Статистика
Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
АРМОН МЕНИНГ ЮРАГИМ ЎРТАР Бу воқеага яқинда роппа-роса бир йил бўлади, деб бошлади гапини суҳбатдошим Султон. Ўшанда ёшим йигирма саккизда эди. Одатдагидай ишга шошилиб тургандим. Ҳатто аёлим тайёрлаган эрталабки чойни ичмай: — Нилуш, хафа бўлма, ишгa кеч қоляпман. Ҳамкасбларимнинг ҳам: «Раҳбар бўлиб, кеч келади», деб қарашларини хоҳламайман. Аёлим оғироёқ. Ойимнинг ҳай-ҳайлашларига қарамай, саҳарлаб туради. Уйдагилар дастурхон атрофига йиғилгунича эрталабки чойни тайёрлайди. Кейин ойим билан дарвозахонага чиқиб, йўлим хатарсиз бўлиши учун кўлини дуога очади. Хуллас, Худога шукрки, оиламдан кўнглим хотиржам. Маошим эса реклама хизматлари билан боғлик,. Икки йилдан бери реклама агентлигида бошқарувчи лавозимида иш юритаман. Шунинг учун рулда бўлса ҳам, хаёлан олинган буюртмаларимга ранг бераман. Ҳамкорларим шартнома тузишса, нималар дейишимни ўйлайман, қисқаси, қандай қилиб офисга етиб келганимни сезмай қоламан. Хонамга киргач, одатдагидай шахсий компьютеримни Интернетга улаб, «Май Agent» дастурини очаман. «Сизга хат». Янги буюртмани қабул килдим. Кун бўйи телефон жиринглайди, Интернетдан реклама дизайни учун расмлар қарайман, тайёр буюртмаларнинг камчиликларини айтаман, вақти келганда асабийлашиб, соат олти бўлганини сезмай, чарчайман. Офисда қадам товушлари камайгач, «Менинг оламим»га кирдим. Келган хатларга жавоб бериб бўлгач, «Меҳмонларим» саҳифасини очдим. У очилиши билан, «Қайсар қиз» «nick-пате» соҳибаси негадир диққатимни тортди. Мен ҳам иккиланмай, унинг оламига ташриф буюрдим. Анкетадан ёши йигирма учдалигини кўрдим. «Ўзим хақимда икки оғиз» дарчасида: «Ҳамма билан самимий, очиқ бўлишга ҳаракат қиладиган оддий қизман. Аммо ўзимдаги барча ҳиссий, инсоний фазилатларни мужассамлаштирган ҳолда сизга сирли туюлишим мумкин». Беркитмайман, бу сўзлар мени бефарқ колдирмади. «Суратим сизга ҳадя» дастурини очишга шошилдим. Қош-кўзлари қора, истарали, кулгичлари ўзига ярашган қиз компьютердан менга жилмайиб турарди. Ишонасизми, шу тариқа қанча вақт ўтирганимни билмайман. Астағфируллоҳ, дейман ўзимга-ўзим. Интернетдаги севгига ишонмасдингку, бўлмасам, бу ерда қанчадан-қанча қизларни кўрганман. «Кайсар қиз» нимаси билан мени ўзига тортаётган экан? Истараси биланми? Уйда гулдай аёлим кутиб ўтирганида, хаёлларим ўзимга кулгили туюлди. Қоровул билан хайрлашиб, машинамга ўтирдим. Йўлда кетяпман-у, хаёлларим ўша қизда. У билан кўришмаган, гаплашмаган бўлсам, нимасини ўйлайман? Ҳозир нима килаётган экан? Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолган. Ухлаяпти, эртага ўкишга боради. Қизиғ-а, ернинг кайсидир бурчида бир инсон сиз ҳақингизда ўйлайди-ю, сиз эса ҳеч нарсани ҳис қилмайсиз. Хаёллар ҳам қизиқ. Мен канчалар уни ўйламай десам, унга янада кўпроқ боғланаётганимни сезаман. Эртаси куни Интернешга кириб, «Mail Agent» дастурини очдим. «Қайсар қиз» «onlayn»ga ўтирган экан. Сирли қизга ёзишни бошладим. Аммо ҳаммаси шунчалик жиддий туюлиб кетишини хаёлимгаям келтирмагандим. Салом-аликдан сўнг: —Балки якиндан танишармиз? — дедим мен. —Майли, факат бир-биримизга сирли бўламиз. —Нимага сирли? —Қанчалик сирли бўлсангиз, шунчалик инсонни қизиқтирасиз. Кейин Интернетда кўз-кўзга тушмайди. Муносабатларнинг ҳаммаси хаёлий. —Исмингиз нима? —Ўзини «баҳолаяпти» деб ўйламангу, сир бўла қолсин. —Майли, унда исмингиз вақтинчалик «Ча» була қолсин. —Нимага «Ча»? —«Ча» ҳамма нарсага «ча» қўшимчасини кўшсангиз, ўша айтаётган нарсангизнинг кичкинаси бўлади. Мен ҳам сизни каттамас, кичкинарок, тасаввур киламан, — деб ҳазиллашдим. —Мен кичкина эмас, катта бўлсам-чи? Унда қанақа исм қўясиз? —Хўп, унда сизни опача дейман, бўладими? —Вой? Кичина опачалар ҳам бўладими? Сизга қойил, мантиқан, сухбатдошингизнинг сирли бўлишига қарамай, сўзидан ушламоқчимисиз? —Жуда ҳам шаддод экансиз-ку. —Исмим Рухсора, танишганимдан хурсандман... Биринчи суҳбатимиз ана шундай қизиқ ҳазиллар билан бошланганди. Бора-бора, унга ўрганиб колдим. Рухсоранинг ташқи гўзаллигиданам, ички олами мени кундан-кунга ҳайратга соларди. Гап-сўзлари, дунёқарашининг кенглиги, Оллохга бўлган муҳаббати, самимий тилаклари, дуо килиши — ҳамма-ҳаммаси. Энди хонамда соатлаб уни «Onlain»ga бўлишини кутиб, тушликни ҳам эсдан чиқарардим. Уйга машинада кетаётиб, Рухсорани ўйлайман. Лекин виждоним икки ўт орасида қийналарди.Оилали инсонман. Аёлим оғироёқ. Нилуга бор меҳримни берсам-да, кўзига қарашга қийналаман. Рухсоранинг эса бундан хабари йўқ. Унинг ҳам менга бефарқ эмаслигини сезганман. Аммо Рухсорани йўқотиб қўйишдан жуда-жуда қўрқаман. Бир куни иккимизнинг суҳбатимиз учун янги рақам олдим. Икки қўл телефонимдан бири чўнтагимда туради. Иккинчисини эса, компьютер колонкалари ёнига кўйиб кўяман. Сабаби Рухсорадан «SMS» келса, колонкалардаги «помех»дан билинарди, Шунда юрагимнинг уришини бармоқларимгача ҳис қилардим. Чунки «Рухсорадан «SMS» келяпти!». Бир ҳафтада ҳаётим тубдан ўзгариб кетди. Ёшим ундан катта бўлса-да, суҳбат орқали Рухсорадан кўп нарсаларни ўргандим. Кейин учрашувга таклиф қилдим. Бошида рад этди. Аммо юрагимдаги муҳаббатим рост эканлиги, ҳеч бўлмаса, бир бор кўришишга кўндирдим. Биз учрашдик. Ҳаётдаги Рухсора суратдаги Рухсорага ўхшамасди. У ҳаётда чиройлироқ экан. Кўзимиз-кўзимизга тушганда, ҳаяжонланиб кетсак-да, бир-биримизга билдирмасликка ҳаракат қилдик. Қаҳвахонага кирганимизда ҳам мендан кўра у кўп гапирар, ҳаракатлари, қош чимиришларини томоша қилганча жилмаярдим. Кўриниши жиддий бўлгани билан, жуда шўх ва шаддод киз экан. Энди биз тез-тез учрашардик. Куз фасли бўлгани учун бир зумда кеч тушади. У билан бирга бўлсам ҳамма нарсани эсдан чикарадиганга ўхшайман. Катта шаҳарни кечгача бирга айланиб, ҳазиллашиб, бақириб кулишардик. Бу бахт узоққа