Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 75
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

РАҚҚОСА
       РАҚҚОСА
Тўрт ойдан буён Илол қалъасидагиларни интиқ куттирган ёмғир ниҳоят шаррос қуйди. Аммо энди вақт ўтган, қурғоқчиликдан азият чеккан қалъа аҳли ёғийга таслим бўлишни афзал билишганди. Ўзи омад кулиб, тақдир қўлламаса ҳамма ишлар тескарига кетар экан. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси Туркон хотун Мозандарондаги бу қалъада ўрнашаётганда, унинг фақатгина метин мустаҳкамлигини эмас, балки, бу ерда намликнинг ҳар доим юқорилиги-ю, ёғин-сочин кўп бўлишлигини инобатга олганди. Зеро, Илол қалъасида илгаритдан камдан-кам ҳолларда ҳаво очиқ бўлар, кўпинча ёмғир севалагани-севалаган эди. Бироқ бу гал аксига олиб ҳаво ниҳоятда очиқ келди. Чингизхон қўшинлари қалъа теграсида девор ва дарвоза қуришиб, атроф-жавонибни мисли қумурсқадек ўраб олишганди. Мўғуллар дарвозани кундузи очиб, қалъа ичкарисидаги аскарларга дўқ-пўписа қилишар, Туркон хотунни таслим бўлишини сўрашар, тунда эса дарвозани ёпишарди. Илол қалъасига ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам кириб чиқишнинг бирор-бир йўли қолмаганди. Айни вақтда Талоқонда бўлиб турган мўғуллар ҳукмдори Чингизхон султоннинг онаси ва унинг атрофидагиларни тириклайин тутиб келтиришни буюрган, шунинг учун жамалунотлар ва манжаниқлар ишга солинмаган, мўғуллар фақатгина қамал билан чекланиб туришарди. Қалъадаги нуфузли кишилар орасида Туркон хотундан ташқари, хоразмшоҳнинг собиқ вазири Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ, султоннинг норасида ўғиллари ва номусининг жавҳари бўлган қизлари бор эди. Мўғулларга султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг гоҳ Жайхун бўйидаги қумтепалар ва барханлар орасида дайдиб юргани ҳақида, гоҳ унинг Калиф ва Андхуд ҳудудида пайдо бўлгани, гоҳ эса Қулзум денгизидаги аллақандай кимсасиз оролга қочиб боргани хусусида пайдар-пай, узуқ-юлуқ хабарлар келиб турарди. Баъзан султоннинг ўғиллари ва давлатининг асосий меросхўрлари бўлган Жалолиддин, Ўзлоғшоҳ ва Оқшоҳлар ҳақида ҳам айрим хабарлар янграб қоларди. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, бу хабарларда, уларнинг ҳеч қайсиси Илол қалъасидагиларни қутқариш учун келаётганлиги хусусида сўз бормасди. Хуллас, Илол қалъасидагиларнинг аҳволи танг эди. Балки шу сабабдан ҳам Туркон хотун Чингизхондан омонлик сўраб элчи жўнатгандир. Ҳамма қалъага элчини қайтишини кутарди. Мўғулларнинг одати тутиб олган кишисини сўроқ-истоқсиз ўлдириш бўлгани учун унинг қайтишига балки кўп ҳам умид йўқдир. Лекин букун эрта тонгданоқ элчи қайтгани ҳақида хабар қилишди. Бинт Занкижа буни тўсатдан эшитиб қолди. У ҳам қалъадагиларнинг тақдири нима бўлишини, ўзининг кейинги ҳаёти қандай кечишини ўйларди. Уни бир пайтлар султонга туҳфа қилишганди. Султон биринчи кўришидаёқ бу қизалоқнинг рақсига мафтун бўлиб қолганди. Сирасини айтганда, Бинт Занкижа раққоса бўлиб, жуда чиройли рақсга тушар, кейинчалик бўйига етгандан сўнг султон ихтиёридаги бутун ҳудудлардан у каби рақсга туша оладиган иккинчи раққосани топиш амримаҳол эди. Султон баъзан оқшомлари бўза ичиб, Бинт Занкижанинг рақсини томоша қилар, гўё бу билан ўзининг боши устига ёпирилиб келаётган ғавғолардан чалғимоқчидек бўларди. Султон раққосанинг хоразмча рақслари ижросига мунгли боқиб ўтираркан, Бинт Занкижа рақсга тушиш асносида ҳукмдорининг қиёфасидан унинг кўнглида нималар кечаётганлигини уқиб олишга интиларди. Бинт Занкижа шуни яхши эслайдики, султон сира ҳам илгариги султонга ўхшамасди. Кечагина қорахитойлар гўрхонини сиқувга олиб сарсон-саргардонликка мубтало қилган, Бағдод халифасига таъсир ўтгазган Муҳаммад Хоразмшоҳ энди қандайдир мўғуллардан қўрқиб ўзи сарсон-саргардонликда юрибди. Бинт Занкижа султонни ўйласа негадир эзиларди. Шундай улуғ ҳукмдорнинг бундай куйга тушиши Бинт Занкижанинг юрагига оғир ботарди. У шундай куйда ўз хонасида ўтираркан, деразадан қалъа ташқарисида нималардир бўлаётганлигини англаб қолди. Дарвоқе, Туркон хотун Чингизхоннинг таслим бўлишлик ҳақидаги шартига кўнганди. Элчининг келтирган хабарига кўра, фақат шундай ҳолатдагина Туркон хотун ва унинг яқинларига омонлик берилар экан. Шу боис, ҳозир мўғуллар қалъанинг ичкари ҳовлисига кириши учун дарвозалар ланг очилаётганди. Буни кўрган мўғуллар ичкарига  яланг қиличлар кўтарган ҳолда отилиб киришди. Улар дарвозалардан кирар ҳамоноқ, дарвозани очган хоразм аскарларни чопиб ташлади. Қалъанинг юқори қаватидан буни кузатиб турган Бинт Занкижанинг эти увишиб, ўзини дераза олдидан четга олди. Бу вақтда шовқин-сурон кўтарган мўғуллар қалъа атрофида кўзларига кўринган эркаклар, ўспиринлар ва болаларни қиличдан ўтказишар, бунга аёлларнинг дод-фарёди, норасида қизларнинг нола-фиғони қўшилиб кетарди. Бинт Занкижа нима қилишини билмасдан хонадан югурганча отилиб чиқди-ю, яна ортига қайтиб, эшикни маҳкам ичкаридан беркитди. У ҳеч қачон бу лаънати мўғулларнинг қўлига тушиб қолишини истамасди. Занкижа хонага яшириниш учун жой қидириб кўрди. Аксига олиб бу жимитдек хонада яширинишга тузуқ-қуруқ жойнинг ўзи йўқ эди. Бинт Занкижа келишган суқсурдек қиз эмасми, уни исталган мўғул исталган пайтда пайқаб қолиши тайин. У хона бўйлаб гир айланаркан, нима қилишини билмасди. У мўғуллар қўлига тушгандан кўра, ўлимни афзал биларди. Ўзининг пушти-паноҳи бўлган султоннинг шундай вақтда мўғулларга қарши урушмасдан қочиб юрганини ўйларкан, энди Бинт Занкижа учун ҳеч қандай умид йўқлигини, фақат ўлимгина уни мўғуллар чангалидан омон ва пок сақлаб қолишини ҳис қилган ҳолда хонадан бирор-бир тиғ бормикан дея атрофга олазарак боқди. Аммо бахтга қарши Бинт Занкижанинг хонасига бундай нарсалар сақланмасди. Унинг ётоғи деворлари адрас ва ипак матодан тикилган рақс кийимлари, аёллар чопонлари, чўгирмалар ва узун қулочли дутор осилган турарди. Бинт Занкижа хонада ўймалашаркан, берк эшикни кимдир дурсуллатиб тепганидан чўчиб тушди
 -       Эшикни оч, – ташқаридан дағал ва қўпол мўғул овози янгради.
