? Уруш бўлганми?
– Ҳа, бундан етмиш йил аввал иккинчи жаҳон уруши бўлган.
– Санжар деган бир ўртоғим копток талашиб акаси билан роса муштлашган. Ўшанга ўхшаб урушда ҳамма бир-бирини урганми, муштлашишганми, буви?
– Ўшанда одамлар бир-бирини йўқ қилган, болам, йўқ қилган.
– Кинодагига ўхшаб бир-бирини милтиқда отганми?
– Ҳа, – бувим хўрсинганча давом этди. – Очарчи­лик, қимматчилик бўлган, егулик тополмаганмиз, золимларнинг қийноқларида яшаганмиз, бари қийинчиликлар ўша даврда бўлганда, болам.
– Бувижон, келинг, шуларни бир бошидан гапириб беринг, – илтимос қилдим мен.
– Болажонларим-ей, у кунларни сизни бошингизга солмасин, илоҳим. Нимадан бошлай?
– Дадангиз урушга кетган кундан бошланг, – шошиб дедим мен.
– Мен кичкинагина чақалоқ бўлганман. Буларни аям менга ҳикоя қилиб берганлар. Дадам даладан қайтаётганда иккита мелиса уларни туман марказига олиб кетган, болаларим билан хайрлашиб олай деса ҳам, рухсат бермай, ўша ердан тўғри фронтга – урушга жўнатган. Онда-сонда хат келиб турарди. Кейин хат ҳам келмай қўйди, қайта дараги ҳам бўлмади. Дадам ҳақида фақат шуни биламан.
– Бобомнинг дадалари-чи? – дедим.
– У киши жудаям ҳалол, фидокор, халқ ғамини ейдиган жонкуяр, ўз даврининг ҳеч кими бас келолмайдиган, кураги ер кўрмаган полвони бўлган экан. Бобонгиз саккиз ёшга етган пайтида дадаси қамоққа олиб кетилган. Халқни боқаман деб қамалган экан. Бу ҳақида жуда кўп гапирар эдилар.
– Бошидан, ҳаммасини гапиринг, бувижон, – дедим сабрсизланиб.
– Ҳаммасини тўлиқ гапираверсам, гапларим қачон тугайди?
– Тугамасаям майли, эшитаверамиз. Ўзингиз ҳам етти пуштингизни билинглар дедингиз-ку. Тўлиқроқ билсак, ундан ҳам яхши. Тўғрими? – Ҳикматилла ҳам ҳикояга қизиқиб қолган экан, саволлари билан бувимни ҳикояни давом эттиришига қистай бошлади.
– Тўғри, болам, тўппа-тўғри. Ҳаммасини гапириб бераман. Бобонгизнинг дадаси ким бўлган экан, исми қандай? – деган эдилар, қўлимдаги қоғозчага қараб жавоб бердим:
– Собиржон.
– Тўғри. Мана шу Собир бува колхозда омборчи бўлиб ишлаганлар.
– Колхоз маҳалла деганими, бувижон, ёки командами? – сўради Абдусалим.
