Интервью - Сиз билан суҳбатлашиб, газетамизга ёритсам, — дедим суҳбатдошимга мақсадимни баён этиб.
- Менда газетангиз учун арзирли нима бор экан? — жавоб берди у кулиб. - Айнан сиз босиб ўтган йўл. Ҳаётингиздан одамлар ўрнак олса арзийди, деб ўйлайман. Эшитишимизча, шу даражага келгунингизга қадар озмунча машаққат чекмаган экансиз? - Бу тақдирнинг менга берган синовлари эди. Ҳар бир инсоннинг ҳаётида учрайдиган ҳол, деб ўйлайман. - Тўғри, аммо йўлингизда дуч келган тўсиқларни енгиб ўтишингизга кимдир ёки нимадир туртки бўлганку, шундайми? - Нима десам экан?.. Паоло Коэльо «Алкимёгар» асарида шундай сўзларни келтириб ўтади: «Ҳаётнинг маъниси етти марта йиқилиб, саккизинчи марта туриб кетишда». - Сиз, шахсан ўзингиз ҳаётда неча марта йиқилгансиз? - Неча марта йиқилганимни эслай олмайман-у, аммо ҳар йиқилганимда туриш ҳақида ўйлаганимни эслайман. - Ажойиб! Бу сиз учун шиорга айланган бўлса керак-а? - Йўқ, шиорим бошқачароқ. - Қандай? Сир бўлмаса… - «Сен учун битта йўл бор. Фақат олдинга!» - Аммо баъзи вақтларда чекинишга ҳам тўғри келиши мумкин-ку. - Бу ҳам олдинга қадам ташлашнинг бир йўли. - Сизга ҳавас қилган ва сиздек бўлишни истаганлар учун нима деган бўлардингиз? - Мендек бўлишни исташмасин. Ўзи бўлишсин. Яна шуни айтардимки, «Униси, униси бўлмаса, буниси» деган тўхтамга келишмасин. Бу қарорнинг энг заиф нуқтаси. Суҳбатдошимнинг кимлигини билмасангиз-да, унда танишларингиздан бириннинг қиёфасини кўрган бўлсангиз, не ажаб. Муҳими бу эмас. Муҳими – сизнинг ўзингизга нисбатан чиқарган қарорингизда. Барчага омад тилаб қолувчи суҳбатдошингиз Ойқиз. Аслиддин
|