чўзилмаслигини билсам-да, ҳақиқатни очиш вақти ҳали келмади, деб нотўғри ўйлаган эканман. Ишхонада мажлисни тугатиб, ташқарига чиқдим. Кўл телефоним жиринглади. Қарасам, ойим! «Ўғлим, табриклайман, қизли бўлдинг». Хурсандлигимдан қандай килиб югуриб машинага ўтирганиму, гул олганимни билмайман. Тезлик билан касалхонага етиб бордим. Палата эшигини очганимда, Нилуш ҳам, ҳамшира қиз хам кириб келганимни сезишмади. Уларнинг суҳбати авжида экан: — Султон акам қиз туғилса, исмини Рухсора қўямиз, деганлар... Ие, ана ўзлари ҳам келдилар. Қўлимдаги гулни каравотнинг бир четига кўйиб, қизимга карадим. Қизим, менинг қизгинам! Нилушнинг кўлларида ухлаб ётган жажжигина чакалоқнинг кўлларидан ўпдим. Қизалоғим ширингина ухлаб ётарди. Кейин нимадир демоқчи бўлиб, хамшира қизга юзландим. Юзландиму, ер устида турганим эсимдан чиқиб кетди. Не кўз билан кўрайки, қаршимда Рухсора турар эди. Нигоҳларимиз тўқнашди. Хаёлларим остин-устин бўлиб кетди. Рухсоранинг кўзлари ёшга тўла бошлаган бўлса-да, негадир ўзини йўкотгани йўқ. «Сизларни ҳоли қолдираман», дея ташкарига отилди. Аёлим эса Рухсорани мақтай бошлади. Қизим дунёга келаётганида бош шифокорга ёрдамлашгани, қўли енгиллиги, албатта, мен хам «рахмат», деб қўйишим кераклигини айтди. Ичимдаги оғрикни, кандай ҳолатга тушганимни сўз билан таърифлаб бера олмайман.Касалхонадан чиқиб кетаётиб, Рухсора ўтирадиган хонани топиб, эшигини такиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермагач, ўзим хонага кириб бурчакда йиғлаб ўтирган Рухсорани кўриб, шундай ғалати ҳолга тушдимки, у бошини кўтармай, пичирлаб, фақат бир гапни кайтарарди: «Илтимос, кетинг»... Эртаси куни эса почтамда шундай хат турарди: «Мени севасизми? Унда аёлингизнинг кўнглини олинг. Қизингиз Рухсорани гулдай ўстириб, бахтини кўринг. Сиз ўзингизга муносиб, мехрибон умр йўлдош топган экансиз. Ўша куни ҳовлиқиб палатага кирганингизда, кўзларингизда бахт, юрагингизда оталик туйғуси барқ уриб турарди. Сиз ота бўлдингиз! Худо сизларга фарзанд ато этди. Оллоҳим марҳамат қилган эканки, фарзандингизнинг дунёга келишини кўрдим. Қизингизнинг нозик бармоқчаларини, қўлчаларини ўпаётганингизда сизларга жудаям ҳавасим келди. Кейин менга юзланиб, нимадир демоқчи эканлигингиз эсимда, бирдан нигохларимиз тўқнашди. Ичимдан «Сиз?» деган садо отилиб чиқмоқчи бўлганида, ўзимни зўрға ушладим. Сиз ҳайратлана менга тикилиб турардингиз. Аллақачон узилган риштани сезиб, кўзим ёшга тўлди Мен кўзимни юмишни истамадим. Ташқарига отилиб чиқишни хоҳлардиму, ўзимни тийдим. Аёлингиз нигоҳларимизни сезмасин, дея палатани аста тарк этдим. Хонамга етиб олгач, боядан бери томоғимни занжирлаган оғриқни қўйиб юбордим. Мен йиғлардим, тўйиб йиғлардим. Бу — алам ва севинч ёшлари эди.