– Йўқ, колхоз бу деҳқонларнинг катта бир жамоаси. Ўша йили буғдой, макка, бари экинлар яхши ҳосил берган. Кейин уни ҳаммасини фронтга жўнатасан деб тепадан буйруқ қилинган. Бригадирлар ҳам бор ҳосилини олиб келиб, колхозга топширган. Ҳаммаси топширади-ю, кейинги йилга нима қиламиз деб узоқ ўйлашади. Қўшни қишлоғимизда Орзия исмли ўн фарзандли бир аёл бор эди. Эри бригадир бўлиб ишлаган. Ўша аёл Собир буванинг олдига келиб роса йиғлаган: "Чолим ўлгур қўрқоқниям қўрқоғи, олган ҳосилингиздан ҳеч йўқ кейинги йилга уруғлик қилишга бир ҳовучгина олиб қолай десам, биров билса мен ҳам йўқ бўлиб кетаман, шу керакми сенга? Тинч тур, деб ўдағайлаб берди. Иним, раҳмингиз келсин ўнта боламни қандай боқаман, тўнғичим ногирон, бир ишга ярамайди. Тепадагилар билан гаплашинг, бир иложини қилса бўлармикин” деган. Собир бува аёлнинг сўраган буғдойини бериб жўнатган. Ўзи ҳам уруғлик масаласида кўп ўйланиб юрган экан. Одамларга егулик керак, ахир. Раҳбарлар бир донасини ҳам қолдирмайсанлар деб қатъий талаб қўйган, уларни умуман фикридан қайтариб бўлмасди. У ёқда ҳам, бу ёқда ҳам аҳвол жиддий. Собир бува колхоз раисига "Бирор сандиқ буғдойни олиб қолмасак бўлмайди. Бу йил амаллармиз-ку, кейинги йилга халққа на егулик, на уруғлик қолмаяпти,” деб тушунтиради. Колхоз раиси ҳам: "Бирор гап бўлса бу ишларга менинг алоқам йўқ,” – деб зўрға рози бўлади. Шу билан, бир ёғоч сандиқни ярмидан кўпига буғдой солиб, устидан туршакларни бостириб яширишган. Кейин уни орасидан битта сотқин чиқиб, тепадагиларга ёзиб беради. Шу билан Собир бувани қамоққа олиб кетишган. Болалари ортидан зор йиғлаб қолаверган. Шунақа, болаларим, бироз ўйнаб туринглар, қолганини кейинроқ гапириб бераман, майлими? – деди бувим "бисмилло” деб ўрнидан турар эканлар.
– Майли. Фақат намозингизни тезроқ ўқинг-да, – деди Ҳикматилла.
– Ака, буғдойдан ун қилиб, кейин уни нон қилади-а? – Абдусалим мендан сўраб қолди.
– Ҳа, – дедим мен.
– Олдин одамлар буғдойни ўзи олиб, уйда ун қилиб, уй нон қилганми?
– Ҳа. Нега сўраяпсан?
– Аям бизга доим нонни юриб ема, ушоғини тўкма деяверардилар. Энди билдим. Авваллари одамлар озгина нон учун шунақа қийналганлари рост экан. Ака, энди урушмайлик. Қаранг, бувим уруш бўлганига йиғлаяптилар. Бизниям урушганимизни кўрсалар, яна йиғлайдилар. Хўпми?
– Хўп, – дедим. – Энди урушмаймиз. Келишдик, – бир қўлим билан укамнинг қўлини олиб, иккинчи қўлим билан уни қучоқлаб олдим.
– Азиз, юринглар, кеча янги копток олганман, ўйнайлик, – Хикматилланинг таклифи билан орқа ҳовлига ўтдик.
ДАЛАДА ЙИҒЛАБ-ЙИҒЛАБ ИШЛАШГАН ЭКАН
– Қани, полвонларим, бирортангиз бориб, менга бир пиёла сув келтириб беринглар. Ҳикояларимни гапириб, адоғ қилгунимча, оғзим қуриб қолмасин, – бувим келиб ўтирар эканлар, Ҳикматилла чаққонлик билан: "Бувижон, мен келгунча бошламай туринг!” – деб чиқиб кетди. Биз ҳам Ҳикматилла тезроқ келса-ю тезроқ ҳикояни давомини эшитсак, деб ўтирибмиз. Хона эшиги ғийқ очилиб Ҳикматилла мўралади. Ярим йўлдан қайтиб, бувим ростдан ҳам ҳикояни бошлаганлари йўқмикин деб, текширгани келибди шекилли. Яна кутдик, ниҳоят келди.
– Энди айтинг, бувижон, чой олиб келдим, – Ҳик­матилла чойнакни қўйиб, бувимдан кўзини узмади. "Ишқилиб, яна иш буюрмасларидан тезроқ бошласинлар-да” деб ўйладим мен ҳам.
– Ўша даврда дадалар, акалар урушга кетганлиги учун рўзғорнинг оғир юмушлари ҳам оналарга қолган. Узоқ ўтмишни қўй, мана яқин давр – мустақилликкача ҳам катта қийинчиликлар билан кун кўрганмиз. Эрта баҳордан қишгача деярли йил давомида бутун халқ пахта билан банд бўларди. Неча юз гектар ерни кетмонда чопиб, эгатлар қилгач, чигит қадаб чиқилган. Униб чиқмаганларини ўрнига яна бошқа экканмиз. Мабодо ёмғир ёғиб қолса, тупроқ қотиб қолади. Унга яна халқ ўша гектар-гектар ерни мана шу кафтимдек келадиган, кичкина беш тишли асбоб билан тараб чиқарди. Пахта пахта бўлиб чиққунича мингта иш қилинган, болаларим. Дадангиздан сўрасангиз, яхшилаб гапириб беради. Бешинчими, олтинчи синфда ўқиб юрарди, шекилли. Болалик қилган-да, далани йўлида ака-укалар копток тепаётганида бригадир келиб қолган. Ҳаммасини қатор қилиб "нега пахта термаяпсан?” деб тутнинг новдаси билан шунақа савалаган, шунақа савалаган болаларни. Болам шўрликлар йиғлаб, бирининг бўйни, елкалари қонаб, бирининг юзлари қавариб, яна бири оқсаб, ўша аҳволида пахта терган.
– Ўша одамни бориб урмаганмисиз, буви? – Ҳикматилла ўрнидан туриб кетди, – дадамни урганларни менам ураман.
– Эй болам, уларни уриш қаёқда, нима қилса хўп деб, кўзига қарашга қўрққанмиз. Золим эди улар, золим.
– Ўша одам тирик бўлганда ўзим бориб, пачағини чиқариб келардим. Тирикми, бувижон? – Ҳикматилла тишини тишига босиб бувимдан жавоб кутарди.
– Қўй болам. Ўтир жойингга. Ҳа, тирик, ҳалиям бор. Худо ўзи жазосини берган – кўзлари ожиз, жойидан қимирлолмай қолган. – Жуда кам одамда беш сотихми, олти сотихми ери бўларди. Раис пахта даласида ишлайдиган пайтда ўзининг ерида ишлаётганларни кўрса, ўша куниёқ, ерда қандай экин бўлишига қарамай текислатиб ташларди. Бир куни бизни ҳам еримизда ишлаётганимизни кўриб қолди.
– Нега пахтага чиқмадинг? – деди.
– Жон ука, ярим соат, бир соатлик ишимиз қол­ганди. Ҳозир тугатиб қоламиз, – дедим.
Гапим тугамай, "ҳе ўша сени…” – деб, ҳайқирганча зўрға кўкартирган пиёзимнинг митти ниҳолларини тепиб, эзғилаб, бир имо билан ортидан эргаштириб келган тракторни экинли ерга юргизиб юборди. Шу билан ҳамма меҳнатларимиз кўкка соврилиб, қайта экдик. Бобонгиз узоққа ўқишга кетган, ёлғиз ўзим ҳаммасини эплашга ҳаракат қилардим. Аёл бошим билан ярим кечада бориб ерга сув ҳам қўйганман. Сув сероб эди-ю, раислар бизни томорқаларга бермас эди. Тунда яширинча олардик. Бир сафар борсам далага сув қўйилибди. Ҳайрон бўлиб қайтавердим, кейинги сафар қарасам, яна қўйилган. Учинчи бор эса доимгидан вақтлироқ бордим: Қўшни маҳалладаги Розиқвой деган киши еримизга сув очяпти. Мени кўриб: "Солиҳа опа, мен ҳам ҳар сафар еримга сув очиб шунақа пайтда ёпгани келаман, шунда бир йўла сизникига очаяпман. Келиб овора бўлманг,” – деди жойинг жаннатдан бўлгур. Ҳаммага яхшилик қилиб, кўпнинг дуосини олиб юрарди. Эрта вафот этгани ёмон бўлди-да. Хуллас, томорқамизда ишлаётганимизни кўриб қолмасин деб, қўрқиб, машина ёки отлиқнинг овози узоқдан эшитилиши билан дарров чангалларнинг орасигами, ариқнинг ичигами, ўзимизга қулай пана жойга яшириниб олардик. Катта раислар қоп-қора машинада юрган, бригадирлар отда эди. Ҳар иккаласиниям бошида шляпа. Шулар йўлда кўринса катта-ю кичик яшириниб, кўзига кўринмасликка ҳаракат қиларди.
Яна бир золим бригадир бор эди: аёлларга жуда шафқатсиз, нуқул меҳнат кунимизни қисқартириб ёзарди. Бир сафар Кароматхон деган шаддод аёл: "Келинглар, шу одамни тавбасига таянтириб қўяйлик, нима ҳаммамиз бир бўлсак эплолмаймизми?” – деб қолди. Ҳамманинг кўнглига бу томошани иштиёқи тушиб, режалар тузишга киришиб кетишди. Ўша куни кечга яқин келиб бригадир ҳаммага бақираётганда учта аёл бир бўлиб, ерга йиқитди, қолганлар келиб қўл-оёғини арқон билан боғлаб ташлади. Доим бошимизда қамчи айлантирадиган одамнинг ерда думалаб: "Бўлди тавба қилдим, бўлди қилинглар,” – деб ёлвориши кулгили туюларкан. Каромат шаддод: "Хўш, энди меҳнат кунимизни тўғри ёзасанми?” – деяверганидан "опа, сизникини ортиғи билан ёзаман” деб балога қолган. "Мен сендақа харомхўрмасман, шу гапинг учун ҳам мана сенга,” – деб, суви йўқ бир чуқур ҳовузга думалатиб юборганди. Бўлди кулгу, бўлди томоша. Ўғли туҳматдан қамалиб, чеҳраси ёришмай қўйган бир хола бор эди. Ўшанда биринчи марта қийқириб кулганини кўргандик. Аммо эртаси куни Кароматхонни мелиса олиб кетган. Мелисалардан ҳам роса қўрқардик. Улар пат-пат миниб юрган. Иккита мелиса ҳар кун эрталабдан уйларни айланиб, далага кетмаганларга ўдағайлаб, боланг касалми, ўзинг касалмисан, қараб ўтирмай далага ҳайдаган. Биз ҳам далага сал кеч қолган кунимиз, Азизжон, сени даданг, кўчага қараб турарди. Кўчанинг бошида мелиса кўриниб қолса "Аяжон, елмиса келяпти, юринг кетайлик, тезроқ чиқиб кетайлик” деб ялинарди.
Абдусалим менга қараб кулди.
– Дадам "мелиса” деёлмаган эканлар-а? Ҳали келсалар ўзларига айтамиз "елмиса нима?” деб, – ҳаммамиз кулиб юбордик.
ҚИШЛОҚДА НОН ОЗ, МЕҲР КЎП
Далада бегиланган ишини соғлиғи кўтармай эп­лолмаган одамлар нонсиз қолганида, ночор бўлса-да маҳалла, кўй ёрдам берган. Уйимизнинг қарама-қарши томонида Хайрия холаларинг бор-ку, танийсизлар-а?
– Таниймиз. Касал бўлсак кинна солиб қўядиган холами? – деди Ҳикматилла.
– Ҳа, ўша холаларингнинг онаси қаттиқ касал эди, мелиса нимага ишламай ётибсан деб далага ҳайдаган. Мажбуран далага чиққан аёлнинг касали зўриқиб, кейин юролмай қолди. Юролмайдиган одам қандай нон топарди. Ишламаган одамга нон йўқ. Маҳалладаги қурби етганлар ҳар кун топган нонидан озгина-озгинадан тўплашса, битта оила тўйса бўладиган нон чиқар эди. Ҳамма бир бўлакдан берса, биз битта нон берардик. Чунки бизнинг оиладан мен, акаларим, опаларим ҳам ишлаб бошқалардан кўп нон олардик.
– Бувижон, ўшанинг учун бизга кинна солдирганингизда пулингизни олмай: "Сиздан умрбод қарздорман, пулингизни қандай оламан, опа” деб айтар эканлар-да, – деди Ҳикматилла.
– Ҳа.
– Қишлоқ одамларининг бошқачалиги шунда-да. Қачонлардир бир-бирига меҳнати сингган, оғир кунларида бегоналардан ўзининг жигаридек ёрдамини аямаган, битта дардда қоврилиб, бир тан-у бир жон бўлиб кетган. Ва буни ҳеч қачон унутмайдилар.
Уруш тугаган эди. Катта акам бетоб бўлиб, бир неча ҳафтагача иссиғи умуман тушмаган. У даврда шифокор, табиблар қайда. Фақат ромчилар бўларди, касал бўлган борки, ромчига югурган. Одамлар арзимаган дардни ҳам аритолмай увол бўлиб кетган. Онамнинг ҳам бошқа иложи қолмагач, топганини олиб, акамни ромчига олиб борганмиз. Борсак, нима эмиш, эшакни сўйиб терисига ўралса соғайиб кетар экан. Бизда эшак нима қилсин, кунда топган нонига тирикчилик қиладиган камбағал оила бўлсак. Бошқа йўли йўқми деб ялиниб-ёлворган онам раҳматли. Ромчи: "Бўлмаса битта эшакдай келадиган хўроз топиб қон чиқаринг” дегач қишлоқни кезиб, эшакдай хўроз излаганмиз. Бир бева аёлнинг икки хўрози бор экан. Майли бераман, фақат қон чиқазгач гўштини қайтариб келинг деган шарт билан берган. Шўрлик ночоргина, иккита ёш боласи бор эди. Хўрозни сўйдик, исми-расмини қилдигу, қайтариб олиб бордик. Яхши аёл экан "Буни болангизга шўрва қилиб беринг, дармон бўлади” деб хўрознинг битта оёғини қайтариб берганди. Ҳалигача ўша аёлнинг чеҳраси кўзимни олдидан кетмайди.
– Ажин босган нурли яноқларидан ҳорғингина, устма-уст сизиб тушаётган кўз ёшларини кўриб бувимга ёпишиб олдик.
– Бўлди, бувижон, йиғламанг, – Абдусалим бувимнинг бошини силайвериб, рўмолини елкасигача тушириб қўйди.
– Бувижон, бўлди, энди сизни йиғлатадиганларини айтманг, ҳалигинақа фақат кулдирадиганларидан, раисни чуқурга ташлаганларинг бору, ўшанақаларидан яна айтиб беринг. Хўпми? – Бувимнинг юзларидаги ёш­ни артиб сўрадим. Ҳикматилла бувимга чой қуйиб узатаётганда:
– Бувижон, чой ичинг. Агар ҳаммаси йиғлатадиган бўлса, майли айтмай қўяқолинг, – деди яна.
– Йўқ, болаларим, мен хурсанд бўлиб йиғлаяпман. Яхши одамларнинг кўплигидан йиғлаяпман. Сизлар ҳам хафа бўлманглар. Шунақа йиғлоқиман-да. Сизларга росаям яхши яна бир инсон ҳақида гапириб бераман. Катта акам бетоб кунлар эди. Эвакутса қилиб…
– Эвакуация қилиб, – жилмайиб бувимнинг хатосини тўғирладим.
– Ҳа, ўшанақа қилиб, хуллас кўчириб бир қанча татарларни бизнинг қишлоғимизга олиб келишган. Бизнинг уйда иккита хона борлиги учун биттасини татар оилалардан бирига ажратиб берганмиз. Вой ҳалигилар-чи ўзбекчаниям билар экан, ўрисчаниям би­лар экан. Бизнинг уйда яшайдиган татар аёл акамни касал эканини билиб, дарров даволашга киришиб кетди. Ўзи дўхтир экан. Биз умримизда кўрмаган бир нарсаларни ичириб, баданига ҳам нималардир суртиб, бир пасда соғайтириб юборган. У вақтда дорилар қоғозларга ўраб бериларкан-да. Менгаям ҳар куни ичиб тургин деб қоғозда дори берган. Яхшиям татарларнинг келгани, ўша аёл бўлмаганда акам шўрлик ўлиб қолармиди? – Бувим ўзини зўрға йиғидан тийиб гапида давом этди. – Қишлоғимизда касал одамнинг ўзи қолмаган. Уни узоқ жойлардан излаб келишарди. Опам кўп шамоллар эди. Ўша татар аёл иссиқ-иссиқ сут ичсин деган. Қишлоқда саноқлигина одамларда сигир бўлган. Битта сигири бор аёл аҳволимизни кўргач, ҳар тонгда беш-олти кўча наридан бир коса сут олиб келарди. Татар аёл ҳам қишлоғимиз одамларига ҳайратланиб, "Дунёда ўзбеклардек халқ бошқа бўлмаса керак,” – дерди.