 Бинт Занкижани бирдан узун сочлари эсига тушди. Хонадан тиғ топа олмаганига қарамай, у имкон топа олганидан хушнуд бўлиб, сочларини бўйнига ўраб, ўзини жон талвасасида бўға бошлади. Эшикни чамамда икки-уч мўғул бири қўйиб бир тепарди. Бинт Занкижа улгуролмади. Эшик қулаб тушиб ичкарига танасидан от шиптирининг ҳиди келадиган, калласи хумдек икки нафар мўғул отилиб кирди. Улар кирган заҳоти ўзини сочлари билан буғаётган нозикниҳол қизга ташланишди. Занкижани сочлари чилвиридан озод қилишаркан, улардан бири сулахмондай бадбуруш мўғул ҳамроҳига:
 -       Эшикни ёп Бўжи, –  деди. – Хушбичим қушчанинг ўзи қўлимизга тушиб қолди-ку?
 -       Тўлон, у билан кайф суришга улгурасан, лекин у султоннинг қизи бўлса калланг кетади. Ҳоқоннинг фармонини эшитмадингми-ё?! – уни огоҳлантирди новчадан келган ҳамроҳи.
 -       У султоннинг қизи эмас, – Бўжини сўзини бўлди Тўлон. – Бўл, эшикни ёпиб тур.
 Мўғулларнинг мусоҳабасини тингларкан, Бинт Занкижа дарҳол ўзини қўлга олди.
 -       Менга яқинлашма бузуқи, мен султоннинг қизиман! – ўзига яқинлашган Тўлонни шашт билан орқага итариб юборди раққоса.
 -       У султоннинг қизи экан!  Қўй, шунга тегмай турайлик. – ҳамроҳини шаштидан қайтарди Бўжи.
 -       У Султоннинг қизи эмас, бизни алдаяпди бу манжалақи.
 -       Уни асир олайлик Тўлон, агар султоннинг қизи бўлмаса, сен уни ўзингга оласан.
 Бадбуруш мўғул ҳамроҳининг сўзидан таскин топди шекилли, бинт Занкижадан йироқлашиб, унинг деворда илинган рақс кийимларига бир қур кўз югуртирди. Дуторни девордаги илинган жойидан олиб, ҳамроҳига:
 -       Мана бу ёғоч гурзини олиб қўй, султон билан жангда ҳали керак бўлади,  – дея ҳазиллашди. Бунга жавобан новча Бўжи дуторни оёғи остига топтаб синдираркан:
 -       Султоннинг қизлари шунақа гурзилар билан машқ қиларкан-да, қойил, – деди.
 Бинт Занкижа мўғулларнинг тўпори ва омилигини кўраркан, бунақа одамлардан ҳар нарса кутиш мумкинлигини хаёлидан ўтказди. Бўжи унга деди:
 -       Агар чиндан ҳам султоннинг қизи бўлсанг, тайёргарлигингни кўр, сизлар шу бугуноқ Талоқонга кетасизлар. Тақдирларингни ўша ерда ҳоқонимиз Чингизхон ҳал қилади.
 Бу гап албатта бадбуруш мўғул Тўлонга ёқмади. Лекин у буни ҳамроҳига сездирмади. У бинт Занкижани ҳозироқ ўзиники бўлишини истаганди. Аммо бахтга қарши у султоннинг қизиман, демоқда. Агар бу нозанинг ҳақиқатан ҳам султоннинг қизи бўлса, уни ҳоқоннинг ўғилларидан бири Ўқтойми, Жўжими бирови олар, балки, ҳоқоннинг ўзи уни чўри қилиб олар. Ҳар ҳолда нима бўлганда ҳам, унга тегмай тургани маъқул. Чингизхон фармонига бўйсунмаганларни аяб ўтирмайди. Тўлон шуларни ўйлаб бинт Занкижага тегишни хаёлидан чиқариб ташлашга уринди. Бинт Занкижа деворда илинган кийимларини йиғиштиришга тутинаркан, дуторни синдириб ташлаган мўғулдан нафратланиб соз синиқарини чеккага олиб қўйди. Ҳар икала мўғул ҳам унга ришва ва шаҳват кўзи билан боқиб турарди. Занкижа буни ҳар лаҳзада сезиб турар, шундай бўлса-да, ўзини жасур ва дадил тутишга уринарди. Занкижа нарсаларини йиғиштириб бўлгач, мўғуллар уни пастки қаватга бошлаб тушишди. Қалъа ҳовлисига чиқишганда бинт Занкижа султоннинг кичик фарзандлари ва қизларига кўзи тушди. Собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ҳам шу ерда эди.
 -       Бу бинт Занкижа-ку?..  – деди у раққосани таниб.
 -       У ҳам султонга тегишлими? – ундан бу ҳақда суриштирди мўғул лашкарбошиларидан бири.
 -       Ҳа, албатта, бўлмасам-чи?.. – қўрқув ичра тез жавоб берди собиқ вазир. – У султоннинг раққосаси.
 -       Раққоса экан у, – деди лашкарбоши хоразм тилини тушунмайдиган ёнидаги шеригига мўғулча талафузда. – Майли, уни ҳам ҳоқонга юборамиз. Хоразмшоҳнинг ноғорасига ўйнаган рақсларини ҳоқонга ҳам бир ижро этиб берсин-чи?!
 Лашкарбошининг сўзининг эшитиб қолган Тўлон, ҳамроҳи новча мўғулга ўқрайиб қараб қўйганча, уни четга тортди.
 -       Нима дейсан?.. – шеригининг раъйига истамайгина майл билдирди Бўжи.
 -       Аблаҳ, сенинг гапингга кирмаганимда, анови хоразмшоҳнинг раққосасини…
 -       Мен қаёқдан билай, – ўртоғини сўзини бўлиб қўйди Бўжи. –  Султоннинг қизиман деганидан кейин қўрқдим-да, балки лашкарбошидан уни бизга беришларини сўраб кўрармиз-а?..
 -       Энди уни тушингда кўрасан овсар. Биз ким бўлибмиз-ки, лашкарбоши уни бизга беради. Ҳаммасига сен айбдорсан.
 -       Бўлган иш бўлди, ана қара, Туркон хотунни олиб келишяпди, – Тўлоннинг диққатини султоннинг онасига жалб қилди Бўжи.
 Улар ёши пича ўтиб қолганига қарамай анча кибрли ва салобатли аёлга жимгина тикилиб қолишди. Лашкарбоши султоннинг онасини имкон қадар илиқ кутиб олишга чоғланаркан, бунга жавобан Туркон хотун:
 - Бизни тезроқ ҳоқонингиз Чингизхон олдига элтинглар, – деди. Лашкарбоши султонинг ўғиллари ва собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг қўлига ғул солишни, ҳоразмшоҳга тегишли бошқа аёлларга эса тегмасликка буйруқ берганидан сўнг, улар мўғул аскарлари қуршовида қалъадан чиқиб кета бошлашди. Бинт Занкижа ҳам бу ердан тезроқ кетишга ошиқарди. Зеро, қалъа ҳовлиси атрофидаги ҳамма жойларда нимталанга ўликлар ётар, уларнинг баъзилари аёллар ва болаларга тегишли эди. Қалъадан ташқарига чиқишлари ҳамоноқ, бинт Занкижа ёмғир томчилаётганлигини ҳис қиди. Ёмғир аввалига битта-битта томчилай бошлади, сўнг, бирданига шаррос қўя бошлади. Шунча вақт ёғмаган ёмғирнинг энди Илол қалъасидагиларнинг таслим бўлганидан кейинги ёғиши бинт Занкижани баттар ҳайратлантирди. Буларнинг ҳаммаси тақдирнинг инояти билан рўй бераётганлигини у теран англаркан, эртаси нима бўлишидан қатъий назар ҳаётга мардонавор боқиши лозимлигини у энди яхши тушунарди. Толақонга нисбатан тезроқ етиб боришлари учун аёллар ва болаларни от араваларга чиқаришди. От араваларни мўғул сарбозлари бошқариб борарди. Бинт Занкижа ҳам аравада Мазондарондан Толақонга кетиб борарди. Тупроқ йўлларнинг таровати ёмғир нафаси билан аралашиб кўнгилни қитиқлар, бироқ уларга яқинроқ юришга уринаётган мўғуллардан елаётган шиптир ҳиди буни бўғиб қўярди. Бинт Занкижа йўл-йўлакай Толақонга қадар икки хил кайфият билан борди. Бири узун йўлда карвонлар садоси остида мисоли ипак йўллардан таралаётган хоразм рақсларининг қуюқ оҳанглари бўлса, иккинчиси, унга ришва кўзи билан қараётган мўғул аскарларининг ёқимсиз турқ-таровати эди. Бу туйғуларнинг бири бинт Занкижа юраги ширин хотираларни уйғотса, иккинчиси, хоразм қизларига вахшиёна ҳирс билан боқаётган босқинчи мўғулларга нисбатан нафрат эди. Бинт Занкижа, аввалроқ, Илол қалъсини Туркон хотун мўғулларга очиб берган чоғда, ўзини ўлдирмоқчи бўлганди, энди эса, Толақонга уларнинг ҳукмдори Чингизхон ҳузурига кетмоқда. У ёқда бинт Занкижани нима кутишини ҳеч ким билмасди. Аслида билишнинг нима кераги бор?.. Барибир ҳеч ким тақдир ёзуғидан қочиб қутулолмайди. Бинт Занкижа ҳам бунга қаттиқ ишонарди. Толақонга етганларига қадар ёмғир умуман тинмади. Шунчалик кўп ёмғир ёғди-ки, ҳамма шалоба бўлди. Лекин мўғуллар то Толақонга етгунга қадар тўхташни хаёлига ҳам келтиришмади. Ниҳоят кечга яқин Толақонга эсон-омон етиб келишди. Шу ерда улар учун аввалдан тайёрлаб қўйилган ўтовларга жойлашишди. Ўтовлар атрофини мўғул аскарлари қўриқлар, бу ердан аёл кишининг қочиб кетиши даргумон эди. Бинт Занкижани султонинг катта қизи Хонсултон хоним ўз ҳузурига олиб қолди. Хонсултон хоним Самарқанд ҳоқими Султон Усмоннинг умр йўлдоши эди. У ниҳоятда ақлли ва хушсурат аёл бўлиб, Туркон хотун давлат арконларига аралашмаганда Хонсултон хоним отасига салтанат ишларини бошқаришида яқиндан ёрдам берган бўларди. Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ тўнғиз қизига ишончи юксак бўлгани учун унга ўз муҳрини ишониб топширган, у шу муҳр билан отасининг фармойишлари ва имзосини тасдиқларди. Хонсултон хоним турмушга узатилганидан сўнг, Султон Усмон билан Самарқандда яшаб келарди. Чингизхон қўшинлари Хоразмшоҳлар давлати ҳудудларига бостириб кирмасдан аввал Самарқандда бўлган ҳарбий машваратлардан сўнг, у эри ва отасининг раъйига кўра, Хоразмга Туркон хотун ҳузурига юборилганди. Султонинг бошқа қизлари ва кичик ўғиллари ҳам Туркон хотун ҳимоятига жўнатилганди. Бинт Занкижани ҳам султон буйруғига кўра, созандалар билан биргаликда Хоразмга юборишганди. Аммо Туркон хотун Хоразмда туришни афзал билмай Мозандаронга келган ва Сори дарёсининг юқори қисмида жойлашган Илол қалъасига келиб ўрнашганди. Энди эса, у қалъа ҳам бой берилган, мўғуллар ҳукмдори Чингизхон раъйини кутиб Толиқонда хоразмшоҳ қизларининг иззат-нафсига ярашмайдиган ўтовларда туришарди. Бинт Занкижа бир кеча Хонсултон хоним билан бир ўтовда тунаб қоларкан, хонимнинг ниҳоятда босиқлиги, айни пайтда отаси султон Муҳаммад Хоразмшоҳни қанчалар яхши кўриши билиб олди. Эртасига эрталаб Туркон хотунни Чингизхон ҳузурига чорлади. Султоннинг онаси шошилинч бу ерни тарк этди. Кейин собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ олиб кетилиб қийноққа солинди. Ундан сўнг султоннинг кичик ўғилларини олиб кетишди. Чингизхон уларни қатл қилишга фармон берди. Султоннинг энг кичик ўғли Чингизхоннинг буйруғига кўра бўғиб ўлдирилди. Шундан сўнг навбат унинг қизларига келди. Чингизхон хоразмшоҳнинг иккита қизини ўғли Чиғатойга берди. У қизлардан бирини ўзига чўри қилиб олди, иккинчисини вазири Қутбиддин Ҳабашга берди. Валиаҳди Ўқтой ва кичик ўғли Тўлихонга ҳам хоразмшоҳ қизларидан насиба тегди. Тўлихон хоразмшоҳ қизидан ўзининг насибасини олгач, уни хизматидаги ҳожиб Амидга тортиқ қилиб юборди. Хонсултон хонимни Чингизхоннинг ўғли Жўжи ўзига хотин қилиб олди. Бинт Занкижа эътибордан четга қолди. Эҳтимол собиқ вазир уни ўз ҳимоятига олгандир. Ҳар ҳолда уни мўғулларга беришмади. Бунинг учун бинт Занкижанинг тақдири илоҳийдан миннатдорчилиги бисёр эди. Бу орада собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг ҳам аҳволи бир мунча яхшиланди. У дастлабки қийноқлардан сўнг, Чингизхонга хоразмшоҳлар давлатининг молиявий ишлари ҳақида ҳоқонга яқиндан ёрдам бера бошлади. Баъзан Чингизхон вилоятлардан келган солиқ ва даромадларни текшириб кўришни Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳдан сўрар ва собиқ вазир бу ҳақда билганларини оқизмай-томизмай мўғул ҳоқонига айтиб берарди. Бинт Занкижа бўлса, собиқ вазир яшаб турадиган ўтовда унинг уй ишларига қарашиб юрарди. Бу ишлар собиқ вазирнинг кийимларини ювиш, ўтовни саранжом-саришта тутиш ва шунга ўхшаш бошқа юмушлар эди. Бир куни бинт Занкижа собиқ вазирнинг кийимларини тордан йиғиштириб олаётган пайтида, иккита мўғул ва уларнинг ёнида турган яна бир турқи совуқ кишига кўзи тушди. Раққоса мўғулларни дарҳол таниди. Улар Илол қалъасидаги унинг хонасига бостириб кирган Тўлон ва Бўжи эди. Лекин уларнинг ёнида турган кимсани Занкижа танимади. У Занкижага худди еб қўйишга тайёр мўр-малахдек тикилиб турарди. Бинт Занкижа ўзини кўздан панага олиш учун ўтовга югуриб кирди. Ўтов ичида собиқ вазирнинг қиличи осиғлиқ турарди. Занкижа ҳар эҳтимолга қарши қилични олиб ялонғочлаб турди. Мабодо бу мўр-малахлар ўтовга кирадиган бўлса, Занкижа уларни чавақлаб ташлашга тайёр эди. Ўтов атрофида мўғулларнинг оёқ товуши, сўнг ўзларининг овози эшитилди:
 - Эй, раққоса, нима, бизни танимадингми? – бу ўша новча Бўжининг овози эди.
 - Чиқ буёққа, – дўқ урганнамо буюрди Тўлон.
 - Бу ердан йўқолинглар, акс ҳолда ҳаммангизни ўлдираман, – ўтов эшиги узра қилич сермади у.
 - О, жуда жасур қиз экан-ку? Шунақа жононлар қарамоғингда бўлганига не етсин. Раққоса, менга исмингни айт? – дағал овозда буюрди уларнинг қўпол нотаниш шериги. – Мен самарқандлик каххал Зайн бўламан. Ҳоқоннинг кўзи оғриб қолган экан. Бугун уни даволаб бўлдим. У менга тилаган нарсангни бераман, деди. Эшитишимча, анови собиқ Низомулмулкни хизматида экансан. Сени ҳоқондан ўзимга сўратиб оламан. Кечалари Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни эмас, менинг оёқларимни уқалайсан. Нима дединг-а?..
 У қаҳ-каҳ уриб кулди. Унинг хохолаганига Бўжи ва Тўлон ҳам қўшилди. Каххал Зайнни бу ерга Тўлон ва Бўжи бошлаб келганди. Ҳоқони аъзам Чингизхонни бир ой бурун кўзи оғриб қолганда, Тўлон ва Бўжи уни лашкарбошининг буйруғига кўра Самарқанддан келтиришган ва айни чоғда у билан яқин бўлиб олишганди. Тўлон раққосани қандай қилиб бўлмасин қўлга киритиш пайида юрарди. Аммо Чингизхоннинг ишончига кира бошлаган Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг қарамоғидаги гулга ўз-ўзидан қўл теккиза олмасди. Кўз табиби Зайн ҳоқони аъзамдан исталган тилагини бажо қилиш ваъдасини олгач, Тўлон унга раққосани ҳадя қилишни сўрашни тавсия қилган ва шу боисдан уни бу ерга Занкижани кўришга бошлаб келганди. Раққоса каххал Зайнга ёққанди. Нафақат қўполлик ва дағалликда, балки бадбурушликда ҳам Тўлонни ортда қолдирадиган бу қаримсиқ тўнка бир кўришдаёқ Занкижани ўзиники бўлишини хоҳлаб қолди. Тўлонга айнан шу керак эди. Агар у раққосани Чингизхондан сўраса, ҳоқон ҳеч иккиланмасдан уни каххалга совға қилади. Бу қари эшакдан раққосани тортиб олиш Тўлон учун иш эмас. Уни Самарқандга қайтишда бўйнига қилич тортади тамом. Лекин у ҳозир ўзича хурсанд. Тўлон унга қўшилиб кулган бўлса-да, ич-ичидан шундай ўй ўтар, лекин буни сиртига чиқармасди. Ҳатто найнов дароз Бўжи ҳам Тўлоннинг кўнглидагилардан бехабар эди. Улар хохолашаркан, қиз уларга ҳеч нарса демади.
 - Кетдик, бу ерда бизни биров кўриб қолиши мумкин, – деди Тўлон. – Ҳали ишни пиширмаси, подадан олдин чанг чиқариб юрмайлик.
 - Сарбоз Тўлон, мен киришган ишимни албатта пишираман, кўрасан, бу раққоса албатта меники бўлади. Шунақа давр келишини ким ўйлабди. Хоразмшоҳнинг раққосаси энди каххалники, – хихилади у. – Исмингни айтмасанг ҳам ўзимники бўлган оқшомда айтасан. Майли биз кетдик, ҳали яна кўришамиз раққосайи жонон.
 Новча Бўжи, каххал ва Тўлоннинг ортидан эргашди. Бинт Занкижа ўтов пинжидан уларни кузатиб қоларкан, аҳволи мушкуллигини ҳис қилди. У Толақонга келгач собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳдан ўзини ҳимоятига олишни сўраганди. Вазир унга йўқ дея олмаган, ахир бинт Занкижадай дилбар қизни ким ўзиники бўлишини хоҳламайди?! Анави бадбуруш қариб-чуриб қолган каххал ва мўғулларнинг суҳбатини тинглаганидан сўнг, Занкижани қаттиқ изтироб босди. Агар иш каххал айтганидай Чингизхоннинг ваъдасига боғлиқ бўлса, Занкижани Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ҳам қутқара олмайди. Ё, Худо, бу ярамас мўғуллардан қутқадинг десам, энди ёғийларнинг ялоқхўри каххалга мени рўпара қиласанми?! Занкижанинг кўзларидан ёш думалаб оқа бошлади. У Илолдаги қамалда қурғоқчиликдан қийналганда ҳам, султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг мамлакатни ҳимоя қилмай ташлаб қочганида ҳам йиғламаганди. Лекин энди чидаб туролмади. Занкижани овозини борича бақириб йиғлагиси келарди. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ яқинда бир гап топиб келди. Султоннинг онаси ва завжаларини яқинда Толақондан Самарқандга олиб кетишар экан. Ўша ерда Чингизхон султоннинг хотинларини қолдириб, то мўғул қўшинлари Самарқанддан чиқиб кетгунча хоразмшоҳлар давлатининг таназзули учун овозини борича бақириб йиғлашларини буюрар эмиш. Занкижа султон давлатининг таназзули учун ҳозирнинг ўзидаёқ бақириб йиғлашга тайёр эди. Лекин у бир ожиза, эрки ўзида бўлмаган ожиза. Йиғлаш ҳам, кулиш ғам, ёғий ҳукмдори Чингизхон измида. У кулса куласан, йиғласа йиғлайсан. О, Хоразмшоҳлар давлати қандай манфурлар қўлига қолди-я?! Бинт Занкижа кўзларини ёшини артди. Ёғий йиғлагани ҳам кўришини у истамасди. Султон ҳарамида у ҳеч қачон йиғламаганди. Энди бу манфур мўғуллар қўлида йиғлайдими?! Бинт Занкижа қабоқларидаги намни сидириб мўғул ўтовидан ташқарига чиқаркан, собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни ташвишли қиёфада бу томон келаётганлигини кўрди. Занкижа унга салом бериб қарши оларкан, собиқ вазир раққосага:
 -       Менга шароб ҳозирла Занкижа, – деди. – Ташвишларни унутмасам, адои тамом бўламан.
 -       Яхши, ҳозир ўтовга олиб бораман, – Занкижа омбор сифатида фойдаланиладиган қўшимча ўтовга йўл олди.
 У ердан Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ учун шароб ва газаклар олди. Уларни собиқ вазир ўтовига олиб бораркан, ҳожасининг ниҳоятда хомушлигини пайқади. Занкижа Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг ўзи бу ҳақда сўз очмагунча, бу ҳақда сўрай олмасди. Собиқ вазир ўтовдаги қалин тўшакда ёнбошлаб ўтираркан, раққосага:
 - Шаробдан қўй, Занкижа,  – деди. – Ўзинг ҳам ўтир.
 Занкижа ҳожасининг буйруғига итоаткорона аста чўкди. Унга аввалдан ҳозирлаб қўйилган дастурхон узра шаробдан қўяркан, унинг кайфиятини уқиб олишга интилди.
 -       Занкижа,  – деди собиқ вазир қабоқлари осилиб кетган кўзларини унга маъносиз тикиб.
 -Қулоғим сизда, ҳожам, – бошини қуйи эгди Занкижа.
 -       Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ даври энди ўтди, – деди. – Бу ерда етиб келган хабарларга қараганда султон қулзум денгизидаги кимсасиз ороллардан бирида вафот этибди. Ўлимидан олдин, ўғли Жалолиддинни валиаҳд этиб тайинлаб, мўғуллардан мен учун сен қасос олишингга ишонаман, дебди. Султон ўз қиличини Жалолиддиннинг белига осиб қўйибди. Энди Жалолиддин султон давлатини қайта тиклай оладими-йўқми, буни ҳеч ким билмайди. Биз ваҳший арслон панжасидамиз. Бу ваҳший арслоннинг номини Чингизхон дейишади. Унга балки Жалолиддин Мангуберди бас келар. Лекин биз ҳаммамиз, мана шу ваҳший арслон панжасида ўламиз Занкижа. Султондай одам унинг илкига тушмаслик учун шунча олис жойга қочиб бориб вафот этибдими, биз унинг олдида ким бўлибмиз. Муҳаммад Хоразмшоҳ  мени вазирликдан четлаштириб Туркон хотун ҳузурига жўнатиб юборганида султон энди мени қатл этса керак деб жуда қўрққандим.  Аммо ўша қурқувим Чингизхон олдидаги қўрқувим олдида, чивин чаққанчалик ҳам эмас экан. Чингизхоннинг кимга кўзи тушса, ўша одамни қалтироқ босади. Муҳаммад Хоразмшоҳ бу жобирнинг олдида қанчалик оқил одам эди-я?!  Тўғри, унинг ҳам жаҳонгирлик даъвоси бор эди  Халифа ан-Носир, унинг ҳайбатидан чўчирди. Султон унга ўз номидан хутба ўқитишни талаб қилаётганди. У Бағдодни худди салжуқийлар давридагидек, хоразмшоҳлар ўз давлатининг пойтахти қилиб олади, деб қўрқарди. Олийжаноб шайх Шиҳобиддин ас-Сухравардийнинг Хоразмга элчи  бўлиб келишини эслайсанми?! У султонни ниятидан қайтариш учун дину-диёнатдан қанчалар кўп насиҳат қилганди. Султон аввал қайсарлик қилган бўлса ҳам, Ироқ юришида қўшинимиз қор бўронига учраб ортга қайтганидан сўнг, Сухравардийнинг гапини қулоққа олди. Аммо халифа ан-Носир нима қилди?! Чингизхон билан ёзишмалар олиб бориб, унинг Хоразмшоҳлар давлатига юриш қилишга ундади. У киши халифа, мусулмончиликни даъво қилади. Лекин бу қилган иши, мусулмончиликка умуман тўғри келмайди. Лаънат бўлсин бунақа халифага. Занкижа, сен сиёсатни тушунармидинг, йўқ, тушунмайсан. Қани майдан яна қуй…
 Занкижа собиқ вазирнинг сўзларини тингларкан, ҳақиқатан ҳам уруш оловини келтириб чиқарган, миллионлаб одамларнинг хонумонини куйдирган мўғул босқининг сабабларини илғагандек бўлди. Аммо илғаганда нима, энди бундан нима фойда, Муҳаммад Хоразмшоҳ янги хожаси айтганидай вафот этган бўлса, энди мамлакатни мўғуллар зуғумидан ким қутқаради. Занкижа Жалолиддин Мангубердини кўз олдига келтириб кўрди. Норғил, алпқомат, чапдаст баҳодир йигит уни эсига тушди. Занкижа саройдалиги пайтида ҳамма Жалолиддинни валиаҳд бўлади, деб юрарди. Ҳатто султоннинг ҳам фикри шундай эди. Аммо Туркон хотун Ўзлоғшоҳ бўлади, деди. У Жалолиддинни Ойчечакнинг ўғли деб унчалик хушламасди. Битта бувининг набирасини ёмон кўриши, мамлакат тақдирини шунчалик ўзгартириб юборишини ўшанда ким ҳам ўйлабди?! Занкижа собиқ вазирга майдан қуяркан, балки, Жалолиддин янги ҳожаси айтганидай мамлакатни мўғуллардан қутқарар, лекин унгача, ҳамма ўз-ўзини қутқазиши лозим.
 -       Нималарни ўйлайсан Занкижа? – сўроққа тутди уни собиқ вазир. Занкижа:
 -       Ҳеч нарсани ҳожам, шундоқ ўзим, сўзларингиздан мулзам бўлдим.
 -       Эҳ, Занкижа, ҳозир сенга бир хабарни айтсам, ундан баттар мулзам бўласан.
 -       Қанақа хабар? – Занкижанинг юраги шиғ этди. У қанақа хабар эканлигини деярли биларди.
 -       Бугун Чингизхон ҳузурида каххал Зайн сени ўзига сўрабди. У кўз табиби. Ҳоқонни яқинда кўзини даволаганди. Чингизхон унинг тилагини бажаришга сўз берган экан, унга сени совға қилибди. Бугун сени кечга яқин олиб кетишга келар экан. Менга бу ҳақда хабар қилишди.
 -       Ҳожам, мени унга берманг? Ахир сени ҳеч кимга бермайман дегандингиз-ку?.. – Занкижа унга умидвор ва илтижоли нигоҳ ила боқди.
 -       Ҳа, шундай дегандим, Занкижа,  – тан олди собиқ вазир. –Чунки султоннинг қизи Хонсултон хоним ҳам Жўжига берилмасдан олдин, сени ўз қарамоғимга олишни мендан сўраганди.
 -       Хонсултон хонимни сўзини ерга қолдирманг, – деярли ялиниш оҳангида илтижо қилди Занкижа.
 Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ шаробдан пайдар-пай ичаркан, Занкижага нима деб жавоб қилишни ҳам билмасди. У султонга вазирлик даврида Туркон хотун нима деса шуни қиларди. Унинг сўзини ҳеч қачон икки қилмаган. Султонга қарши борса борганки, Туркон хотунга Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ҳеч қачон қарши чиқмаган. Буни сабаби оддий. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг вазирлик лавозимига кўтарилишида Туркон хотуннинг хизмати катта эди. Агар Туркон хотун бўлмаганда Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ҳеч қачон Хоразмшоҳлар давлатига бош вазир бўлолмасди. Тўғри вазирлик йилларида у кўп одамларга ёрдам берган. Албатта ҳеч кимга шунчаки ёрдам бермаган. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ пора оларди. Унинг даврида кимки мансабдор бўламан деса, пора билан бўларди. Охир-оқибат Аловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ буларнинг ҳаммасидан бохабар бўлди ва уни вазирликдан четлатди. У ўзининг қиблагоҳи Туркон хотун ҳузурига кетди. Кейин бу ўлкага Чингизхон бостириб кирди. Туркон хотун унинг чангалига тушди. Энди Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни ҳимоя қиладиган қиблогоҳи йўқ. Агар бундай қиблагоҳ бўлса бу мўғуллар ҳоқони Чингизхон, лекин унга ишониб бўлмайди. Ўшанда аслида Аловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳга садоқат билан хизмат қилса бўлар экан?! Аслида мамлакатнинг емирилишида Туркон хотун ва Муҳаммад Хоразмшоҳ ўртасида ўйин ўйнаган Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг айби бор эмасми?! Энг катта айбдор унинг ўзи эмасми?! Яна халифани айблайди бу киши. Халифа ўз йўлига, агар у чиндан ҳам Чингизхонга мусулмонлар малакатига ҳужум қилишни айтган бўлса, у дунёда, бунинг учун унинг ўзи жавоб беради. Ҳалқ мақолида айтишади-ку, қўйни ҳам, эчкини ҳам ўз оёғидан осишади деб, шундай экан, Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ҳам албатта ўзи жавоб беради. Шу пайтга қадар у кимга ёрдам берган бўлса, фақат манфаат юзасидан ёрдам берди. Энди мана бу қиз, султон ҳарамидаги мана бу раққоса ўзини кечагина мўғулларга бермасликни ўтиниб сўраганди, энди эса, анови қаримсиқ бадбуруш каххал берманг мени деб ёлбормоқда. У ким бўлибдики, ундан ёрдам сўрайди. Ахир буни шахсан Чингизхоннинг ўзи буюрмоқда. Унинг сўзини ер юзида ҳеч ким икки қилолмайди. Иккинчи Искандар номини олган султондай одам ҳам бу ваҳший арслонга рўпара бўлиб жувонмарг бўлиб кетди-ку, Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ унинг олдида ким бўлибди. Ҳа, ҳозирча Чингизхон ундан вилоятларнинг молиявий имкониятлари ҳақида у бу нарса сўраб турибди. Солиқлар тушумлари ҳақида қоғозларни текширишни сўраяпти. Лекин Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ яхши билади. У тез орада кераксиз матоҳга айланади. Ана ўшанда бу ваҳший арслон тирноғини унинг қонига ботиради. Йўқ, Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ бунгача жимгина қараб ўтирмайди. У албатта ўз сўзини айтади. Ҳеч бўлмаса бир марта, умрининг охирида, мана шу дилбар қиз Занкижа учун ўз сўзини айтади. Ахир у Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни  кимсан Чингизхонга қарши бора оладиган киши деб билмоқда. Уни қиблагоҳим деб ўйламоқда. Эҳтимол у Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳга ишонадиган охирги инсондир. Собиқ вазир қошида умидвор нигоҳлар билан тикилиб турган қизга қараркан:
 -       Занкижа, ҳаммаси яхши бўлади,  – деди. – Сен ҳеч нарсани ўйлама. Шаробдан қуй. Букун тинимсиз шароб ичгим келяпти
 -       Мени ярамас каххалга бермайсиз-а? – ундан ўтинди раққоса.
 -       Бермайман, – сўзини қатъий қилди собиқ вазир.
 Занкижа ўрнидан туриб собиқ вазирнинг этагини кўзига сурди-да, йиғлаб юборди. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ буни кутмаганди.
 -       Мен ҳар доим султон Муҳаммад Хоразмшоҳга бирон гап бўлса, менинг пушти паноҳим қолмайди, деб ўйлаб юрардим. Яхшиям, сиз бор экансиз.
 -       Занкижа, менга кўп ҳам ишонма, – уни сочларини меҳрибонлик билан силаб қўйди собиқ вазир. – Мен кичкина одамман. Сен ўйлаганчалик қудратга эга эмасман.
 Занкижа лом-мим демади. У собиқ вазир киму, Чингизхон ким эканлигини жуда яхши биларди. Лекин шундай бўлса-да у умид қиларди. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳга худди отасига қарагандай қарарди. Собиқ вазирнинг Занкижани ўз ҳимоятига олганида нияти мутлоқо бошқа бўлганлигини раққоса ҳозир хаёлига ҳам келтирмасди. Унинг ҳозир бирдан-бир тилаги ярамас каххалнинг-у анови турқи тасқара мўғулларнинг қўлига тушмаслигида эди. Чўкаётган одам сўнги хасга тирмашгани сингари бинт Занкижа ҳам Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳга бутун умидини тиккан, ҳозир унинг бори ҳам, йўғи ҳам ана шу собиқ вазирнинг қўлида эди. Лекин собиқ низом-ул-мулк тинимсиз шароб ичар экан, ғоят сархуш бўлиб қолган, ўзи нима деяётганини ўзи билмас, нимага ваъда бераётганини ўзи тушунмасди. У бетиним ичаверганидан шунчалик сархуш бўлиб қолди-ки, кечга яқин каххал Зайн унинг ўтови ёнида пайдо бўлганда, у унга аранг кўзини очиб қаради. Бу пайтда Занкижа ўзининг ўтовида тақдири қандай ҳал этилишини ўйлаб юрагига қил сиғмасдан ўтирарди. Каххал Зайн:
 - Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ўтовингга кирсам майлими? – сўради.
 - Кимсан? Нега мени исмимни ҳурматсизлик билан тилга олаяпсан? – жаҳли чиқди собиқ вазирнинг.
 - Эй, Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ, сени вазирликдан кетганингга кўп замонлар бўлди-ку? – ўтов ичкарисига тап тортмай кириб келди каххал.  Ташқарида унинг икки мўғул ёрдамчиси кутиб турарди. Булар Тўлон ва Бўжи эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Каххалнинг бундай сурбетлигидан ҳайратга тушган, собиқ вазир бундай суҳбатга ўрганмагани учун:
 - Сен ярамасни аввалроқ учратганимда бўғзингдан осардим, ҳайвон, – унга ўшқирди Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ.
 - Балки шундай бўлар собиқ вазир жаноблари. Лекин ҳозир вазият бошқа. Сизга яхшм маълумки, мен ҳоқони аъзам Чингизхон ҳузурида обрў-эътиборга молик инсонлардан бириман.
 - Сиз Чингизхоннинг кўзини даволагансиз, бундан хабаримиз бор, – кесатиқ билан жавоб қилди собиқ вазир, энди анча шаштидан тушаркан.
 - Ҳа, шундай, тўғри топдингиз, – ишшайди каххал, собиқ вазирнинг ўзини яна сизлаб гапираётганини эшитиб. – Ҳоқони аъзам Чингизхон менинг кичкина хизматимга катта қараб, менга бир гулни совға қилди.
 - Шунақа-ми? – ўзини билмасликка олди Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ.
 - Ҳа, шундай, – сўзини давом эттирди каххал.  – Лекин у гул, сизнинг ҳимоянгиздаги боғда эмиш. Раққосани назарда тутаяпман.
 - Бинт Занкижани-ми? – раққосани исмини каххалга айтди собиқ вазир.
 - Мен уни олиб кетгани келдим. Қаерда у? Шу оқшомдаёқ уни оғушига шунғишни истайман, – мақсадини ошкора айтиб ишшайди каххал.
 - Оғзингга қараб гапир фосиқ, – чинакам ғазабга минди Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ. – Мен  билан шундай оҳангда гаплашиш учун ўзингни ким деб ўйлаяпсан?
 - Сен билан пачакилашиб ўлтиришга менинг вақтим йўқ, – собиқ вазирнинг сўзини чўрт кесди каххал Зайн. – Менинг қонуний ҳаққим бўлган қизни бер. Сенга бошқа қорамни ҳам кўрсатмайман.
 - Ҳозироқ бу ердан йўқол. Занкижада менинг ҳам ҳаққим бор! – шароб таъсирида нима деб юборганини билмай қолди собиқ вазир.
 - Ҳали шундайми, жуда яхши, – шартта Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни лол қолдирганча ўтовдан чиқиб кетди каххал. – Кетдик биродарлар. Тўғри Чингизхон ҳузурига борамиз.
 Тўлон ва Бўжи ўтов ортидан ҳамма гапларни тинглаб тургани учун индамай каххал Зайнга эргашишди. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ бўлса, бошига гурзи келиб урилган кишидек, нима қиларини билмасдан карахт бўлиб қолди. Чингизхон номини эшитиши ҳамоноқ, шаробнинг кайфи ҳам тарқаб кетди. Cобиқ вазир ўтов ичида у ёқдан бу ёққа юрар, нима қилиб қўйганини билмасдан ўзини айблар, иккиланар, раққоса Занкижани каххалнинг ортидан олиб боришга чоғланар, хуллас, минг ўй ичра қалбини тиғларди. Бироқ энди вақт ўтиб бўлган, каххал аллақачоноқ бу ерни тарк этиб, эҳтимол Чингизхон ҳузурига кирмоқ учун изн сўраб тургандир. О, ғаддор фалак, Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ кечагина қандай нуфуз ва шуҳратга эга эди-ю, бугун у қандай ҳолга қолмиш?! Хоразмшоҳлар давлатининг вазирини Чингизхон ҳузурида бир каххалчалик ҳам обрўси бўлмаса, бу нима деган гап?! Йўқ, Чингизхон балки уни қўллар. Ахир мўғул ҳоқони, Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни қонини тўкмасликка ваъда берган. Бу бадбахт каххал Занкижани сўрашга қандай ҳадди сиғди?! Ҳали собиқ вазир Чингизхонга кўп керак бўлади. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ Занкижани Чингизхондан ўзига қолдиришини сўрайди. Қолаверса раққосанинг кўнгли, каххалдан кўра, собиқ вазирга мойил. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ ўзини тинчлантиришга уринаркан, ўтовга титраб-қақшаб Занкижа кириб келди:
 -       Кел, Занкижа, – деди собиқ вазир. – Мен ҳозиргина каххални ҳайдаб юбордим.
 -       Вазир жаноблари, у нега келибди? – ташвишланиб суриштирди раққоса.
 -       Нега бўларди? – саволга савол билан жавоб берди собиқ вазир. – Чингизхон сени унга совға қилган. Сени олиб кетаман демоқда у. Мен сени унга беришдан бош тортдим. Ҳоқондан сўраб сени ўзимга қолдираман. Сен бунга розимисан?..
 -       Чўрингиз бўлай вазир жаноблари, мени ўша ярамас каххалга берманг? – Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳга ёлворди у.
 Собиқ вазир раққосага қўлини узатди. Бинт Занкижа Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг қўлларини олиб кўзига сурди. Шу маҳал ўтов ёнида тапир-тупур оёқ товушлари эшитилди. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ нима гаплигини билмоқчи бўлиб ташқарига чиқди. Унинг ўтови олдида ҳоқони аъзам Чингизхоннинг икки соқчиси ҳозир бўлганди. БУни кўрган Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳнинг ранги оқариб кетди. У ўзини қўлга олишга уриниб, соқчиларга:
 -       Нима гап? – дея бироз буйруқ оҳангида сўради.
 -       Ҳоқон ҳазратлари сизни ҳузурларига олиб келишимизни сўрамоқда. Зудлик билан биз билан юрсангиз?..
 -       Ҳозир, бир дақиқа, – Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ шошиб ўтовга қайтиб кирди. Занкижага: – Беқасам чопонимни олиб бер. Мени Чингизхон сўраётган эмиш…
 Занкижа собиқ вазирнинг чопонини олиб энгига илишга ёрдамлашаркан:
 -       Вазир жаноблари, ишқилиб ҳаммаси баҳайр бўлсин, – деди. – Мен жуда ҳам қўрқаяпман.
 -       Қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади, – уни тинчлантирди собиқ вазир. – Майли мен кетдим.
 Собиқ вазир ўтовдан чиқиб, соқчиларга қўшилди-да, Чингизхон яшайдиган катта оқ ўтов томонга кетди. Бинт Занкижа унинг ортидан жимгина кузатиб қолди. Раққосани юрагини нимадир қаттиқ сиқиб келарди. У чалғиш учун ўзи яшайдиган нариги ўтовга кирди-да, эшикни ичкаридан беркиди. Мўғулларни Мовороуннаҳрга босқинидан буён киймаган рақс кийимлари ичидан адрас кўйлагини танлаб олди-да кийиб кўрган бўлди. Бу кийим ҳали ҳам мени янада соҳибжамол қилиб кўрсатармикан, ўйлади Занкижа. Афсуски, султон саройидаги тошойналар бу ерда йўқ. Гўё барча гўзалликлар, безаклару анвойи бўйлар султон Муҳаммад Хоразмшоҳ саройига қолиб кетгандек, бу ерда эса нуқул, тер ва от нутфасининг ҳиди келарди. Бу ҳид мўғулларнинг бутун авзойи-баданига сингиб кетгандек эди. Бинт Занкижа адрас кўйлагини кийиб кўраркан, султон саройидаги эски ҳашаматларни, бурунги кибор ва мунис рақсларни қаттиқ соғинганлигини туйди. Лекин афсус, уларнинг ҳаммаси энди ўтмишда қолди. Бинт Занкижа мўғуллар босқинидан сўнг, узоқ-узоқларга кетмаганлигига афсусланди. Афсус, уни ота-онаси вафот этишган. Бинт Занкижа ҳали жуда кичкиналигидаёқ, ота-онасини қароқчилар карвонни тунаш пайтида ўлдириб кетишганди. Кейин уни чўри бозорга олиб келиб сотишган, Занкижани султон саройига тегишли бир киши сотиб олиб, уни кейинчалик султонга туҳфа қилганди. Занкижани сотиб олган одам савдогар бўлиб, нимадан қандай даромад қилишни у жуда яхши биларди. Ўша савдогар кичкина қизалоққа раққос ёллаб рақс ўргатган ва алал-оқибат, уни султонга туҳфа қилиб юборганди. Аслида бунинг эвазига султондан ҳам ким нималар ундирмаган. Занкижа бу ёғини билмасди. Раққосаликни ўргангани ҳам, унинг омади бўлди. У султон саройида ўзига яраша иззат-икромга эга бўлди. Султоннинг раққосаси бўлиб танилгач, унга ҳеч бир кимса, тегиниш у ёқда турсин, ботиниброқ гапиришга ҳам чўчирди. Лекин мана бу лаънати мўғуллар келди-ю, ҳаммаси остин-устин бўлиб кетди. Муҳаммад Хоразмшоҳ аввалига уни онаси ҳузурига юборди. Илол қаъмалидан сўнг, уни Толақонга олиб келишди. Бу ерда эса уни нималар кутаётганлигини ёлғиз Тангрининг ўзи билади. Бинт Занкижа шундай ўйлар ичида адрас кўйлак кийганини ҳам унутиб хаёлга чўмаркан, унинг ўтови яқинидан оёқ товушлари келаётганини эшитиб сапчиб тушди. У ташқарига чиқишга ҳам улгурмасдан, боягина Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни олиб кетгани келган соқчилар ичкарига бостириб киришди. Занкижа беркитилган ўтов эшиги қандай очилиб кетганини ҳатто билмай қолди. Соқчилар бир овоздан:
 -       Бинт Занкижа, сиз бўласизми? – дея дадил сўрашди.
 -       Ҳа, шундай, – жавоб берди раққоса.
 -       Биз билан юринг, сизни ҳоқон кўрмоқчи?
 -       Мен рақс кийимидаман, ҳоқоннинг ҳузурида бу кийимда боролмайман. Агар рухсат берсанглар…
 -       Ҳеч қандай рухсат йўқ, ҳоқон сизни айнан раққоса сифатида кўрмоқчи, биз билан шу ҳолда юраверинг, акс ҳолда куч ишлатишга мажбурмиз.
 Бинт Занкижа соқчилар билан тортишиш бефойда эканлигини биларди. Шунинг учун уларга жимгина эргашди. Соқчилар раққосани Чингизхон қароргоҳига бошлаб боришди. Аждар тасвири туширилган мўғуллар байроғи алоҳида ҳашамат билан тикланган оқ ўтов устида ҳилпирб турар, афтидан мўғуллар ҳукмдори мана шу қўлбола қароргоҳдан туриб хоразмшоҳлар давлати устидан ҳукм юритарди. Соқчилар бинт Занкижани узун йўлак бўйлаб ҳукмдор қўнимгоҳ қурган катта ўтов олди-да етаклаб келишаркан, улардан бири ичкарига кириб раққосани олиб киришга изн сўради.
 -       Олиб кирилсин, – қисқа ва қатъий жавоб берди ҳоқон.
 Унинг қорача рафтори ва қисиқ кўзларида ҳукмронлик салобати ва қатъияти порлаб турарди. Соқчилар раққосани ичкарига олиб киришди. Оқ ўтов кутилганидан анча кенг ва ҳашамдор бўлиб, бамисоли кўкка бўй чўзганди. Тўрда елкасига қоплон терисини қўндирган Чингизхон киброна боқарди. Ҳоқоннинг ҳузурида турган унинг ўғли Тўлихон ҳамда нуёнлари улуғ ҳумдорнинг икки томонидан жой олишганди. Каххал Зайн ҳам шу ерда қўл қовуштириб турарди. Ўртадаги кенг майдонда ланғиллаб олов ёниб турарди. Афтидан ҳоқон совқотган бўлиб, оқ ўтов узра шунинг олов ёқиб қўйилганди.  Негадир бу ерда собиқ вазир Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ кўринмасди. Раққоса мўғуллар ҳукмдори Чингизхонга таъзим бажо қиларкан, ҳозир мана шу ҳақда ўйларди. Чингизхон раққосанинг айрича зеболиги ва қад-қоматига юқоридан кибр билан назар ташларкан, каххал Зайнга:
 -       Каххал, дидинг чакки эмас, – деди.
 -       Сизнинг шарофатингиз билан улуғ ҳумдор, – деди дўрилдоқ овозли каххал. Нуёнлар ва ҳоқоннинг ўғли ҳам раққосага қараб турарди. Чингизхон унга:
 -       Раққоса исмингни айт? – деди.
 -       Бинт Занкижаман, – деди раққоса.
 -       Нобакор ўғлим Хоразмшоҳга қачондан буён раққосасан? – яна сўради ҳоқон.
 -       Бунга кўп йиллар бўлди. У пайтлар ўспирин қизалоқ эдим, – истамайгина жавоб берди Занкижа.
 -       Энди сен уни раққосаси эмассан. Мен сени каххал Зайнга хотинликка бераман. У сени янги хожанг бўлади. Уни этагини кўзингга суришинг мумкин.
 -       Улуғ ҳимматингиз учунг ташаккуримни қабул қилинг ҳоқон, – каххал Зайн Чингизхонга қайта-қайта таъзим бажо қилди.  Сўнг Занкижани ёнига бориб унга қўлини узатди. Раққоса унга эътибор ҳам қилмаган ҳолда Чингизхонга:
 -       Ҳоқон ҳазратлари, агар улуғ ҳукмдорлигингиз рост бўлса, мени мана бу бадбуруш каххалга берманг, – деди.
 Улуғ ҳоқонга нисбатан бундай шартакиликни кутмаган Чингизхон атрофидагилар бир қалқиб тушди. Зеро, бу каби ўзбилармонлик ясоққа етказилиш билан тугашини бу ердагиларнинг ҳаммаси жуда яхши биларди. Бироқ Чингизхон киброна алфозда қошларини чимирганча раққосага ҳайрон боқаркан, амирона товушда деди:
 - Мен сўзимни икки қилишларини ёқтирмайман. Кимки менинг ҳукмимга қарши борса, ўша заҳоти ясоққа етказилгай. Мен каххалга хотин бўласан деб айтдимми, демак бўласан.
 Каххал Зайн букилганча Чингизхонга яна бир бор таъзим қилди.
 -       Муруватингизнинг чеки йўқ, улуғ ҳоқон, – деди у.
 -       Улуғ ҳоқоннинг марҳамати кенг, – Чингизхоннинг ҳозирда ҳузурида бўлган кенжа ўғли Тўлихон. Нуёнлар ва лашкарбошилар унинг фикрларини қўллаб-қувватладилар. Бинт Занкижа сўнги умид чораси ўлароқ деди:
 -       Ҳоқонга сўнги бир илтимосим бор, ҳеч йўғи шуни тингласангиз?..
 -       Хўш?  – истамайгина Занкижага қаради Чингизхон.
 -       Мадомики каххалга хотин бўлар эканман, сўнги маротаба ҳоқон ҳузурида рақсга тушсам. Муҳаммад Хоразмшоҳ саройига раққоса бўлганим учун хоразм рақсларини соғинаман. Бу каххал кейин менга рақсга тушишига изн берадими-йўқми билмайман. Бу менинг улуғ ҳоқондан сўрайдиган сўнги тилагим. Сўнги бор рақсга тушишимга изн беринг?..
 Бинт Занкижанинг бу гапидан сўнг ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулди. Фақатгина Чингизхонгина ўша-ўша қирғий қараш нигоҳини раққосага жимгина тикканча:
 -       Яхши, – деди. – Тилагингни ижобат қиламан. Шу аснода ўғлим Хоразмшоҳнинг раққосасини рақсларини бир томоша қилғаймиз. Ҳузуримизга асирга олинган хоразмлик созандаларни чорланг?!
 Амирона буйруқ зудлик билан бажо этилди. Оқ ўтов ичкарисига Бинт Занкижага яхши таниш Хоразмшоҳнинг созандалари кириб келишди. Уларнинг ҳар бирининг қўлида ўзларининг созлари бор эди. Созандалар Чингизхон ҳузурида таъзим бажо қилишгач, титраб-қақшаб унинг хукмини кутишарди.
 -       Хоразм рақсларидан чалинг, – буюрди Чингизхон амирона овозда.
 Созандалар Бинт Занкижани Хоразмшоҳ саройида даставвал рақсга тушишида чалинадиган мақомларнинг бирини аста чала бошлашди. Хоразм куйининг сеҳри бамисоли оқ ўтовнинг шукуҳга тўлдирганди. Бинт Занкижа қўлларини ёйганча рақсга туша бошлади. Шоҳи адрас кўйлак унинг эгнида хилпирар, раққосанинг бутун вужуди куй сеҳрида тўлғонар, Чингизхон ҳам, нуёнлар ҳам ёниб турган олов қаршисида рақсга тушаётган раққосанинг рақсига маҳлиё бўлиб унга жимгина тикилиб қолишганди. Каххал Зайн ҳам шундай нозик ва куйдирмажон раққосанинг ўзиники эканлигидан юраги потирларди. Айни пайтда у Чингизхон унинг рақсини кўргач фикридан қайтиб қолмаса эди, деб қўрқарди. Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳ бекорга уни каххалга бермайман деб оёқ тирамаган экан. Собиқ қўрқоқ вазир Чингизхоннинг ўзига ҳам бу ҳақда айтган ва ҳоқоннинг ўзини қонини  тўкмаслик ҳақидаги ваъдасини эслатган эди. Каххал эса, Чингизхонга  собиқ вазирни ҳоқонга қарши боришда айблаган ва ҳукмдорни кўзини даволаганда унинг истаган тилагингни бажо қиламан деган ваъдасини эслатиб ўтган эди. Икки ўт ичида қолган Чингизхон охир-оқибат Носириддин Муҳаммад ибн Солиҳни ясоққа етказишни буюрган ва каххалнинг тилагини бажо қилишга йўл очганди. Энди бўлса мана бу раққоса Бинт Занкижа ўзини каххалга бермаслигини сўрагани, бу ерда ўзини сийналари, беллари ва белдан қуйи қисмларини кўз-кўз қилганча рақсга тушаётгани Зайннинг жаҳлини чиқарарди. Каххал раққосанинг силкиниб-силкиниб ўйнаётганига қараркан, унинг шоҳи адрас кўйлагининг олов тафтида чўлғаниб ранго-ранг товланаётганига, раққосанинг эса бутун вужуди сел бўлиб оқаётгандек тўлғанаётганлигига эътибор қиларди. Созандалар куй маромини ўзгартириб борар, раққоса шунга монанд рақс ижросини узвини ошириб борарди. Даставалги сокин мақомдан сўнг, дугоҳ чалинган, ундан сўнг эса сегоҳ куйи тарала бошлади. Раққоса олов атрофида тўлғониб ўйнаркан, сегоҳ таъсири унинг бутун вужудини чўлғаб олганди. Бамисоли оловни ҳам, раққосани ҳам сегоҳ сеҳри қамраб олганди. Олов бир пасайиб, бир кўтарилиб ёнаркан, Бинт Занкижа унинг атрофида мисли парвонадек чарх уриб ўйнарди. У қоматини гоҳ олдинга, гоҳ қуйида бор буйича йўналтирганча ўйнаркан, энди Чингизхоннинг ҳам, унинг нуёнларини ҳам ва ҳатто қўполдан-қўпол каххал Зайнни ҳам кўзлари кўрмас, бутун вужуди сегоҳ таъсирида бамисоли самога парвоз қиларди. У ёниб турган олов қаршисида тобора яқинлашиб, охирлашиб қолган сегоҳ куйининг ажиб бир нотада якунламоқчи бўлгандек таъсурот уйғотарди. Атрофдагилар хоразм куйи сеҳрининг синоатига маҳлиё бўлиб қолгандек, раққосани эшилиб-тўлғониб ўйнаётган рақсига телбавор алфозда тикилиб туришарди. Бир маҳал раққоса адрас кўйлагини оловда товланишини томоша қилишларини истагандек, ланғиллаб турган олов ичкарисига кириб борди. Ҳамма бу ҳолдан донг қотиб қолди. Чингизхон ва унинг нуёнлари бундай ҳолатни илк бора кўраётгани учунми, ё бу ҳолат ҳам хоразм рақсининг бир қисми деб ўйлашдими, ҳар ҳолда жимгина қараб туришаверди. Созандалар созларни чалишни тўхтатиб қўйишларига бир баҳя қолди. Аммо ҳали сегоҳ тугамаган, уни бундай тўхтатиб қўйиш мумкин эмас эди. Зеро, раққоса ҳамон рақсга тушар, унинг қўллари ҳавода ёйилганча сегоҳ сўнгидаги рақсни моҳирона ижро этарди. Ўт раққосанинг лозими оша шоҳи адрасига туташганча энди янада жонлироқ ёнар, сегоҳ ҳам энди гўё баралла таралар, Бинт Занкижа Чингизхоннинг кўзларига тик қараганча оловда ёниб борарди…
                                    Шерзод Комил Халил.
Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (09.04.2013)
Просмотров: 780 | Теги: адабиёт | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2024
    Бесплатный конструктор сайтов - uCoz