ШИОРИМИЗ ДЎСТЛИК Тўлебийда туман немис байналминал маркази дўстлик фестивалини ўтказди
Тўлебий туманида йигирмадан ортиқ миллат истиқомат қилади, ўзбек,
славян, немис, турк, курд, тожик, татар-бошқирд миллий маданий
марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда.Мамлакатимиз Конституциясида
белгиланган қонунларга асосан туманда истиқомат қилаётган ҳар бир
инсоннинг , миллатидан қатъи назар, ўз эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини таъминлаш, рўёбга чиқаришга оид тамойиллар ҳаётда ўзининг
тўла ифодасини топмоқда. Буни фарзандларимиз ўз она тилида газета ва
журналлар ўқий олишига имконияти борлиги, қизиқиши бўйича касб-ҳунар
эгаллаётгани, меҳнат қилаётганида ҳам кўриш мумкин. – Президентимиз
томонидан юритилаётган доно миллий сиёсат узоқни кўзлагани ва
инсонпарварлиги билан халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилган, – деди
тадбирда сўзга чиққан немис миллий маданият маркази раиси Светлана
Цветкова. Мен мана шу табаррук заминда кўп йиллардан буён истиқомат
қиламан. Она юртимиз – Қозоғистоннинг самимий, кўнгли очиқ, меҳнатсевар,
бағрикенг халқидан бир умр миннатдорман. Қозоғистон менинг ҳам жонажон
Ватанимдир.Депортация йиллари бизни қучоқ очиб кутиб олган, бир бурда нонини баҳам кўрган қозоқ халқидан бир умр миннатдормиз. Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат
вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшаб, меҳнат қилмоқда. Уларнинг
конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш,
таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат
қилиши учун барча шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва
элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада
ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида. Умумий
ўрта таълим мактабларимизда вилоятимизда ўзбек, рус, қозоқ, тожик
тилларида билим берилаётгани, оммавий ахборот воситалари вилоятда
истиқомат қилаётган миллатларнинг ўз тилида фаолият олиб боришига чек
қўйилмаслиги бунинг амалдаги ёрқин ифодасидир. Фестивалда сўзга
чиққан барча нотиқлар мамлакатимиздаги тинчлик, барқарорлик ва
тотувлик, ҳамюртларимизнинг эртанги кунга қатъий ишончи, аҳоли турмуш
даражасининг мунтазам ошиб бораётгани, тобора кенгайиб бораётган халқаро
ҳамкорликни жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлайдиган асосий
омиллардир, деб ҳисоблашларини яна бир бор таъкидлашди. Байрамда
тумандаги барча миллий маданият марказларининг бадиий ҳаваскорлари
ижросида катта концерт бўлиб ўтди.Немис миллий маданият маркази немис
таомлари ва миллий ҳунармандчилигининг кўргазмасига фестиваль
иштирокчиларини таклиф қилди. ўз мухбиримиз.