Бошқа сиз билан хатлашмайман, сиз ҳам ҳаммасини унутинг. Аёлингизнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим. Қачондир мен ҳам кимнингдир аёли бўламан. Бу дунё — қайтар дунё. Қайтишидан кўрқаман, Бахтли бўлинг, Султон ака». Бу қиз инсонми ёки инсон қиёфасига кирган фаришта? Ҳақиқатан ҳам ҳаётда севги, муҳаббат туйғулари ўзгача, аммо унданда масъулиятни ҳис этадиган оила ва фарзанд бор. Мен эса иккисини адаштириб, Рухсоранинг дилини оғритдим. Минг оғриқ билан охирги хатимни унга йўлладим: «Кечир мени, Рухсора. Нега тақдир мени шундай синади? Нега сени олдинрок, учратмадим? Биласанми, сен билан танишганимдан сўнг юрагимда сен, қучоғимда эса аёлим бўларди. Унга вафоли умр йўлдош бўлишга, доимо кулиб туришга ҳаракат қилардим. Қараб турардиму, ичимдаги оғриқдан дод деб бакириб юборгим келарди. Гўё дилим тубида ухлаб ётган энг оғир муҳаббат тўлқини ҳозир кўз ёши билан ташқарига отилиб чиқадию... Тамом! Ҳаётимни остин-устин қилиб ташлаши ҳеч гan эмасдай. Эсингдами, шаҳар шовқинини соғиниб, иккаламиз катта кўчаларни кечгача айланардик. Сенинг жаҳлингни чиқаришни жудаям ёқтирардим. Кўзларингга қараб тўймасдим. Бугун иш билан шаҳарда юрсам, хар бир бурчакдан сенинг овозинг келаётганга ўхшади. Овозингни қўмсаяпман. Ёлғиз қолдим дегунча эса, хаёлимда тинмай сенинг суратинг гавдаланаверади. Ёнимда тургандай бўласан гўё. Қаердандир шўх овозингни эшитаман. Кўзларинг, жилмайишинг... Ё Худо, жинни бўлдимми, дейман гоҳо. Ишон, телба бўлишнинг масофаси унчалик ҳам узоқ эмас экан. Юрагим биргина сенинг ширин сўзингга қанчалар талпинишини тасаввур эта олмайсан. Балки яна учрашармиз, армон бўлган муҳаббатимизни такдирнинг буюрган синовларида яна эслармиз. Аммо унутма, сен менинг ҳаётимни ёритган юлдузимсан. Сен мени севишга ўргатдинг. Биламан, ҳозир йиғлаяпсан. Шу сўзларни яна бир бор такрорлашимга ижозат бер. Гўзалгинам, эркатойим йиғлама! Йиғласанг, ҳидоят йўлига бошловчи, Роббимиз учун йиғла. Илтимос, мендан рози бўл». Биласизми, мен ўшанда Рухсорани севсам-да, аёлим билан қизимнинг калбини ярим килиб кета олмасдим. Менинг айбим билан муҳаббат армонга айланди. Азоблана кўз ёш тўккан севги аллакачон жон берган бўлса-да, Оллохдан бир ниятим ижобат бўлишини доимо сўрардим. Эртага у турмушга чиқади, шунда у борган кошона нурга тўлишини жудаям хоҳлардим. ... Қайси куниям укамнинг монтаж хонасига шошилиб кирдим. Стол устида ёйилиб турган суратлар орасида ок либос соҳибасига кўзим тушди. Маликасини қўлида кўтариб турган шаҳзода ва умр йўлдошига табассум ҳадя этаётган келинчак...У гўзал кўзларнинг ширин эгаси — Рухсора эди. Юрагим яна бошқача ура бошлади. Рухсора жудаям чиройли келин бўлибди! Қўлларида бахтли никоҳ узугини ушлаб турган икки ёшнинг суратига юзла-ниб, яна ният қилдим: «Сизларни Оллох паноҳида асрасин!». ГУЛМИРА тайёрлади.
Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (28.10.2011)
Просмотров: 2792 |
| Теги: турмуш чорраҳаларида
| Рейтинг: 0.0 /0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[
Регистрация |
Вход ]