Оливия Калпо кофирми?
Ҳиндистон полицияси америкалик 21 яшар "Коинот гўзали" Оливия Калпони худди шу нарсада айбламоқда. Буюк Бобурий ҳукмдорларидан бири бўлган Шоҳ Жаҳон севимли рафиқасига атаб қурдирган "Тож Маҳал" жаҳон меъморчилигининг "дурдонаси" саналади. "Муҳаббат обидаси", деб ҳам юритилувчи мақбара Бирлашган Миллатлар ЮНЕСКО жамғармасининг "Ноёб меъморий обидалар" рўйхатига киритилган. Асрларки ўзининг гўзаллиги ва нафосати билан инсонларнинг ақлини шошириб келаётган "Тож Маҳал" "дунёнинг етти мўъжизасидан бири" сифатида ҳам эътироф этилади. Ҳиндистондан олинган хабарларга кўра, "Коинот гўзали" аввалдан рухсат олмай туриб, мақбара сатҳида хорижий ширкатлардан бирининг пойафзалини реклама қилган. Ҳиндистондаги кўзга кўринган нашрлардан бири бўлган "Hindustan Times"нинг ёзишича, ҳодиса ўтган якшанба куни юз берган ва маҳаллий полициянинг "гўзал"га қарши иш очиши билан якунланган. Куни-кеча "Коинот гўзали" танлови ташкилотчилари Ҳиндистондан расман "узр" ҳам сўраб чиқишган. "Гўзал"нинг ўзи эса, аллақачон Ҳиндистонни тарк этгани айтилмоқда. Оливия Ҳиндистонда нималар қилиб юрганди? Хабарларга кўра, Американинг Род-Айленд оролилик Оливия Калпо "Коинот гўзали" сифатидаги мажбуриятлари доирасида 10 кунга Ҳиндистонга сафар қилаётган бўлган. Ўтган якшанба куни эса, гўзалнинг "Тож Маҳал" мақбарасига қилган сафари фото-сессияга айланиб кетган. Хабарларга кўра, Оливия хоним мақбаранинг оқ мармарли зинасига ўтириб, бир жуфти оёғида, иккинчиси қўлида бўлган алфозда оёқ кийимларини реклама қилган. "Тож Маҳал" сатҳида бирор бир нарсани тарғиб ёки ташвиқ қилиш расман тақиқланади. Шу боис ҳам, мақбара назоратчилари "Коинот гўзали" ва унинг ҳамроҳлари устидан полицияга шикоят қилишган. Оливия Калпо ўтган йил декабр ойида бўлиб ўтган танловда 88 рақибини ортда қолдириб, "Коинот Гўзали" тожини қўлга киритганди. Коинотнинг бу йилги гўзали эса, Россия пойтахти Москвада аниқланади. "Сидқидилдан узр сўраймиз" "Коинот Гўзали" ташкилотчилари ўз узрхоҳликлари битилган баёнотларини ўтган кун "Франс-Пресс" ахборот агентлигига йўллашган. Агентлик ўз хабарида, баёнотнинг "Биз "Коинот гўзали" иштирокида юз берган ҳодиса учун ҳинд халқидан ўтиниб кечирим сўраймиз", - деган сатрларидан иқтибос келтирган. Баёнот мазмунидан аён бўлишича, Оливия Калпо хоним мухлислари учун видео кундаликлар қилаётган бўлган. "Биз шу режамизнинг бир қисми ўлароқ фото- сессияларимизга ҳомийларимизни ҳам жалб қиламиз. Бу ишларимиз тужжорий мақсадларни кўзга тутмайди", - дейилади уларнинг баёнотида. "Биз эҳтиётсизлигимиз сабаб билмасдан етказган озоримиз учун чин дилдан кечирим сўраймиз". Хабарларга кўра, "Коинот гўзали" билан бирга "Тож Маҳал"га борган ҳинд дизайнерларидан бирига ҳам иш очилган. Агар, айбдор, деб топилишса, икковлон жаримага тортилишлари мумкинлиги айтилмоқда. Аён бўлишича, улар "Қадимий обидалар ва Археологик Сатҳлар тўғриси"даги қонунчиликка зид иш тутишган. "Тож Маҳал" Мақбарани тарихга Буюк Муғўл императори сифатида ҳам кирган Шоҳ Жаҳон ўзининг севимли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим хотирасига атаб қурдирган. Шундоққина Жамна дарёси бўйида жойлашган "Тож Маҳал"ни йилига дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб одамлар зиёрат қилишади. Уни баъзан "ёноқдан оқаётган кўз ёши"га ҳам қиёслашади. Мақбарага оёқ кийимида кириш ва юриш тақиқланган. Аммо Оливия хоним фото-сессиясини ўтказган боғида пойафзалда юриш мумкин. Оқ мармарга қимматбаҳо тошлар ўйиб ишланган "Тож Маҳал" мақбарани қуриш ишлари бегимнинг ўлимидан йил ўтиб, 1632 йилда бошланади. Тарихий манбаларда "гўзаллик ва зеҳнда танҳо" бўлгани айтилган маликанинг 14- фарзандини туғиш пайтида дунёдан кўз юмгани айтилади. Ўзидан кейин ҳам дунёнинг манаман, деган қанчадан-қанча меъморларини илҳомлантириб келаётган мақбара 22 йил деганда қуриб битказилган. "Усталарнинг қўлини кесиб ташлаган" Айрим манбаларда келтирилишича, Шоҳ Жаҳон тасаввуридаги "суюклисининг жаннатдаги уйи"ни яратиш учун йигирма мингта уста кечаю кундуз тер тўкиб ишлашади. Халқ оғзида юрган ривоятларда эса, қайтиб бошқа "Тож Маҳал" қурмасликлари учун шоҳ барча усталарнинг қўлларини кесиб ташлаган экан, деб муболаға ҳам қилинади. Ўтган йил Бирлашган Араб Амирлиги Дубайда "Тож Маҳал" мақбараси нусхасини яратиш лойиҳаси билан чиққанди. Ушбу лойиҳанинг қиймати эса, 1 миллиард АҚШ долларига баҳоланганди. Бобурийларнинг Ҳинд ярим оролидаги ҳукмдорлиги уч асрдан зиёд давом этган. Уларнинг шоҳликлари даврида яратилган ва ҳозир ҳам ўз гўзаллигию салобатини бутун дунёга кўз-кўз қилаётган меъморий обидалар биргина "Тож Маҳал" билан чекланмайди. Пойтахт Деҳлидаги Қизил Қалъа ва Жомъе масжиди, Фотиҳпур Секридаги Панч Маҳал, Лоҳурдаги Жаҳонгир мақбараси ва Шалимар боғи ҳар куни неча юз минг сайёҳларни ўзига жалб этади.
|