Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

“кичкина табиб”га ўхшаганларни фош этди

Ўзбекистон Халқ табобати академияси қашқадарёлик “кичкина табиб”га ўхшаганларни фош этди

 
Ўзбекистон Халқ табобати академияси қашқадарёлик “кичкина табиб”га ўхшаганларни фош этди
 
 
 

СОХТА ТАБИБУ, ФИРИБГАР “АМАЛ”ЧИ ВА ФОЛБИНЛАРДАН КИМ МАНФААТДОР?

 

“Қашқадарёлик сохта табиб фаолияти фош қилинди”, “Оммағонлик “Кичкина табиб”нинг катта найранглари”... Ўтган ҳафтада айни шу каби сарлавҳалар остида ОАВда бир нечта маълумотлар ва мақолалар чоп этилди. Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Оммағон қишлоғида “Кичкина табиб” номи билан танилган Санаев Миразиз Аҳад ўғли гўёки мўъжизакор хатти-ҳаракатлари билан одамларни даволаётган экан. Унинг бу “иқтидори”дан хабар топган борки, шифо топиш мақсадида умид билан унинг ҳузурига ошиққан. Аммо маълумотларда қайд этилишича, “уддабурон табиб” ҳузурига шифо топиш илинжида борган инсульт, “Гепатит С” хасталиги билан оғриган беморлардан кимдир шифохонда ётган бўлса, яна бошқа биров ҳамон хасталикдан азият чекиб юргани маълум бўлган. Бугунги кунда эса вилоят ИИБ ва ДСИ ходимлари билан ҳамкорликда фолбинлик ҳамда норасмий табиблик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Шаҳрисабз тумани, “Оммағон” қишлоғида яшовчи Санаев Миразиз Аҳад ўғли ва унинг фирибгар шериклари фаолиятига чек қўйилган, сўров суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Кейинги сонларда мазкур жиноий ҳаракатнинг тўлиқ тафсилотларини Ички ишлар вазирлиги ва Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда тақдим этамиз. Аммо бугунги саҳифада ана шу фирибгарлик, сохтакорлик юзасидан туғилган саволларга жавоб топишга уринамиз. Келинг, аввал мавзуга доир яна бир воқеани ёдга олсак...

 

Оммағонлик “кичкина табиб” кирдикорлари ҳақида ўқиб бир воқеа ёдга тушди: бундан чамаси икки-уч йил олдин “Навоийда  бир табиб чиққанмиш, ҳатто бефарзандларнинг фарзандли бўлиши учун фойдаси тегаётганмиш”, деган гаплар тарқалганди. Бундай гапларга ишониб, ўша “кашфиёт”чи табибга борганлар орасида менинг ҳам танишларим бор эди. Уларнинг бундай ёндашувига “эҳтимол ихлос халосдир” деган гаплар ана шу табиб ва уларга ишонган даво истовчиларнинг муносабатларида намоён бўлар, деб ўйлагандим. Аммо умид билан бориб келганлар, маълум вақт табибнинг муолажасини олганлардан “ҳатто бачадони йўқ аёллар ҳам ҳомиладор бўлаётган экан” деган гапларни эшитиб лол бўлгандим. Ол-а, наҳотки инсон шунчалик қобилиятга эга бўлиш мумкин, деб ишонмагандим. Орадан вақт ўтди, унинг ҳам кирдикорлари очила бошлаганди. Аллақандай дуо ўқиб ёки суюқлик ичириб, аёлларнинг қорнини шишираркан, унинг муолажаларини олганлар тиббиётга мурожаат қилмаслиги керак экан, деганларни эшитдим. Маълум муддатгача қорни шишганидан қувониб, ҳомиладор бўлдим, деган бечора умидвор аёллар охир-оқибат алданиб қолишганини билишган. Айни шундай чув тушганлар ҳуқуқ тартибот органларига ҳам мурожаат қилишганди, ўшанда. Аммо бу кирдикорларнинг натижаси қандай жазо билан якунланганидан хабарим йўқ. Лекин бу гапларни ёзишимга сабаб ҳар нима бўлганда ҳам ҳар қандай табибнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган “кашфиётлар”ига кўр-кўрона ишониш тўғри эмас. Бу воқеаларни эшитиб ўйлаб қоласан киши: ахир юртимизда табиблар фаолият юритишини рўйхатга олувчи Ўзбекистон Халқ табобати академияси ташкил этилган-ку. Шундай экан, ҳар битта табиблик салоҳиятига эга киши аввал мазкур академиянинг назоратига олиниб, белгиланган тартиблар доирасида рўйхатдан ўтиб, кейин фаолият бошламайдими? Агар шундай бўлса, бундай сохта табиблар нега ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кун сайин потирлаб чиқяпти? Хўш, қашқадарёлик “кичкина табиб” каби фирибгарларнинг илдиз отишига ким ва нима замин яратяпти? Уларнинг ортида кимлар турибди? Аслида касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганлар ҳақ гап. Шундай экан, хасталикни даволагандан кўра унинг олдини олиш афзал, деганларидек, бугунги кунда оммағонлик “кичкина табиб” кирдикорлари фош этилди, сўров-суриштирув бошланди. Аммо шу жиноий фаолият илдиз отгунга қадар бунинг олдини олиш мумкин эмасмиди?

 

Шу каби саволларимиз билан Ўзбекистон Халқ табобати академиясига мурожаат қилдик. Хўш, улар бу “кичкина табиб”нинг фирибгарлигини қандай изоҳлайди?

 

ТАБИБЛАРНИ КИМ РЎЙХАТГА ОЛАДИ? УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ ҚАНДАЙ ТАРТИБГА СОЛИНАДИ?

 

Муҳаммаджон Ҳамроев, Ўзбекистон Халқ табобати академияси раиси:

 

  • Қашқадарёнинг Оммағон қишлоғидаги “сохта табиб” фаолияти янгилик эмас. Айнан шу вилоятнинг Қамаши туманида ҳам бундан бир неча йил олдин бир аёлнинг худди шундай сохта табиблиги фош қилинганди. Унда гўёки ўша “табиб” аёл вафот этган, уни қабристонга кўмиб келишган. Аммо уйга қайтишганда ўлган аёл уйда ўтирармиш ва у бирданига ўзида табиблик иқтидори билан яна ҳаётга қайтган эмиш. У “табиб”лик фаолиятида эса келган мижозларнинг хасталигини бир-икки силаш билан даволаган бўлиб, “бўлди, сизлар тузалдинглар, энди кўчадаги дўкондан уйларингга, болаларингга бирор нарса харид қилиб олиб боринглар”, деб тавсия берармиш. Мижозлар эса ўз навбатида унинг найрангига учиб, у тавсия қилган дўкондан 500 сўмлик маҳсулотни 5000 сўм қийматида сотиб олишга мажбур бўлишган. Бу ҳолат ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилиб, ўз вақтида чек қўйилган. Шаҳрисабзнинг Оммағон қишлоғидаги “кичкина табиб” фаолияти ҳам худди шунақа. “Кичкина табиб”лигига изоҳ берадиган бўлсак, унинг ёши 14 да. Соғлиги ҳам талаб даражасида эмас. Бу жиноий ҳаракатлар ортида ана шу 14 ёшли ўсмирнинг саломатлиги талаб даражасида эмаслигини билганлар турибди. Улар ўз манфаати йўлида бу боладан фойдаланишяпти. Биз бу маълумотдан хабар топган заҳоти асл вазиятни ўрганиш учун ўзимизнинг вакилларимизни юбордик. Уларнинг кузатишича, улар қишлоқдаги бир тоғли ҳудуддаги хонадонда фаолият юритишади. Эшик олдида 4-5 нафар чоллар ўтириб, келган мижозларга “кичкина табиб”нинг “иқтидори” ҳақида маълумот бериб туришади, яъни унинг фаолияти ишончли эканлигини тарғиб қилишади. Бизнинг вакиллар ҳам мижозлар қатори “кичкина табиб” ҳузурига киришган. Бугунги кунда жиноят иши қўзғатилган жиноий ишнинг бош объекти сифатида тилга олинаётган “кичкина табиб” 14 ёшли ўсмир бола, атрофида 15-20 нафар йигитлар. “Муолажа”га кирган мижозларнинг кўзларини боғлашади, кейин хонадондаги ўша 15-20 нафар йигитлар бир айланиб, улардан даво истаб келганларнинг бир четдан бошини силаб, елкасига уриб чиқади. Кейин маълум вақт йигитлар дам олишади, бу орада улар ҳатто тамаки чекиб олишга ҳам улгуришади. Маълум вақт ўтгач, худди шу “муолажа” йигитлар томонидан такрорланади. “Кичкина табиб” — 14 ёшли ўсмир ўзи билан ўзи овора, у бу ҳаракатларни ҳатто тўла англолмайди. Лекин атрофдагилар ундан моддий объект сифатида фойдаланишяпти. Ҳатто вазият билан танишгани борган вакилларимиз томонидан тўпланган манбаларга кўра, кечки пайт — мижозларни қабул қилиш тўхтаганда бир салобатли киши келиб улар билан кунлик ҳисоб-китобни қилиб, ҳаммага ўз улушини берган. Вакилимиз қишлоқдаги қўшни хонадонлар ҳам “кичкина табиб”нинг мижозлари учун тўлов эвазига бошпана бериш хизматини ўтаётганининг ҳам гувоҳи бўлган. Бу ҳолат бошланганига икки йил бўлиб қолди. Биз бу вақт ичида жим турганимиз йўқ: Маълумотлар тўплангач, қўлимизда тўпланган манбалар асосида Оммағон қишлоғида фирибгарлар халқни алдаётгани, санитария-гигиена ҳолатларига, табиблик фаолиятининг тартибларига зид равишда фаолият юритилаётганлиги, бундай ёндашув аҳоли саломатлиги учун хавфли эканлиги, бу ҳолат юзасидан тегишли чора кўрилиши лозимлиги хусусида 2014 йилнинг 24 апрелида 51/7-сонли хат билан Шаҳрисабз тумани соғлиқни сақлаш бирлашмаси бошлиғи Дилором Назарова Негматовна номига расмий хат билан мурожаат қилганмиз. Ҳолат юзасидан кўрилган чораларга қизиқдик. Гапнинг очиғини айтганда бу шахс очиқдан-очиқ “кичкина табиб” фаолиятидан манфаатдор эканлигини намоён қилди. Ҳатто туман ҳокимлигига ҳам бу борада мурожаат қилганмиз. Шахсан ҳоким билан боғланишимизнинг имкони бўлмаган-у, аммо ҳоким ёрдамчиси мурожаатимиз мақсадини билгач, ҳа, одамлар даволаняпти-ку, дея гўшакни қўйди. Энди ўйлаб кўринг: туман масъуллари ўзининг ҳудудидаги қаллоблигу фирибгарликка шундай бепарво бўлгач, кимни айбдор қиласиз? Шаҳрисабзда қонунни назорат қиладиган прокурор йўқмиди? 14 ёшли ўсмирнинг орқасида кимлар турибди? Ана шу бепарво масъуллар ҳам бундан манфаатдор эмасмикан? Албатта манфаатдор, ҳудуддаги масъулларнинг ҳаммаси манфаатдор бўлган. Ўша қишлоқда “кичкина табиб” “муолажаси” учун ҳар куни юзлаб одам тўпланса-ю, нега тўпланяпсизлар, деб сўрайдиган инсон бўлмаса... Ҳуқуқ-тартибот органлари наҳотки буни билишмади? Билишган, билишган, жуда билишган. Ҳатто бориб хабар ҳам олиб туришган. Аммо бу жиноий ҳаракатга чек қўйилмаган. Мана, икки йил ўтса-да, жиноий иш очилди. Лекин икки йил ҳамма манфаатдорлар томошабин бўлиб туришди. Нега ўз вақтида назоратга олинмади, “яра яйраб кетмасидан” бу жиноятга чек қўйилмади? Нега чек қўйилиши керак, чўнтак қаппайиб турганда! Қанчадан-қанча инсонлар бу фирибгарлардан азият чеккани билан ҳеч кимнинг иши бўлмади.

  • Муҳаммаджон ака, айтинг-чи, Ўзбекистон Халқ табобати академияси рўйхатидан ўтмаган яна қанча сохта табиблардан хабардорсиз?

  • Биргина Тошкентнинг ўзида ҳам 800 нафардан зиёд фолбину сохта табиблар бор. Наманганнинг Учқўрғонида эса бу кўрсаткич бизнинг маълумотларга кўра, 16 нафарни ташкил этади. Сурхондарёда 276 нафари аниқланган. Тошкентнинг ўзида “амал оламан” дегани-ю, “бир шиша керосин билан ҳамма касални даволайман” деб одамларни алдаётган табибу фолбинлар бугун анчагина. Чилонзор тумани “амалчи”ларнинг макони бўлиб кетган. Ҳуқуқ тартибот идоралари бу ҳолатни кўрмаётган бўлишса керакда. “Сизга мозорнинг тупроғи билан амал қилишган” деб ҳатто одамларни мозорма-мозор етаклаб, қабрларни кавлаб, тупроқ ичидан чиқаётган (кўз бойлоқчилик ҳунарлари меваси) алланарсаларни ана шу “амал”га қиёслаб, “мана сизни халос этдим” деб алдаётганлар-ку кейинги пайтларда жуда кўпайиб кетди. Тошкентнинг “Дендропарк” даҳасида “мозорчи фолбин”нинг шуҳрати етти аравага юк бўлади. Бу мозорчи олдига келганларнинг ҳаммасини бир мозорга етаклаб дуч келган қабрдан калла суягидан тортиб михгача, синган тақадан тортиб қўғирчоққача топиб берармиш. Кейин ўша мижозга “сенинг ўлиминг учун душманларинг михга ўқиб мозорга кўмишибди“, “мана мен топиб бердим, энди михни сувга ташла, менга эса икки минг доллар бер”, деб юзига фотиҳа тортаркан. Мана шундай фирибгарларга чув тушаётган қанчадан-қанча соддадиллар пулидан ажралиб, чирқираб қолаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Тошкент ҳалқа йўли ёнида жойлашган Хонобод аҳоли яшаш ҳудудидаги “амалчи” аёлнинг “оғзингиздан қурт тушди”, “илоннинг боласи тушди”, деб оғзингизга яқин тутган сувли пиёлани сизга кўрсатмасдан “сизнинг кўришингиз мумкин эмас, 100 доллар беринг” деб кўрсатаётган найрангига учраётган соддадиллар қанчадан-қанча! Биз қайси ҳудуддан қандай сохта табибу фолбин ҳақида эшитсак, албатта ҳудуд масъулларини бу ҳолатни ўрганиш, текшириш, чора кўриш учун жалб қиламиз. Ўша ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинига хабар берамиз. Маҳалла фаолларининг лоқайдлиги ўша фирибгар билан апоқ-чапоқ эканликлари жудаям ажабланарли. Энди ўйлаб кўринг: Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги аёл “табиб”, Шаҳрисабзнинг Оммағон қишлоғидаги “кичкина табиб” ёки Сурхондарёдан чиқаётган сохта табибларнинг ёки биз юқорида келтирган мозорчию хонободлик илончининг ортида кимлар турибди? Буларнинг барчаси бир манфаатдор шахснинг “тадбиркорлик” объекти эканлигига, боз устига, манфаатдорларни қўллаб-қувватловчи яна манфаатдорлар борлигига шак-шубҳа йўқ... Бу билан нега ҳуқуқ-тартибот назоратчилари, туманларнинг прокуратуралари шуғулланишмайди? Бундай сохта табибларнинг фаолиятига бефарқлик қанчадан-қанча жиноятларни келтириб чиқармоқда.

  • Бугун юртимизда қанча табиб фаолият юритяпти? Уларни табибликка тайёрлаш жараёнлари қандай? Алоҳида тайёргарликлардан ёки синовлардан ўтиш талаб этиладими?

  • Аҳвол деярли яхши эмас. 1926 йилда мустабид шўро “совнарком”и Ўзбекистонда халқ табобатини зимдан тугатиш ҳақидаги машъум бир ҳужжатни қабул қилган. Ундан кейин халқ табобатига оид бирор бир меъёрий ҳужжат қабул қилинмади. Халқ табобати академияси ташкил топганидан кейин мамлакатимиз президенти бу соҳани ривожлантириш тўғрисида академияга мактуб йўллади. Биз Ўзбекситонда Халқ табобатини қайта тиклаш ва уни ривожлантириш устида қадамба-қадам жуда қийин бир шароитда фаолият юритяпмиз. Шунга қарамай, албатта маълумоти бор, халқ табобатидан хабардор табиблар аттестациядан ўтгандан кейин биз тузган мамлакат табиблар реестрига киритилади. Аммо булар бармоқ билан санарли даражада. Ҳақиқий табиб бизнинг академияга келади. Фирибгар ёки найрангчи бўлса, албатта келмайди. Чунки бизда жуда жиддий талаблар қўйилган. Мен тайёрланган расмий ҳужжатда ёзилган табиб мутахассислигига берилган таърифни ҳукмингизга ҳавола этмоқчиман.


  •  
 

Табиб — халқ табобати соҳасида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга, табиблик салоҳияти ҳайъати тавсиясига ва расмий фаолият  ҳуқуқи лицензиясига мувофиқ халқ табобатининг усул ва воситалари асосида саломатликни асраш, ташҳис қўйиш ва касалликни даволаш соҳасида хизмат кўрсатувчи шахс.  Саволга тўлиқ жавоб берилди, деб ўйлайман.   

 

- Сохта табибларга чув тушмаслик учун аҳолига қандай тавсиялар берасиз? Табибнинг сохта ёки ҳақиқийлигини қандай аниқласа бўлади?

 

- Соддадил инсонлар ҳар қандай табибдан, ҳужжати бор-йўқлиги билан қизиқсалар бўларди. Ёлғон қанча катта бўлса, шунча ишонарли бўлади, деган гапни маъносини ўйлаб кўриш керак. Фирибгарлардан халос бўлишнинг бирдан бир йўли шу. Шунингдек, Академиянинг ишонч телефонлари ҳудудларда фаолият юритаётган табибларнинг фирибгар ёки фирибгар эмаслигига аниқлик киритишда ёрдам беради: +99871 221-31-16, 221-86-92.

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (26.09.2015)
Просмотров: 894 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz