Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

Мўъжиза аслида шу

Мўъжиза аслида шу

E-mailБосмаPDF

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида «Болалар китоби» II республика фестивали бошланади.

«Гапирувчи» китоб

Ўқитувчимизнинг айтишича, шундай китоб бор экан. Ким энг яхши ўқиса, унга шу китобни бир кунга бериб туришини ҳам айтиб, бизни анча қизиқтириб қўйди. Тўғриси, ўша маҳал бир кунга бўлса ҳам бу китобга эга чиқишни истамаган бола йўқ эди.

Кейинроқ ўқитувчимиз саҳифаларида дарахт, ўрмон, айиқ, қуёнча каби турли эртак қаҳрамонларининг шакллари пайдо бўладиган китоб олиб келди. Ҳаммамиз қий-чув қилиб, китобга ёпишдик. Бу биз учун катта хазинадай гап эди. Ўшанда, афсуски, бу китобдан биргина эди. Ундаги эртакни устозимиз худди қаҳрамонларнинг овозига ўхшатиб ўқиб бергани эсимда.

- Эртак сизларга ёқ­дими? - деб сўраган эди ўқитувчимиз.  Агар эсли бўлиб, ҳамма вазифаларни тўлиқ бажариб, яхши ўқийдиган бўлсангиз, сизларга мана шундай қизиқарли китоблар келтириб, эртак ўқиб бераман.

Шу-шу, устознинг ажабтовур эртак китобларига қизиқиб қолгандик.

Бир гал кутубхонага борганимда кутубхоначидан: «Гапирадиган китобингиз борми?» деб сўраганим эсимда. Шунда кутубхоначи опа менга ҳайрон бўлиб тикилиб: «Шунақа китоб бор, фақат уни топиш учун мана шу ердаги китобларнинг ҳаммаси билан бир-бир танишиб чиқишинг керак», деган эди...

Энг улуғ қадрият

- Катталардан кўра болалар китобга кўпроқ ошно бўлади, - дейди «Мумтоз сўз» нашриёти раҳбари, профессор Ҳамидулла Болтабоев. - Баъзан ишдан қайтганимда олдимга югуриб чиққан набиралар «Бизга эртак китоби олиб келдингизми?» деб сўраб қолишади. Уларнинг бундай сўровларидан, тўғриси, хурсанд бўламан. Демак, улар яна бир янги китоб билан танишишга интиқ бўлиб яшаш­япти. Телевидение, компьютер, интернет олами кундан-кунга кенг қулоч ёяётган бир даврда фарзандларимизнинг китобга ошно тутиниши жуда қувончли ҳол. Мутолаа биз учун шунчаки эрмак ё вақт ўтказиш учун бир машғулот эмас, бу энг улуғ қадрият эканини эсдан чиқармаслигимиз зарур.

Маълумот: Кейинги икки йил ичида республикамизда китоб савдоси билан шуғулланувчи субъектлар сони 31 тадан 189 тага етди.

 Фестиваль қамрови кенгайди

 

- Бугун республикамизда фаолият юритаётган 111 та нашриёт, 1650 га яқин матбаа корхонасида ҳар йили 3 минг номдан зиёд, умумий адади 45 миллион нусхадан ортиқ китоб маҳсулотлари нашр этилаётган бўлса, шунинг аксарияти болалар адабиёти ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Омонулла Юнусов. - Қувонарлиси,   китоблар чоп этиш ҳамда уларни китобхонларга тарғиб қилиб бориш тамойили сўнги вақтларда анча изга тушмоқда. Фарзандларимиз ҳаётида китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кучайтириш, китобга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантириб бориш мақсадида, мана, икки йилдирки, китоб байрамлари, фестиваллар ўтказиб келяпмиз. Бугун бизнинг бу тажрибамиздан МДҲ давлатлари ҳам фойдалана бошлади.

Бу йил 17-19 сентябрь кунлари ўтказилаётган «Болалар китоби» фестивали қамровини олдингисидан бошқачароқ ўтказишни кўзлаганмиз. Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб ўқувчиларини жалб қилиш билан бирга, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ўз хизмат бурчини бажаришда фидойилик кўрсатган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам алоҳида таклиф қилинган. Уларга нашриётларимизнинг совғалари улашилиб, хайрия концерт дастури намойиш этилади.

Бола нигоҳидаги ҳайрат

Фестиваль доирасида ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар, янги китобларнинг тақдимот ва намойишлари, «Энг яхши китобхон», «Китобхон оила», «Менинг биринчи китобим», «Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъзижа аслида беминнат китоб», «Китоб - энг яхши совға» каби совринли интеллектуал ўйин ва викториналар, «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказиш, болалар учун театрлаштирилган чиқишлар ташкил этиш режалаштирилган.

Мумтоз ва энг сара замонавий адабиётлар, ўқув-маърифий китоблар, энцик­лопедик луғат ва маълумотномалар бола тафаккурини ўстиришда жуда муҳим восита ҳисобланади. Шу билан бирга, бундай адабиётларнинг шакл жиҳатдан болалар таъбига мос бўлиши ҳам зарур. Чунки бола китобларни муқовадаги ёки китоб қатидаги суратларга қараб танлайди. Китобларнинг суратлардан ташқари турли анимацион ва овозли воситалар билан безатилиши бола эътиборини кўпроқ жалб қилади. Ноширларимизнинг айтишича, бир пайтлар биз фақатгина номини эшитган «гапирувчи» китоблар ҳар бир боланинг қўлида бўлиши учун ҳозир изланишлар олиб борилаётган экан.

Буларнинг ҳаммаси фарзандларимиз биздан кўра билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари учун қўйилаётган муносиб бир қадам экани шубҳасиз.

Мавлуда КЕНГБОЕВА

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (27.09.2015)
Просмотров: 732 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz