Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

НАЗМ ДАФТАРИДАН
Карим БАҲРИЕВ.  ТЎРТЛИКЛАР


Ўртанади кўнгил ўртада,

Улгурмаймиз, иш чала ҳамон.

Қолдирамиз барин эртага…

Эртагача бормизми омон?!

*

Гоҳ олиб, гоҳ сотиб кетамиз,

Дийда қотар, қотиб кетамиз.

"Вақт ўтяпти”, – деймиз ўксиниб,

Вақт ўтмас, биз ўтиб кетамиз…

*

Кўп қайғурдим, озроқ бўлдим шод,

Ерга қараб кўзим ёшладим-

Ёки эрта тугади ҳаёт,

Ё мен кечроқ яшай бошладим….

*

Бу ҳаётда кўп ҳикмат – тилсим,

Юрак унсиз бўзлаб ётибди –

Тушунганлар ўтирибди жим,

Тушунмаслар сўзлаб ётибди…

*

Ҳамма йўллар гўрга оборар,

Одил бўлмоқ керак ҳар ишда.

Қандай йўлда юришда гапмас,

Бор гап йўлда қандай юришда…

*

Билмаганга ўргат билганинг,

Билганлардан ўрган, дил очгин.

Билишини билмаса – уйғот,

Билмаслигин билмаса… қочгин.

*

Инсон бўлиш асло кеч эмас,

Аямасанг бас ширин жонинг.

Ҳар кун эрта сен уйғонган тонг –

Янги ҳаёт бошлаш имконинг…

*

Ололмайсан – гар сўрамасанг,

Ҳаракат қил – кўраверасан.

Агар олға қадам қўймасанг,

Ўз жойингда тураверасан…

*

Ишлар қилдинг элдан панада,

Шодсан, ишинг юриб турибди.

Қилмишингни билмас ҳеч банда,

Лекин Аллоҳ кўриб турибди…



*

Қуёш чиқди – бир тонгим отди,

Дунё ётар қаршимда дуркун…

Юрдим, турдим, ёндим – кун ботди,

Ўтиб кетди умримдан бир кун.

*

Ёқтирса ким – бўлмагин хурсанд,

Ёқмай қолсанг – берилма оҳга…

Элга бирдай ёқмоқлик қийин,

Етар, ишинг ёқса Аллоҳга.

*

Инсон зоти шундоқ азалдан,

Кўрмагунча асло ишонмас.

Аллоҳ эса иймондир буткул,

Ишонмаганингча кўринмас…

*

Мен кетар кун юртнинг сўнгги кунимас,

Аён бўлса эди элга мардумлик -

Юқорининг зулми қўрқинчли эмас,

Қўрқинчлидир жуда… пастдаги жимлик.

*

Учоқда қуш каби учмоқда инсон,

Балиқдай сузмоқни билди уммонда -

Фаннинг ривожи бу, ўрганса энди –

Заминда яшамоқ илмин инсондай…

*

Дунёни тушундим, энди шошмайман,

Тошмайман, урмайман бошимни дорга…

Секин эшитаман гўдак кулгусин,

Қарайман қуш каби қўнётган қорга.

*

Пайпоғим йўқ, деманг – оёғи йўқ бор,

Боладан нолиманг – бор боласизлар.

Ҳаётдан ўксинманг – ўлганлар қанча,

Тириксиз, шукр этиб – эл бўласизлар…

*

"Келажак” келмайди, дўстим ҳеч қачон,

Ухлайсан, уйғонсанг – бўлади "бугун”.

"Кеча” – йўқ, "эрта” – йўқ, ишинг қолдирма –

Ҳаёт бугун ўтар – умр ўтар, тушун…

*

Дунё – бир қўрғондир, инсон – бир меҳмон,

Абадий қолмоққа рухсатинг йўқдир.

"Кеча” – ўтди, "эрта”нг борми – ноаён,

"Бугун” айт, бошқа бир фурсатинг йўқдир…

*

Аллоҳ бериб турса – кўпайтир шукринг,

Бермай қўйса бир вақт – оширгин сабринг.

Шу тахлит яшасанг мўмин, хокисор –

Кенгайиб, гулларга тўлгайдир қабринг.

*

Кучли сабр этадир, заиф сабр этмас,

Бизга кўп синовлар берган ҳаётдир.

Сабр этиш – ҳеч замон енгилмоқ эмас,

Сабр этмоқ – аслида буюк жиҳоддир…



*

Дарвешга дедилар: "Устинга қара,

Йиртиқ-ямоқ кийим, жанда ҳирқатинг!”

Дарвеш деди: "Дилни поклаш-ла бандман,

Устимни безашга йўқдир фурсатим!”

*

Заиф ғазаб этар, жўмард қилар сабр,

Ўзин енгган киши енгар оламни.

Оламда ҳеч кимса қўрқита олмас,

Аллоҳдан қўрқувчи собир одамни…

*

"Кеча” "эрта” бўлган юз берди "бугун”,

"Кеча”га айланар бугунги иш ҳам.

Ҳаёт шу тахлитда этади давом,

Бу қадар ҳаяжон не керак, ошнам…

*

Хадикда боқамиз иш бошлай туриб:

"Одамлар бу ишга, эвоҳ, не деркин?!”

Асли ўйлашимиз керак қайғуриб:

"Барини кўрмоқда, Аллоҳ не деркин?!”

*

Бугун ўз юкини тортади ҳар ким,

Инсон дайр чўлида юрган тевадир.

Бандадан тиласанг – кўп кўрар ёмон,

Аллоҳдан тиласанг – кўпроқ севади…

*

Инсон зоти ҳамиша жумбоқ,

Билолмайсан ҳеч афзалини -

Бой оёғин эҳтиёт қилар,

Қашшоқ асрар пойафзалини…

*

Бандалик умрини яшасак мўъмин,

Керилмай кимсага ўз кучимиздан.

Ўйлаймизки, Аллоҳ тепадан кўрар,

Аллоҳ кўриб турар ич-ичимиздан…

*

Ҳаётнинг ҳикмати Тангрига аён,

Ўйлаб ҳеч тагига ета олмайсан.

Эмин-эркин яша, билки, Дунёдан…

Тирик ҳолда чиқиб кета олмайсан.

*

Роббим, дилдан йироқ кетсин ғам,

Иймон сари ҳидоят айла.

Мана шу сатрни ўқиётганнинг ҳам

Тилагини ижобат айла…

*

Ҳақгўй фанода - хор, бақода – азиз,

Ҳақ йўли аслида осонми- қийин?!

Ёлғон таскин бериб, охир ўлдирар,

Рост сўз оғритару, тузатар кейин…

*

Бу ҳаёт қонуни азалдан комил,

Адолат оқибат енгар беармон.

Аллоҳ дер: "Заифга жабр айлама,

У мендан тиласа – ёрдам берарман…”





*

Дунёда ҳар нарса ўткинчи, билгил,

Қувонч етган бўлса – шодлан, етади.

Ташвиш келган бўлса – ташвишланмагин,

У ҳам мангу эмас, у ҳам ўтади…

*

Ҳаммамизни Аллоҳ яратди,

"Йўқотмайин сизни” – дема, бас -

Йўқотмайди ҳеч ким ҳеч кимни,

Чунки ҳеч ким ҳеч кимникимас.

*

Воҳ, бунчалар шавққа, шахдга тўлганмиз,

Орзулар кўп, кибр ундан-да кўпроқ -

Асли бир томчидан пайдо бўлганмиз,

Охир бўлажакмиз бир сиқим тупроқ.

*

Севгилим, мен сени кўрган лаҳзада

Унутилди ўтган умрим маҳзани.

Энди қолган умрим ўтар ғамзада,

Унута олмасдан ўшал лаҳзани…

*

Бирови бошлиқдан тилайди шафқат,

Бирови замондан турибди сўраб,

Бирови фалакдан кутади омад…

Мен фақат Ўзингдан тилайман, ё Раб!

*

Имом Шофеъий дедилар бир он:

"Ҳаётнинг тарзига назар сол ичкин –

Жим туриб ҳаммани қўрқитар арслон,

Ит тинмай вовуллар – қўрқмайди ҳеч ким!”

*

Румийдан бир ҳикмат англадим бу кеч:

"Болам, ғамда ёнсанг, эзилмагин ҳеч.

Ўтин ёнган сари – ўчоқда кулдир,

Банда ёнган сари – Аллоҳга қулдир…”

*

Илм дер: инсонда – тўқсон фоиз (90%) сув,

У гоҳида – оқил, гоҳида – ёвуз…

Гар ақли бўлмаса, бўлмаса қалби,

Инсон – рўпарангда тик турган ҳовуз.

*

Яшамоқ санъати – чидамдир мудом,

Тўрт ёнда изғийди турли хил шарпа.

Оғриган жойингни кўрсатма, айтсанг –

Айнан шу жойингга берарлар зарба…

*

Бозорга айланди бугун ҳамма ёқ,

Биров олиб, биров сотаётгандир.

Шовқинда эшитмай қолдим, эҳтимол

Омад эшигимни чертаётгандир…



1984-2013

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (03.05.2013)
Просмотров: 738 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz