Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

МАТБУОТ --МИЛЛИОНЛАР МИНБАРИ

Ёруг бўлсин деб ёнаман.
Шамдон тагидаги ёзув.
МАТБУОТ --МИЛЛИОНЛАР МИНБАРИ
Қозогистондаги ўзбек матбуотининг бугуни ва келажаги. Ушбу долзарб ва муҳим мавзу 

миллатимиз келажагининг бир бўлаги деб қаралиши керак.Лекин, бу деганимиз пул топиб, ақл 

топмаганларнинг бари газета очиши керак, дегани эмас.
Абутолиб исмли авар шоири айтган экан:"Дўстимиз худди Лев Толстойникига ўхшаган шляпа 

сотиб олибди,лекин Лев Толстойникига ўхшаган бошни қаердан топади?" Демак,газетанинг 

мазмун-моҳияти ҳам муҳимлигини унутмаслигимиз керак.Халқимиз "Туғилиш осон,лекин одам 

бўлиш қийин", деб. Шу сингари,газета очиш осон,чиқараётган матоҳингизни газета бўлиши 

осон эмас.
Қозоғистондаги ўзбек журналистикаси масаласига келадиган бўлсак, қисқа вақт ичида 

атроф-оламга кўз-кўз қилгудек воқеликлар содир бўлди ва бу жараён давом этмоқда. 

Ядровий полигонлардан ҳоли бўлиш орзусида яшаётган Ер курасини забт этиб улгурган 

глобал ахборот маконида, табиийки, биз билган ва биз қадрлаб, мароқ билан ижод қилган 

жанрлар ҳам "четга" суриб қўйилмоқда. Бундан чорак аср муқаддам журналистлар орасида 

"урф"га кирган фельетон, памфлет, эссе, очерк каби бадиий публицистик жанрлар кейинги 

йилларда мутлақо эсимиздан чиқди. Энг нуфузли журналистдан тортиб, амалиётчи-талаба 

мухбиргача ҳам бирдек — тезкор информация бериш билан банд бўлиб қоляпти.
Неча юз йилликлар давомида шаклланиб, маълум йиллар ичида санъат даражасига 

чиққан журналистика соҳаси глобаллашув ва унинг бир қатор салбий ҳамда ижобий 

оқибатлари самараси ўлароқ, гўё яна ибтидосига — оддий "хабардор қилиш" функциясига 

қайтаётгандек... Бу эса юқорида айтилгани каби тўртинчи ҳокимият механизми бўлган 

журналистларнинг "жамият табиби" деган норасмий лавозими қўлдан чиққанини 

билдирмасмикан?!
Ҳар бир мухбир профессионал журналистика талаб қиладиган собит қоидаларни билиши ва 

унга қатъий амал қилиши лозим бўлган кибержамиятда фақат "хабарчи" бўлиб қолиш ва бу 

қобиқдан чиқиб кетолмаслик — кимёвий қуролли кучлар тўқнашаётган жанг майдонида 

яланғоч қўл билан қолиш демакдир, деб ёзганди устоз журналист Анатолий Аграновский ўз 

рисоласида. Яланғоч қўл билан қолган ҳар қандай журналист эса муқаррар мағлубиятга 

учрайди.
Хабарнинг вужудга келиши, бевосита табиат ва унинг олий мавжудоти инсон омили билан 

боғлиқ бўлса, уни кенг омма эътиборига ҳавола қилиш ҳам у қадар мушкул масала эмас. 

Қадимдан бунинг ўз йўллари, анъаналари бўлган ва улар ҳамон яшаяпти. Масалан, миш-миш. 

Миш-мишни агар бир "оломон жанри" тарзида ўргансак, унда таҳлил, шарҳ каби қимматли 

унсурлар бўлмайди. Улар "аралашиши" билан миш-мишнинг ёлғонлиги фош бўлади-қўяди. Бу 

тажриба сифатида Америка ва Европанинг қатор нуфузли ахборот технологиялари 

институтларида синалгани диққатга сазовордир.
Айтмоқчиманки, қуруқ хабардор қилиб қўйиш билан журналист ўз мақомига эга 

бўлолмайди. У бир кичик хабардан "мўъжиза" яратиши керак. Табиийки, ҳар қандай 

информация ҳам мўъжиза бўлолмайди, шундай экан, журналист қандай хабарни танлаши, қай 

тарзда бериш санъатини ҳам пухта ўзлаштириши лозим. Бунинг учун мутахассис 

маърифатли, зиёли ва албатта, кучли шарҳловчи бўлиши талаб қилинади.
Буларнинг ҳаммаси бекаму кўст амалга ошиши учун бадиий публицистик жанрларга 

қайта жон киритиш керак. Ушбу оғриқли мавзу юзасидан даврий матбуотларимизда қатор 

чиқишлар, салмоқли мақолалар чоп этилди. Шунга қарамай, ҳамон "ярқ" этган фельетон ёки 

памфлетни учратмаяпмиз.
Йўл очеркларини кўнгилдагидек ёзиш учун, оддий талаб — журналист йўлда юриши 

керак бўлганидек, фельетон ёзиш учун ҳам ижодкор кўтараётган муаммосидан ўзи яхши 

воқиф бўлиши керак. Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Худойберди Тўхтабоев, 

Неъмат Аминов каби адибларнинг қаламини ўткир қилган, тилини бурро қилган восита 

фельетон жанри эмасмиди?
Демак, бугунги журналистларимизда ручка ва қоғоз ёки компьютер клавиатурасини 

тутган пайтида ким учун нима ёзаётганини яхши билмаётганидан ташқари, ижодкорлик, 

яратувчанлик қобилияти ҳам етишмай қолаётгандек туюляпти менга. Бадиий публицистикага 

диққат-эътибор қаратишнинг яна бир намунавий томони шундаки, у туфайли "кўчирмачилик", 

"фикру ғоя ўғрилиги" бўлмиш жирканч плагиатизмга барҳам берилади. Ижодкор-журналистда 

албатта ўзига хос услуб ва тили, позицияси шаклланади. Ва уни кимдир ўзлаштиргани 

тақдирда, тез орада очилиб, шарманда бўлади.
Ҳозирги кунда бемисл ахборот кони бўлган интернет тизими орқали бир мақола турли 

тилда турли "муаллиф" имзоси билан чоп этиляпти. Даврий нашрларимиз, телевидение ва 

радиомиз орқали "тош босадиган" бундай материаллар ҳар куни "Фалончи Фалончиев 

тайёрлади" қабилида қайта-қайта дунё юзини кўраётгани сир эмас. Афсуски, ҳеч ким ҳеч 

нарса демайди. Ваҳоланки, бу — жиноят? Лекин шу иллатнинг урчиб кетаётганига ҳам 

сабаблар етарлича-да.
Биринчидан, журналистларимиз фельетон, очерк каби бадиий публицистик жанрларда 

мустақил ижод қилмай қўйди. Ҳар қалай шу баҳонада у ўз устида изланишга ва кўпроқ билим 

олишга, энг муҳими, одамлар ичида бўлиб, халқнинг шодлигу ташвишлари билан 

ўртоқлашишга вақт тополган бўларди.
Иккинчидан, "сариқ матбуот", кўнгилочар телевизион ва радио дастурлар интернет 

маҳсулотлари орқали жон сақлайди. Бугунги кунда журналистларимизнинг эллик фоизидан 

кўпроғи "сариқ журналистика"да фаолият юритяпти. Демак, камида эллик фоиз журналист 

интернет билан "ажралмас дўст".
Учинчидан, юқорида таъкидланганидек, асарларда кимнинг услуби борлиги номаълум 

(аслида ҳеч қандай услуб йўқ): асл муаллифнингми ёки ўғринингми? Бахтга қарши, уни 

назорат қила оладиган жамият, институтлар йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Фақат битта 

"ташкилот" бундан мустасно. У — журналист виждони!
Тўртинчидан, олтинми,кумушми,бир тийинга киммат,агар уларнинг устаси уқувсиз ва 

саводсиз бўлса,дейишади.Энг гўзал кўзалар ҳам тупроқдан ясалади.Энг гўзал шеърлар 

оддий сўзлардан ташкил бўлсагина халқ севиб укийди.Халққа якин бўлай деган газета ҳам 

иложи борича оддий сўзларни қўллаб,мураккабликдан йироқ булиши керак.
Шифокор беморнинг аҳволини ҳузурига келгач, ўрганиб, ташхис қўяди. У кўча-кўйда тутиб 

олиб: "Сен — беморсан, даволанишинг керак. Мен билан касалхонага юр", — демайди. 

Шахсан мен бундай вазиятга ҳали дуч келмадим. Ваҳоланки, журналист жамиятнинг оғриғини 

излаб юрадигангина эмас, балки олдиндан кўра биладиган ва шунга монанд эҳтиёткорлик 

чораларини таклиф этадиган касб эгаси. Ушбу йўналишни ҳозирги замонавий тил билан 

стрингер-журналистика деб аташмоқда. Стрингер-журналистика — бу воқеалар ривожини 

олдиндан тўғри тахмин қила оладиган, кўра оладиган ва ахборотнинг қаймоғини аудиторияга 

вақтида етказиб берувчи жабҳадир. Мана шу дастлабки хулосадан сўнг журналистлар 

"жамият табиби" фикримизга қарши чиқишга, аниқроғи, тўлдиришга мажбурмиз, яъни 

журналистика ундан кўра масъул, ундан кўра жавобгар алоҳида мақомдаги соҳадир.
Тўғри, сайёрамизнинг барча нуқтасидаги журналистлар бир хил мезонда, бир хил услубда 

ва бир позицияда ишлаши ва бир хил функцияларни бажариши лозим талабини ҳеч қачон 

урфга киритиб бўлмайди. Ҳатто интернет тизими аллақачон пайдо бўлган ва ундаги ахборот 

тарқатиш принциплари маълум даражада қолиплаштирилган бўлса ҳам. Ҳатто глобалллашув 

натижасида миллий маданиятлар, турмуш тарзи ва орзу-интилишлар бир-бирига қоришиб 

кетаётган бўлса ҳам. Ва ҳатто, кеча дунёнинг у бурчагида юз берган воқеа-ҳодиса бугун 

қарама-қарши бурчагида зудлик билан акс этаётган бўлса ҳам.
Фақат журналистлар ўз олдига "Мен қандай журналистман?", "Вазифам нима?" каби 

умумсоҳавий саволларни қўйиши ва уларга виждонан жавоб бериши ҳамма жойда ўз кучини 

сақлаб қолган. Хўш, мен, сиз, у — қандай журналистлармиз? Вазифамиз нималардан иборат?
Хулоса ўрнида, журналистика йигирма биринчи асрнинг энг илғор, энг донишманд касбига 

айланиши шартлигини яна бир карра такрорламоқчиман. Чунки кейинги курашлар, сиёсий 

ўйинларда у етакчи роль ўйнайди. Бир вақтлар бундай дунёвий ишларга "баҳона", "восита", 

"сабаб", "бош омил" бўлган қурол-яроғ, ядровий-кимёвий унсурлар асносида ҳаракатланган 

"дирижёрлик пульти" энди журналистика қўлига ўтди. Аммо бир жумбоқ бор: журналистиканинг 

ўзи оддий камчиликлар, иллатлар чангалидан чиқолмаяти. Зеро, атрофдаги муаммоларни ҳал 

қилишга масъул шахснинг изида муаммо бўлиши яхшиликка олиб келмайди.
Бир радионинг "Адабиёт атомдан кучлидир",деган рукни бор.Мен бу фикрни 

қайта ишлаб,"Журналистика атомдан кучлидир"деган бўлардим.Ахир Улуғ Октябр 

революциясини юзага келтирган ва 73 йил буюк иттифоққа раҳбарлик қилган советларнинг 

асосий куроли хам журналистика бўлмаганмиди?
Қиссадан хисса шуки, Қозогистонда ўзбек журналистикасига кенг йўл очилган,халқимиз 

ўқимишли,қизиқарли газеталарга чанқоқ.Хар бир янги газетани янги мехмондай кутиб 

олади.Албатта,меҳмонни аввал кийимига қараб кутиб олишади,кейин фаросатига қараб,кузатишади .
Меҳмон халқимизда отамиздай улуғ.Меҳмоннинг эса катта-кичиги 

бўлмайди.Энг кичкина меҳмон ҳам биз учун ҳурматли ва эъзозлидир.Қаердан,нима иш билан 

келдинг,деб сўраб ўтирмай,тўрга чиқарамиз,белига ёстиқ берамиз.Ўзбекзабон газеталарнинг сардори бўлмиш "Жанубий Қозоғистон"нинг давлар ва рус тилларида чиқадиган икки ҳамкасб газета билан мавқеи тенглашгани Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи ҳар бир ўзбекда фахр ҳиссини уйғотмоғи керак.Уни мен 

узоқ йўлга отланган тулпорга қиёслайман.Тулпор тор йўлаклардан эмас,беқиёс далалардан 

югуришни хуш кўради.Муштарийлар қалбига кириб бора олган газетагина ҳақиқий 

газетадир.Бунинг учун устоз публицист,марҳум Расул Ҳамзат оғанинг ўгитини 

унутмаслигимиз лозим:"Йигит икки нарсасини кўз қорачигидай асрамоғи даркор,булар--ўз бош 

кийими ва исмидир.Бош кийимини боши бор одам асраб авайлайди, соф ва тоза номини 

юрагида ўти борларгина асраб авайлайди.Шунинг учун ҳар бир газета,ҳар бир журналист ўз 

номига доғ туширадиган ишлардан холи бўлиши керак.
Б.ДЎСМАТОВА.

МУСТАҚИЛЛИК НУРИДАН МУНАВВАР ШАҲАР
Тўлебийлик Ғани ака Ниёзов кўп йиллар маҳаллий мактабларда устозлик қилиб, тарих ва 

география фанларидан дарс берган. Астана шаҳрида бўлиб қайтгач,республикамиз пойтахти 

ҳақида бир неча газеталарга мақола ёзиб юборди.Биз устоз билан учрашиб, Астана куни 

муносабати билан республикамиз пойтахти ҳақида гапириб беришни илтимос қилдик.Қуйида 

ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган, советлар даврида ҳақли равишда 

"қўриқ ерлар маркази” деб ном олган собиқ Целиноград , ҳозирда халқимизнинг 

ғурур-ифтихорига айланиб, республикамизнинг пойтахти Астана шаҳрига айланганига ҳам 

анча йиллар бўлиб қолди. Бу шаҳарнинг миллий давлатчилигимиз тарихида ва 

ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.Қатағон йиллари минглаб совет 

халқига ватан бўлган бу шаҳар турли миллиат вакиллари учун олтин бешик бўлди, десак, 

муболаға бўлмайди. Унинг иқтисодий-ижтимоий нуфузи, маданияти, ободончилиги, 

фаровонлиги мустақиллик йилларида, айниқса юксалди.Сиз бу шаҳарни ўз кўзингиз билан 

кўриб қайтдингиз.Таасуротларингиз қандай?
— Пойтахтимиз Астана обод ва кўркам шаҳар эканлигига яна бир карра амин бўлдим .Лекин 

бу даражага етиш ёш республикамиз учун осон бўлмаганини ҳам биламан.Бу шаҳардаги 

бугунги ободлик ва ободонлик минглаб ҳамюртларимизнинг самарали меҳнати эканлигига 

гувоҳ бўласиз. Ҳақиқатан ҳам, пойтахтимизнинг ландшафт дизайни шундай 

шакллантирилганки, у йил давомида гуллаб турувчи шаҳарни эслатади. Ёз давомида эса 

деярли ҳар чақиримда 60 дан зиёд турдаги гуллар пойтахтимиз кўркига кўрк бахшида 

этаётганини кузатиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, пойтахтимизда Президентимиз таклиф 

қилган «яшил дастур» доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бардавом бўлиб, 

бундан кейин ҳам ўз самарасини беради.
—4 июл.Бутун республика аҳли ҳар йили бу санани кенг нишонлаб келмоқда. Ушбу айём 
арафасида шаҳар кўчалари байрамона тус олиб,боғ ва хиёбонларда турли 
маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши ҳақида оммавий ахборот воситалари 

хабар қилмоқда. Дарҳақиқат,байрам томошаларида бу гўзал шаҳарни тараннум этувчи 

шеърлар, куй-қўшиқлар янграйди...
—Бугунги кунда давлатимизни юзлаб мамалакатлар тан олди.Астана шаҳрининг номи 
дунёга таралмоқда. Мустақиллик йилларида ўзгача чирой очиб, гўзаллашаётган бу шаҳар 
келгусида жаҳон илм-фан ва маданиятининг бешиги номини оладиган бўлса,бу аввало, 
юртимиздаги барқарорликнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганидан, албатта.Тинч, 

осойишта юртга эса байрамлар ярашади, деб бежиз айтишмайди. Юртбошимиз таъкидлаб 

ўтганларидек, истиқлол туфайли эришилган бу кунларнинг қадрига етишимиз керак. 
—Давр шиддат билан олға бораяпти. Юртимиз ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши 
учун бор имкониятлар ишга солинаяпти. Бунинг самараси эса яққол намоён бўлмоқда. Зеро 
шаҳару қишлоқларимиз кун сайин обод бўлиб, аҳоли фаровонлиги ошиб бораяпти.Астана эса 
Евроосиёнинг марказига айланиши кутилмоқда.
—Шунинг учун президентимиз кўплаб қарорлар чиқариб, тозалик ва ободончилик ишларига 

катта эътибор қаратмоқда.Амалга оширилаётган ишлар салмоқли эканини кўрдик. Келажак 

сари шахдам қадам ташлаётган эканмиз, бугунги кунимиз эртага тарих бўлиб қоларкан янада 

унумли меҳнат қилишимиз талаб этилади. Эл-юртимиз эришган бу буюк ғалабаларни сақлаш 

учун бор билим-тажрибаларимиз ва имкониятларни ишга солаверамиз. 
Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (02.09.2013)
Просмотров: 897 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz