Ҳаёт қонуни Ўраб-чирмаб куёвга узатишади қиз бечорани. Йиғлаб-сиқтайди — бўлмайди, жанжал-тўполон қилади — қарашмайди, ҳатто, бир гал ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлади чорасизликдан. Йўқ, бўлмайди. Ота-она сўзида қатъий туриб олади: тегсанг ҳам тегасан, тегмасанг ҳам тегасан! Йиғлаб-йиғлаб келин бўлади у. Орзу қилмай оқ либос кияди шўрлик. Қалбида севгисининг қабри билан остонаси тилло уйга қадам босади…
Сира чеҳраси очилмайди келинлик уйида, келган-кўрганларга тил учида мулозамат қилган бўлади-ю, аммо барибир бу уй унинг орзусидаги манзил эмаслигини сездириб қўяди. Билган «қизгинанинг куёвида кўнгли йўқ», деса, билмаган «келинчакнинг пешонаси шўр чиқиб, ёмон қайнонага йўлиққан кўринади», дейди… Унинг дарди ичида. Эрини севмайди. Ўша, бир пайтлар биргина нигоҳи билан қиз қалбига чўғ ташлаган йигит ҳамон унинг тушларига киради. Аммо, у туш. Ҳаёт эса бошқа. Ҳатто, ўша йигитнинг исмини ҳам билмайди-ку?.. Билганида ҳам нима ўзгарарди? Ҳеч йўқса, ўша кун хотираси бор-ку унинг учун… Куёви ҳам хушқад, феъли оғир-вазмин: унга бир оғиз қаттиқ гапирмайди. Кўнгил бермай келди, дея кўнглига қарайди. Гарчи келинчак, «суйганим бор эди» демаган бўлса-да, аччиқ-тизиқ пичингларида эрига кўнгли йўқлиги яққол кўринади. Шундай бўлса-да, «Бир кун кўнгли илиб қолар…» — дея индамайди куёв ҳам. Келинчакни ёшликда, ҳали кўп нарсани билмасликда тахмин қилиб, Худодан сабр-бардош сўрайди қайнона. «Ҳали босилиб қолади, бир фарзандни бағрига олса, ўз феълидан уялади. Яхши томонга ўзгаради», — умид қилади у. Қайнона кутган кун ҳам келади. Келинчак ниҳоят, ўзи орзу қилганидек — фариштадек қизалоқни дунёга келтиради. Уни бағрига оларкан, «Қизалоғим, сенинг соғ-саломат, бахтли ва хотиржам яшашинг учун ҳамма нарсага тайёрман!» — дейди Яратганга шукрона келтириб. Кунлар ўтади. Чақалоқ улғайиб боради. Илк сўзлар, атак-чечак қадамлар… Ойиси унинг барча хоҳиш-истакларини муҳайё қилишга қодир, бир пайтлар кўнглини кемирган жавобсиз муҳаббат азоблари оналик бахти билан ювилиб кетган. Қизалоғининг истакларини амалга ошириш йўлида «жонбозлик кўрсатаётган» турмуш ўртоғи ҳам кўзига бир яхши кўриниб кетадиган пайтлар… Қизалоғини илк бор мактабга олиб боришганида ногоҳ яна уни кўриб қолади. Аммо… унинг кўнглига оташ солган ўша кўзларда бир зарра ҳам учқун йўқ… Ёнидаги аёли рўзғор ташвишларида, йиллар бағрида сарғайган суратга айлангани кўриниб турибди. Аёл нигоҳини улардан олиб қочиб, ўзига ташқаридан разм солади: эрининг ардоғида яшаб келяпти, рўзғори тўкис, кўнгли хотиржам… Йиллар ўтади. Қизи улғаяди. Ўтаётган ҳар бир кун қизининг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб бермоқда гўё. Совчилар эшикни бузай, дейди. Қизалоғи эса, ота-онасидан ҳаё қилиб, кўнглида борини айтолмайди, илм олиш баҳонасида кўнглига йўл топган шаҳзодасини кутишга чоғланган. Она унинг кўзларига қараб туриб, нималарнидир эслайди, уни сўраб келгувчилардан ўзига маъқул оилани таърифлай кетганида қизининг жиғибийрон бўлишини кўриб, мийиғида кулиб қўяди. «Менинг кўнглим бошқада!» — дейди қиз бир куни журъат топиб. «Уни кутаман, фақат у билан бахтли бўламан!» — дейди онанинг дашномларига жавобан… Она уни ўз ҳолига қўяди. «Ахир, ҳамманинг тақдири бир хил эмас-ку! Муҳаббатда бахт бор бўлса, майли, шу қизим етсин», — дейди. Отасига ҳам «Қизимиз ҳали ёш, ўқиб, илм олсин», — дейди. Ўзи эса ичидан зил кетади: қизи шунча кутганига яраша бахтли бўла олармикин, ёрим дегани аҳдига вафо қилармикин? Қизи шунчалик ишонибди, сўзидан тониб кетмас, орияти бордир йигитнинг? Аммо, барчаси қизи кутганидек бўлмайди, орзу қилган шаҳзодаси бошқа маликани ёр қилиб кетади. Кўз ёшлари дарёсига ғарқ бўлаёзган қизи одамови бўлиб қолади. Ҳеч ким билан гаплашишни истамайди, бутун дунёдан нафратланади. Айниқса, йигит зотига қайрилиб қарагиси ҳам келмайди. Онанинг кўнгли қизининг кўнглидан минг баробар қаттиқроқ оғрийди… Шунда тушунадики, ота-онаси уни мана шундай аламли азоблардан, дўзах оташидан асраб қолишган экан, унга фақат бахт тилашган экан… «Муҳаббатсиз бахтли бўлиш мумкин эмас!» — деб биларди у ҳам. Ҳалиям шу фикрида қолади, фақат бу муҳаббат бир ёстиққа бош қўйган жондек азиз инсони билан йиллар давомида бирга ўтказилган ҳаёт бағрида дунёга келишини англаб етади у… Кунларнинг бирида қизини сўраб келган совчилар унга маъқул тушади. Қизи эса… муҳаббатдан қолган жароҳат сабаб, қаттиқ қаршилик кўрсатади… У ҳам онаси каби, янги уйда янги бахт кутаётганини англаб етмайди ўша лаҳзаларда. Ўраб-чирмаб куёвга узатишади қиз «бечора»ни.
|