– Ўша аёл ҳозир қаерда, бувижон? Сиз биласизми? – сўради Абдусалим.
– Ўн йилча бўлиб қолди-ёв. Вафот этган. Тобутини халқ кўтарганди. Охирати обод бўлсин!
– Бизнинг ёшда нималар қилгансиз? – дедим мен.
– Сизнинг ёшингизда қорнимизни тўқлаш учун далалардан машоқ териб келардик?
– У нима, бувижон?
– Буғдойлар ўрилгач ерга тўкилиб қолганлари бўлади. Ўшаниям кўриб қолса уриб, олиб қўйган. Яшириниб, бир йўлини қилиб, ким қанча терса, ўшани тегирмонда унга алмаштириб олардик. Ундан аям ҳаммамизга биттадан нонни амаллаб чиқариб берарди. Менга кичкина кулчача, опамларга сал каттароқ, тўрттала акамгаям амаллаганича чиқариб, ундан ортса ўзлари еб, бўлмаса сотиб, пулига яна ун олиб, нон қилиб сотган. Колхоз идораси билан уйимиз бир девор эди. Овқат қилиб бер деб шоли чиқаришарди. Уни туйиб гуручидан овқат қилиб идорадагиларга берса, қолган оқшоқ, курмагидан бизгаям бирор егулик қилиб берарди. Аям шунақа тадбиркор бўлганлари учун ҳам бошқаларга ўхшаб ажириқ, кунжарага қолган кунимиз бўлмаган. Қишлоқда очарчилик авж олганда, одамлар кунжара еб, ишиб кетган, ёш-ёш болалар, кексаларнинг аксарияти шундан вафот этганди. Мактабга ҳам деярли бормаганмиз.
– Вой маза-ку, – Ҳикматилла жилмайиб қўйди.
– Ҳа, бирпасда мактабдан зерикдингми, болам? Бу шароитларда ўқиш бахт-ку. Мен жудаям мактабга боришни истаганман. Нима қилай, мактабга борсам, егуликсиз қолардим. Ўзим бошоқ термасам, акаларимнинг бирортаси оч қолиб, ўзиникини менга беришига тўғри келарди. Кейинроқ катта бўлиб, далада ишлаб нон олдим. Шу бошоқни деб холамни қамаб қўйишганди. Болалари катта халтасини тўлдириб даладан чиқаётганини раис кўрган-у, уларни калтаклаб, халтасини олиб қўйган. Уйида егулиги йўқ бўлган болалар яна бошоқ теради. Йиғлаб уйга қайтса, онаси уйда йўқ. Болаларини машоқ теришга чиқаргани учун холамни мелисалар олиб кетишган экан. Қўшниси уларни етаклаб онасининг олдига, мелисахонага олиб борган. Аям билан борганимда кўргандим. Холамнинг кенжатойи қамоқхонанинг деворларини тепиб-тепиб: "Аямни чиқаринглар, илтимос” – деб йиғлаганлари қулоғимнинг остида ҳозиргидек жаранглайди. Онасини кўрсатишга рухсат берганда панжарани таталаб очмоқчи бўлганди. Ҳамма йиғлаган, лекин ўша ердаги мелисалар умуман парво қилмай, тошдек тураверган. Ўша ерга яқинини кўришга келган бир амаки аҳволимизни кўриб, мелисалардан суриштирган. Кейин уларга: "Бир халта буғдойга шунчалик қиласанларми, иймонсизлар, қўйиб юбор буларни, ўша бир халта буғдойни мен бераман сенга” – деб, катта бошлиқнинг олдигача борган. У кишининг ким эканини ҳам билмаймиз. Эртасига холамни қўйиб юборишган. Вой болаларининг қувонганини… Кичкинтойи: "Аяжон, энди қайтиб бошоқ теймемиз, оч қолсак ҳам майли, сизни яна қамаб қўймасин” – деб, ҳаммани йиғлатганди. Шунақа, болажонларим. Сизлар ўйнаб туринглар-а, мен қўйларга ўт юлиб беришим керак.
