ЮПАНЧ Ерга урса кўкка сапчийдиган набирасининг бугун супада мунғайибгина ўтирганини кўрган Ноила хола боланинг пешанасига кафтини қўйди-ю, бош чайқади:
- Иситманг борга ўхшайди, Холматжон. Бошинг оғримаяптими? - Бироз оғрияпти буви, сал совқотгандек ҳам бўляпман. - Ҳаҳ, болам-а, иссиқда югуриб, совуқ сув ичгансан-да, иссиқ тумов тегибди, шекилли. Уйда бирор дори ҳам йўқ эди-я, сенга ичирсам. Қайноққина чой ичиб, ўраниб ётсанг, балки ўтиб кетар, — Ноила хола шундай дея ёлғизгина йўлдоши, беш ёшли Холматжонни эргаштирганча, хонага ўрин солди. Бувиси дамлаб берган иссиқ чойни ичиб, ўраниб ётган бола орадан кўп ўтмай ухлаб қолди. Ноила хола унинг ёнига чўккалаб, сочларини меҳр билан силаркан, хаёлга толди. У тилаб-тилаб олган ёлғизгина қизи Дилором ҳақида ўйларди. Ҳа, қизи тушмагур анчайин эрка ўсди. Етимхонада улғайиб, бир-бирига меҳр қўйган эру хотин якка-ю ёлғиз дилбандининг кўнглига қараб нима истаса муҳайё қилишарди. Айниқса, ўн уч йил деганда фарзандли бўлган Сайфи аканинг қувончи чексиз. Шунча йил сабр билан кутганига яраша қизалоқ ҳам нақ фариштанинг ўзгинаси. «Қиз боланинг ҳусни дардисар бўлади» деганлари рост гап экан, балоғатга етиб-етмай ошиқларининг сони минг бўлди. Ўн саккиз ёшида қишлоқдаги тўйга келган бир хонандага эргашганча уйдан қочди-кетди. Қиз бояқиш унинг ширин сўзларига учганми, расо қадди-бастига маҳлиё бўлганми, оилалик эканлигига ҳам қараб ўтирмабди. Қишлоқда дув-дув гап бўлгани қолди-ю, орадан бир йил ўтиб-ўтмай қорнини қаппайтирганча қайтиб келди. Орияти метиндек ота уни кечирмади. «Сендек қизим йўқ, ёлғиз жигарбандим мен учун ўлган» деди-да, эшикка занжир осди. Қиз шўрликнинг кўз ёшлари ёмғир бўлди. «Борарга жойим йўқ, ота, туғилажак фарзандим ҳаққи…» дея ялиниб-ёлворди. Эрининг феълини билган Ноила хола ҳам нажот истаб, унга термилди: - Етимнинг кўрган куни қурсин отаси, сиз билан менинг етимлигимиз каммиди? Энди шўрлик набирам ҳам кўчада қоладими? Қизимиз бечора бир адашди-да, қорнидаги гумонаси ҳаққи… Ҳали туғилмаган болада не айб?! Ҳар қалай, аёлининг гапи унга таъсир қилиб, сал «инсофга» келди. Дарвоза зулфинини туширди-ю, аммо «бетийиқ» қизининг бетига қайрилиб ҳам қарамади, у узатган чойни ичмади, қўлидан овқат емади. Кунлар шу зайлда ўтди, онаизорнинг ота-болани яраштириш учун қилган уринишлари зое кетди. Шундай дамларнинг бирида Дилоромни тўлғоқ тутди, эридан бир иш чиқмаслигига кўзи етган аёл доя қўшнисиникига югурди. Айбсиз «айбдор» гўдаккина дунё юзини кўрди. «Паҳлавондек ўғил экан, бобожониси, суюнчи беринг» деган Ноиланинг дами ичига тушди. Эри «бор-е» дегандек қўл силтаб юборди-ю, лекин бояқиш болажон эмасми, чақалоқнинг «инга-инга»сини эшитиб, чидаб туролмади. Кўзларига ёш қуйилиб, қўлини дуога очди: «Илоҳим, умри билан берган бўлсин…» Шу икки оғиз калом билан барча гина-кудуратлар ортда қолди. Сўнгги пайтларда кулгу овози бегона бўлган бу хонадонга ҳам қувончли кунлар қайтгандек эди, гўё. Аммо… Ана шу «аммо» сабаб бўлди-ю, Дилором яна айниди-қолди. Атак-чечак қилиб юра бошлаган боласини бир-икки марта шаҳарга эмлатиш учун олиб борган жувон энди шифокорга илакишди. - Оиласи билан ажрашган экан. Мана кўрасиз, бу гал албатта бахтли бўламан, — деб, боласини ҳам ташлаб, дом-дараксиз кетган қизнинг ортидан кўп ўтмай яна миш-мишлар болалади: «Эмишки, Дилором аллақайси хилватхонада яшаётганмиш…» Бунақа гап-сўзларга ортиқ бардош беролмаган Сайфиддин ота вазиятни ойдинлаштириш учун шаҳарга жўнаб кетди-ю, юрагини чангаллаб қайтди. Кечга томон оғриққа бардош беролмай шифохонага тушган Сайфиддин ота тонгга етмай узилди. Ноила набирасини бағрига босганча чирқираб қолаверди. Таъзияга Дилором ҳам келди, аммо бу гал онаизор уни уйга киритмади. Бир кечада оқариб кетган сочларини юлиб, дод солаётган аёлни қўшнилар бир амаллаб уйга олиб киришди. Дилором эса бу сафар кечирим сўрамади, ялиниб-ёлвормади, индамай ортига бурилди-да, «ойи»лаб югурган боласига ҳам қарамай кетди. Шу билан уни ҳеч ким қайтиб кўрмади. * * * Ўз хаёллари оғушида ўтирган Ноила хола набирасининг алаҳсираб гапираётганини эшитиб, унинг пешанасига кафтини қўйди. Боланинг яна иссиғи чиққанди. Аёл нима қилишини билмай қолди, нариги кўчада турадиган ҳамширани айтиб келай деса, Холматжонни ёлғиз қолдириб кетишга кўзи қиймайди. Ён қўшниси Замирахондан илтимос қилсамикан? Эрта-ю кеч бозордан бери келмайдиган аёл бировнинг боласига қарармиди? Ўзи Холматжон шу Замиранинг ўғлига олиб берган велосипедини кўриб жуда ҳавас қилди, уззукун унинг кетидан югурган боланинг кечга томон иссиғи кўтарилди. Бола бечора ёмон ичикди. Жиққа терга ботган Холматжоннинг энди инграна бошлаганини эшитган Ноила хола ортиқ чидаб туролмади, шошганидан дарвозага қулфни шундоққина илдирди-да, кўчага югурди. * * * - Ойи, ойижон.. Нимқоронғи хонада иҳраётган бола қайноқ вужуд уни бағрига олганини сезиб, энтикди: - Ойи? - Онагинанг айлансин, болажоним, онагинанг айлансин. Аёл унинг лўппи юзчаларидан ўпиб, елкаларини силарди. Болакай майин ифор таралиб турган вужудни тобора маҳкамроқ қучаркан, деди: - Ойижон, менга ҳам Сардорникидақа велосипед олиб беринг. - «Ойи» деган тилингга жоним қоқиндиқ, болам. Сенга эртагаёқ уникидан ҳам яхшироғини олиб бераман. Мана кўрасан, ҳамманинг сенга ҳаваси келади. Холматжон уни маҳкам бағрига босганча кўз ёшлари ёноқларини юваётган аёлни юзларини сийпаларкан, шивирлади: - Йиғламанг. Мен энди яхшиман. Аёл уни қучганча майин овозда аллалай бошлади. Зум ўтмай бола ухлаб қолди, энди унинг аҳволи анча енгил, бир текисда нафас олганча пишиллаб ухларди. * * * Аксига олгандек ҳамшира Санобархон ҳам нариги маҳаллада турадиган кекса онасининг ҳолидан хабар олгани кетган экан. Шоша-пиша уйи томон келаётган Ноила хола дарвозасини қия очиқ турганини кўриб юрагига хавотир оралади: - Нима бало, Холматжон уйғониб кўчага чиқиб кетдими? Қариган чоғимда бу кунлар ҳам бормиди менга… Ё Тангрим, якка-ю ёлғиз овунчоғимни ўзинг асра! Ҳовлиқиб ичкарига кирган аёл уйи остонасида турган зарҳал шиппакни дарров таниди. Таниди-ю, ҳайрати яна ошди: - Замирахон?! У хонага кираркан, аввало ўринда беозор пишиллаганча ухлаб ётган Холматжонга кўзи тушиб юраги бироз тинчланди. Қўшни аёл Замира Ноила холани кўриб оҳиста ўрнидан қўзғаларкан, эшитилар-эшитилмас қилиб деди: - Юринг, Ноила опа. Айвонда ўтира турайлик, гўдаккина бироз ором олсин. — Улар айвонга чиқишди. — Ҳа, опажоним-а! Ён қўшни — жон қўшнимиз-у, бирров хабар бермайсиз-а. Ҳалиям қизим тушмагур айтиб қолди, «Холматжонни укамни велосипедига роса ҳаваси кетди» деб, шунга бола нарса йиғлаб-сиқтаб холани қон қилмасин, ҳаваси келган бўлса, эртага унга бундан ҳам яхшироғини олиб бераман деб, Сардорни ҳам юрагига ўт қалаб чиққандим. Келсам бу аҳвол, бола бояқиш алангаи оташ бўлиб ёниб ётибди, ёнида ҳеч ким йўқ. Гўдаккинанинг «ойи»лаши юрак-бағримни эзворди, опа, «онангман» дедим. Болани уволи тутгур-а. - Қўйинг, Замирахон, қарғаманг. Бир куни эси кириб қайтиб келар, ёш нарса… - Ёш дейсиз-а, хола? Ўн етти ёшимда турмушга чиқдим, эрим қурғур ҳам ёш. Нари борса мендан уч-тўрт ёш катта. Ҳали унисига илакишади, ҳали бунисига. Барига чидадим, қайнотам тўсатдан вафот этиб, рўзғор юки ортганда ҳам «этагини йиғиштирмади». Ёш бошим билан, қўлимда бир ҳунарим йўқ, ўзимни савдога урдим. Шу икки болам бировдан кам бўлмасин, ҳеч нарсага зориқмасин, дедим. Яратган эгам қимирлаган бандасини қуруқ қўймас экан. «Бахтимни энди топдим», деб бир ўрис жувонникига кўчиб кетган эрим ҳам остонамга ялиниб келди, киритмадим. Кунда, кунора ичиб келадиган эрнинг кимга ҳам кераги бор?! Кўрган-эшитган «Ҳа, бир бозорчи хотин-да» дейиши мумкин, лекин мен ҳам онаман, мен ҳам аёлман. Доимо хушчақчақ юрадиган қўшнисининг юрагида шунча дарди борлигини энди билган Ноила хола ўзини койиди. Кўчиб келганига бир йил ўтган бўлса-да, ундан ўзини нари тутди, «катта кўрим», деб баъзида Холматжонга унинг болалари билан ўйнашига рухсат ҳам бермасди. Бемеҳр, эрка ўсган қизи билан турмуш муштига қарши зарба бера олган мана бу аёлни солиштириб кўрди. Ҳа, фарқ ер билан осмонча, ўзи болага бошидан тўғри тарбия бериш, ортиқча талтайтирмаслик керак экан. Шуларни хаёлдан ўтказган Ноила хола қўлида бир товоқ ширгуручни кўтарганча кириб келаётган ўн ёшлар чамаси қизалоққа қараб жилмайди: - Кел, болам. - Ассалому алайкум, Ноила хола. Онажоним ҳам овқатланмай чиққанди, бирга еб оларсизлар, деб сузиб келавердим. У жилмайганча бориб ойисининг бўйнидан қучди, Замира уни пешанасидан оҳиста ўпиб қўяркан, деди: - Бор қизим, аввал кекса киши билан кўришиш керак. Ноила холангни ҳам бир қучоқлаб қўйгин. Қизалоқ келиб холанинг бўйнига осилди: - Хола, мен ҳам сизни Холматжонга ўхшаб «буви» десам майлими, мени бувим жуда узоқда, «бувижон» деганларни эшитсам, роса ҳавасим келади? — илтижоли оҳангда сўзларди у. - Умринг узоқ бўлсин болам, «буви» деган тилингдан бувигинанг айлансин, — қизалоқни бағрига босган Ноила холанинг мижжалари намланди. Уларни кузатиб турган Замира: - Унда мен ҳам сизни «она» дея қолай, холажон, — деди-ю, самимий кулиб юборди. Ҳар қандай вазиятда жилмайишни эплайдиган бу хуш-хандон жувонга боқиб, доим ғамгин юрадиган Ноила холанинг ҳам юзига табассум югурди: - Бағримни тўлдириб юринглар-а, болаларим, бағиргинам тўлиб турсин. Ёшлигидан етим ўсган, эрта бева қолгач шу мурғаккина набирасига суяниб яшаётган холанинг кўзларидан тинмай ёш қуйилар, кексайганда уйи қувончга тўлганидан шукроналар келтирарди. Нафиса НИЁЗОВА
|