СОЧЛАРИНГНИ САРИҚҚА БЎЯБ НИМА ҚИЛАСАН? Дунёда токи аёл зоти бор экан, унга аталган таърифлар тугамайди. Шоирлар шеърларини, ижодкорлар энг яхши асарларини аёлга бағишлайдилар. Аёлга таъриф берилар экан, унинг камондек қошларию, белини чулғаб турган сочлари тўғрисида гапирмай илож йўқ. Зеро, Шарқ аёли, хусусан, ўзбек гўзаллари зулукдек қора қошию, товонини ўпадиган сочлари билан машҳур.
Соч – аёлнинг ҳусни. Ҳатто сайёрамиздаги энг соҳибжамол қизлар иштирок этадиган «Дунё гўзали» танлови шартларидан бири ҳам соч билан боғлиқ. Яъни, ҳакамлар ҳайъати иштирокчи қизларнинг сочи узунлиги, жилокорлигига ҳам баҳо берадилар. Ахир, соғлом ва жилвакор соч ҳар бир аёлга гўзаллик бағишлайди. Соч – акага… «Соч – акага, зирак – эркакка тобе», деган гап бор ўзбекчиликда. Бунинг маъноси, эрли аёлнинг қулоғида албатта, зираги бўлиши лозим, акаси бор қизлар эса сочига сабаб-бесабаб қайчи уришга ҳадди сиғмайди. Бу бир тарафдан эркак зотига ҳурмат бўлса, иккинчи томондан аёл гўзаллигини асрашдир, аслида. Бундан йигирма беш-ўттиз йиллар олдин шаҳарларда яшайдиган кўпчилик аёллар «соч касалига» дучор бўлишди. Ўшанда узун сочларни тагидан қирқиб ташлаш урф бўлди. Белини тўлдириб турган сочини «каре» русумида қирқтирган ким, «Мен сендан камми» дегандек ўғил болача (под мальчишку) услубида сартарошхонадан чиқиб келган ким… Афсуски, бу «эпидемия»нинг таъсири анча йиллар ўз кучини кўрсатди. Ўзини «замонавий» ҳисоблаган аёллар албатта, сочларини қирқтиришарди. (Тан оламан, ўзим ҳам шу «эпидемия»га чалинганлар орасида бор эдим). Вақт ўтиши билан соч кесиш «мода»си аслида бизнинг қадриятларимизга мос эмаслигини барчамиз тушуна бошладик. Қолаверса, бирор услубда кесилган сочларни ўзгача турмаклаб бўлмайди, узун ва қалин сочни эса жуда кўп усулда турмаклаш мумкин. «Қизил, сариқ, ям-яшил…» Бир куни автобусга чиқсам, чамаси уч-тўрт ёшлардаги қизалоққа кўзим тушди. Қош-кўзи қоп-қора қизалоқнинг сочи сап-сариқ эди. Рости, ажабландим. Одатда, инсоннинг қош-киприклари ранги соч билан мутаносиб бўлади. Ҳайратланиб боққанимни қизалоқнинг онаси сезди шекилли, изоҳ берди: - Кеча сочимни бўяганимда бўёқ ортиб қолганди, увол бўлмасин деб қизимнинг сочини бўяб қўйдим. Шу гапдан кейингина жувоннинг сочига эътибор қилдим. Чиндан ҳам унинг сочи сап-сариқ рангда эди. Юқорида ўттиз йиллар олдин соч кесиш «эпидемия»си авж олгани ҳақида сўз очдик. Ҳозирда бу ҳолат бошқача кўринишда намоён бўлмоқда. Бугун кўча-кўйда сочини сариқ рангга бўяб олган қиз-жувонларни кўп учратамиз. Ҳатто, чекка қишлоқларда яшайдиган аёлларни ҳам бу «мода» четлаб ўтгани йўқ. Тўғри, бу кимгадир ярашгандир, аммо назаримда, кўпчиликнинг асл чиройини бўғиб қўйгандек. Қолаверса, ўзбек аёли қора қошу, сочи билан гўзал. Сариқ рангли соч аслида Европа қитъасида яшайдиган аёлларга хос. Уларнинг сочи табиатан сариқ ва маллага мойил бўлади. Шундай экан, асл чиройимизни бўғиб қўядиган бундай рангларга соч бўяшга на ҳожат?!Сариқ ранг-ку, майли, ёшгина ўсмир қизларнинг сочининг ярмини қизил, ярмини яшил, яна бир қисмини кўкимтир рангга бўяшига нима дейсиз? Ҳатто кулранг сочли қизларни кўрсак ҳам ажабланмай қўйдик. Сочларининг табиий рангини ўзгартираётган ўсмир қизлар бўёқлар аслида сочга маълум миқдорда зиён етказишини, тез-тез бўёқ бериш сочнинг тез оқаришига сабаб бўлишини билишганида эди… Беихтиёр машҳур ҳофизнинг қўшиғи ёдга тушади: «Сочларингни сариққа бўяб нима қиласан?..» Чет элники деса… Замон ривожланиши билан турли соҳаларда ўзгариш бўлмоқда. Хусусан, деярли ҳар қадамда учрайдиган «Гўзаллик салон»лари турли хизматларни таклиф этишяпти. Салонларнинг беминнат хизматларидан бири – турли маросим ва тўйга отланган хонимларнинг сочини чиройли қилиб турмаклаш. Стилистлар турфа турмаклар фотосуратини кўрсатишади, улар орасида… «афрокосички», яъни африкалик қора танли аёлларнинг турмаги ҳам бор. - Ўсмир ёшдаги қизим бир куни «Гўзаллик салони»га бориб, сочларини ўрдирмоқчи эканини айтди, — дейди бир ҳамкасбим. – Қизим сочларини қирқ кокил қилиб ўрдирмоқчи экан деб ўйлаб, рози бўлдим. Орадан беш соатдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, ундан дарак йўқ. Хавотирланиб, дугоналарига қўнғироқ қила бошлаганимда дарвозадан бир қиз кириб келди. Сохти-сумбати қизимникига ўхшайди, лекин сочлари… Оқ, қизил, яшил рангдаги иплар тақилган соч алламбало турмакланган. Африкадан келган бирор қиз адашиб бизнинг ҳовлига кириб қолибдими, деган хаёлга бордим. - Аяжон, янги турмагим ярашибдими? –деган таниш овоздангина бу қизим эканини билдим. «Сочингни ким бу аҳволга солди?» десам, «Ахир, ҳозир ҳамма қизлар шундай қиляпти, «афрокосичка» мода бўлган. Ўзиям сартарош қиз нақ беш соат уринди, бир ойдан буён тушлик қилмай йиққан пулимни сарфладим», дейди мақтаниб. Таъвияга ўхшаб қолган қизимдан хафа бўлиб кетдим. Шу заҳотиёқ сочидаги латта-путталарни йўқотиб, сочини силлиқ тарашини талаб қилдим. Қизим минг ялинмасин, айтганимни қилдирдим. Сочидаги «алламбало»ларни олганидан кейин ойдеккина қиз бўлиб қолди. Газетада ёзинглар, мода экан деб қизларимиз ўзларини ҳар кўйга солишаверадими? –дейди танишим куйиниб. Дарҳақиқат, унинг куйинганича бор. Ярашса-ярашмаса сочини ҳар хил бўёққа бўяб, турли турмаклар қилдиришдан олдин «бу менга ярашармикан?» деган савол бериб кўрилса, кўнгилдагидек бўларди. Ўша «афрокосичка»ларию, минг бир хил турмаклари ўзбегимнинг қирқ ўрими товонни ўпадиган, бир-бирига ҳамла қилишга шайланган қора аждардек икки ўрим сочлари ёнидан ўтаверсин! Ҳар куни ишхонага кетгунча қатор «Гўзаллик салон»лари ёнидан ўтаман. Уларнинг реклама баннерларида ўндан ортиқ соч турмакларини бажариш кўрсатилган. Аммо бирортасида ҳам сочни ҳақиқий ўзбекона қирқ кокил қилиб ўриш ҳақида бирор оғиз сўз йўқ. Афсус… Шу ўринда «Келинлар қўзғолони» спектаклидаги Фармонбибининг сўзлари ёдимга тушади: «Бу одамларга чет элники десанг, ҳатто хўрозқандни ҳам ётиб олиб ялашади-я…» Хинаю, ўсма қайда? Қайнонам саксон ёшни қоралаб қолганлар. Кексалик юз-кўзига муҳр босган бўлса-да, кумуш тусга кирган сочлари ҳамон узун ва қалин. Икки ўрим сочини ушлаганида кафтини тўлдириб туради. Набиралари бувисининг сочига ҳаваси келиб, «Бувижон, нега бизнинг сочимиз сизникидек қалин ва узун эмас?» деб сўрашади. Шунда бувиси уларга жавоб беради: - Эҳ, болаларим-а, биз ёшлигимизда сочимизни қатиққа ювардик. Хина ва ўсма суви билан сочларимизга ранг берардик. Чунки улар соч илдизларини мустаҳкам қилади, жило беради. Сизлар эса кимёвий моддалар аралаштирилган шампунь, соч бўёқларидан фойдаланасизлар. Ҳатто қошларингиз ҳам ўсма нималигини билмай, сунъий қора бўёқдан бошқасини кўрмай ўтяпти. Бу аҳволда сочларингиз қандай қилиб узун, қалин, жилокор бўлсин?! Сочларингизни дуч келган ерга, ўша салон деб аталадиган жойларга ташлаб кетасизлар. Соч оёқ остида қолдими, бошга оғриқ киради, жин-ажиналар айланади, — дейди. Кекса момонинг сўзлари ҳар биримизга ибрат бўлгулик эмасми? Жин-ажиналар ҳақидаги гаплар балки уйдирмадир, аммо чиндан ҳам оёқ остида соч ўралашиб турганини кўрсангиз, дилингиз хира бўлади. Сочнинг дуч келган жойда ўралашиб ётиши аслида соҳибасининг фаросатидаги камчиликдан дарак беради. Таҳририятга қўнғироқ 2012 йилда «Бекажон» газетасида «Энг узун соч» танлови ўтказилди. Танлов эълон қилиниши билан таҳририят хатлар «ёмғири» остида қолди. Рости, танлов бу қадар кенг тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Танловни эълон қилишга эса тошкентлик бир онахоннинг қўнғироғи сабаб бўлди. - Қўнғироқ қилган онахон куйиниб, «Газетада сочни асраш ҳақида ҳам мақола берсаларингиз. Набирамнинг сочи узун ва қалин эди, ҳамманинг ҳаваси келарди. Кеча не кўз билан кўрайки, сочини тагидан қирқтириб келибди. Газетада мақолалар берилса, зора неварам сингари қизларга сабоқ бўлса», деди. Шу қўнғироқ «Энг узун соч» танловини эълон қилишимизга сабаб бўлди», — дейди бош муҳаррир Наргиза Розиқова. Мухлисларнинг талабларига кўра, танлов яна эълон қилинди. Бу шунчаки оддий танлов эмас, чин ўзбекона қадриятларимизни тиклашга қаратилган танловдир. Ўзингиз, қизингиз, опа-синглингиз билан бу танловда иштирок этинг. Сизга ҳавас қилиб, қизларимизнинг яна соч ўстиришларига умид билдириб қоламиз. Ўзбегимнинг қора қош, узун соч қизларига дунё ҳавас қилади. Дилфуза Зарипова
|