– Бувижон, биз ҳам борамиз, сизга ёрдам берамиз, болалар, қани туринглар! – ўзим биринчи бўлиб турдим. Чопқиллаганча ҳовлининг орқа томонига ўтдик.
– Мана бу бодринг палаги, яхшилаб таниб олинглар, шундан бошқа ҳамма ўтларни юлаверинглар, – дедилар бувим. Ўз-ўзидан ким биринчи кўп ўт юлиб бўлишга киришиб кетдик. Абдусалимнинг норози овози эшитилди:
– Мен тўплаган ўтлар қани? Ким олди, ака, сизми? Беринг деяпман. Бўлмасам дадамга айтиб бераман.
– Мен олмадим.
– Бўлмаса ким олади? Сиз олгансиз. Беринг, – деди энди йиғламсираб.
– Биз урушмасликка келишгандик-ку. Нега сўзингда турмаяпсан?
– Ростдан сиз олмадингизми? – ювош тортиб қайта сўради укам.
– Ийи, анави ерда экан-у, топдим. – Укам айбидан уялиб бошқа гапирмади. Бувим Абдусалим юлган ўтларни қўйга бераётанида, бир қанча бодринг палакларига ҳам кўзи тушиб қолибди.
– Ҳай, Абдусалим. Буни нимага юлдинг. Мен сенга таниб ол демабмидим. Майли энди ҳаммангиз олдимга келинг-чи. – Бувим этагини тўлдирган мевалардан бизга улашдилар:
– Мана Ҳикматилла, сен кўп ўт қилганинг учун учта, Азизжон озроқ қилгани учун иккита, Абдусалим палакларни ҳам юлиб олгани учун жарима сифатида битта дона бераман. Ана, яшанглар, дастёрлар. Ишимиз тамом.
ЯШАСИН ҲАШАР!
Яна тонг саҳарлаб хўрозбой қичқирди, димоғимга тандирдан янги узилган нон ҳиди, келинойим ҳовлига сув сепгач бувим эккан райҳон ҳиди урилиб, жаннат ҳавосидай татиб кетди, уйқудан турмасимга қўймади. Нонуштани бошлаганларида уйғонибман. Дастурхон атрофида ҳамма иштаҳа билан нонушта қиляпти. Бугун барвақт уйғонмаганимга ризқимни тўлиқ ололмабман-да, деб ўйладим. Аммо унчалик кеч қолмабман. Мен дастурхонга ўтиришим билан бувим бир коса, юзаси қалин қаймоқлаган, муздек сутни олдимга қўйдилар. Қўлимни куйдирай-куйдирай деб турган нонни шундоқ сутга ботирдим-у, сутга бўккан нонни авайлаб оғзимга солдим. Умримда бунақа ширин нонушта емагандим. Қишлоқнинг сути бизнинг дўконлардаги сутдан ширин бўлар экан. Бувимдан яна сут сўрамоқчи бўлиб тургандим:
– Гуручдан олдингми? Жийда билан, тутмайиз бор эди. Улардан ҳам олиб кет. Айвонда турибди, – дедилар бувим дадамга. Нимага ундай деяптилар. Нима, биз бугун кетамизми? Йўқ, ишқилиб кетадиган бўлмайлик-да, – деб қўрқибгина дадамдан сўрадим:
– Дада, бугун кетамизми?
– Ҳа, кетамиз. Тезроқ тамадди қилиб ол. Йўлда очқаб қоласан бўлмаса.
– Мени қишлоқда қолгим келяпти, – дедим шошиб.
– Ўғлим, аянгиз сизларни соғинибди, кетмасак бўлмайди, мен ишга боришим керак. Сен бўлмасанг уканг ёлғизланиб, зерикади. Бошқа сафар келганимизда қоларсан, бўптими? Ўзинг ақлли боласан-ку а? – Дадамни ерга қараб жимгина эшитдим. Шу билан ҳеч ким ҳеч нарса демади. Бувим билан истаб-истамайгина хайрлашдик. Бизга оқ йўл тилаб қўлларини фотиҳага очгандилар, йиғлагим келди. Жудаям-жудаям қолгим келяпти қишлоқда. Бувимнинг эртакларини, дала ҳавосини, тонгнинг ажабтовур "наво”ларини соғиниб-соғиниб юравераман экан-да!
Абдусалим иккимиз машинанинг орқа ойнагидан то улар кўринмай қолгунича қўл силкиб кетдик.
– Дадажон, энди яна қачон келамиз қишлоққа? – дедим.
– Билмасам, мени ишларим камайиши билан аянгни, синглингни олиб келамиз-да, Тошкентга кетайлик демагунингизгача шу ерда қоламиз.
– Унда ҳеч қачон кетмас эканмиз-да. – Абдусалимнинг кайфияти кўтарилиб гапга қўшилди. Кўнглимдаги ғашлик тарқагандай бўлди. Қачондир албатта тўйиб-тўйиб ўйнаб кетишимизни билиб, хурсанд бўлдим. Машина секинлаб, жуда кўп одамлар тўпланган, қурилиш бўлаётган бир уйнинг олдида тўхтадик.
– Дадажон, нимага тўхтадик? – бир пас ҳам жим туролмайдиган Абдусалим савол берди.
– Ҳозир, ўғлим. Ўртоқларимни кўриб қолдим, сўрашиб олай. Қани, сизлар ҳам тушинглар, – дадам ўртоқлари билан қучоқ очиб кўришиб кетдилар. Шовқин-сурон, кулгу кўтарилди. Амакилар, чўнтакларидан пулми, ширинликми чиқариб қўлимизни тўлдириб ташлашди.
– Ҳа, Жамол, қурилиш қиляпсанми? – Дадам ўзларидан каттага ўхшайдиган, семиз, мўйлови бор амакини сенлаб гапира кетдилар.
– Ҳа, кеча излаб-излаб қурувчи уста топиб келсам, булар бир бўлиб уни кетказворибди. Биз турганда уста нима қилади, ҳашар қилинса дарров битадиган иш дейди, барака топкурлар. Шунга бугунги ишни бошлаймиз деб тургандик. Қайтяпсанми Тошкентга? – Дадам у кишининг саволидан кейин бироз ўнағайсизланди-да, кейин нимагадир:
– Йўқ, ҳали бери кетмайман. Дўстим уй қурса-ю мен қатнашмай кетаманми? Мен ҳозир ҳашарбоп кийимларни кийиб келай, уйинг битмасдан кетмайман, билиб қўй, – деб дадам рулга ўтирдилар. Машина ортга қайтар экан, Абдусалим сўради:
– Ҳашар нима, дадажон?
– Ҳашар – биз ўзбекларнинг энг яхши одатларидан бири. Қийинроқ юмуши бор одамларга имкон топган яқинлари, маҳалла-кўй кўплашиб ёрдам беради. Масалан, бу ҳашарда уй қуриляпти. Одамларнинг кўплигини кўрдингми? Кўпчиликнинг қўлидан ҳеч иш қочиб қутилолмайди-да. Айниқса, бизнинг қиш­лоқдагилар ҳашар бўлса шошиб қолади. Чунки унинг ўзига яраша гашти, файзи бўлади. Савоби ҳам катта. Бунда биров бировга пул тўламайди, ёрдам берганлардан қарз ҳам бўлмайди. Чин кўнгилдан, беминнат ишлаш учун келинади ҳашарга, – дедилар дадам. Мен шошиб сўрадим:
– Дада, ҳашар қилиб уй қурилса қанчада битади?
– То уйнинг томи ёпиб олингунча уч-тўрт кун кетса керак, – дедилар дадам. Абдусалим табассумдан қисилиб кетган кўзлари билан менга қаради. Мен ҳам қувончдан ўзимга сиғмай кетдим. Роса сакрагим келди. Оҳ, қандай зўр иш бўлди-я. Қандай яхши! Яна уч-тўрт кун бувижонимдан турли ҳикоялар эшитиб, далаларга чиқиб, қишлоқ тонгидан баҳра олиб, тунда яна бувимдан эртак эшитиб ухлаймиз. Яшасин ҳашар!
Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (15.11.2013)
Просмотров: 1275 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz