Ватан бу – тилдаги ҳайқириқ эмас,
Дилдаги ойдиндир садоқат кўчган.
Ватан – дабдабали чақириқ эмас,
Қалбдаги иймондир зиёлар кўчган.
Ватан! Шу мўьжазгина сўз таркибида олам-олам маьно бор. Ватан, бу аввало, ота-она, туғилган ер, дўст-биродар деганидир. Шу қутлуғ тушунчалар бирлашиб Ватан туйғусини ҳосил қилади. Аскар Ватанни ҳимоя қилар экан, биринчи навбатда, ўз ота-онаси, киндик қони тўкилган тупроғи, дилбар ёр-у қадрдонларини кўз олдига келтиради. Ватан туйғуси, Ватан муҳаббати. Булар қандай сеҳрли қудрат-ки, ҳали вояга етмаган, дунё кўрмаган, ўйин-у шўхликлардан ўзга дарди йўқ бир ўсмирнинг юрагига жо бўлиб, бутун умр унинг хатти-ҳаракатини, юриш-туришини бошқариб туради. Бу туйғу инсон фарзандида туғма бўлармикан? Ёки гўдак тамшана-тамшана онасини эмаётганда она сути билан бирга бу туйғу унинг ҳам томирларига югурармикан? Умуман, Ватан бешикдаги қулоғингга кирган мунгли ва айни чоғда нурли алла, мактаб, илк висол онларига гувоҳ бўлган сўлим боғлар, хиёбонлар. Албатта буларнинг ҳаммаси ва яна алланимарсалар бирлашиб Ватан деган туйғунинг сўнмас тимсолини яратса керак. Ва яна боланинг мурғак қалбидаги илк бор пайдо бўлган Ватан тимсоли ҳар қанча ёрқин бўлмасин ҳали ўзининг шакл-шамойилини топиб улгурмаган бўлади. Ватан туйғуси бутун вужудимизни қамраб олади, ҳар бир хужайрамизда томир ёзади. Ватанга мухаббат бозорда сотиладиган мато эмас, балки инсон қалбининг тўрида гард юқтирмай покиза сақланадиган энг нафис, энг инжа бир туйғудир. Ватанни севиш ва айниқса уни амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу одамдан жуда катта жасоратни, бардош ва чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, Ватан ўз фарзандларидан ҳар ойда, ҳар ҳафтада, соат, сонияда жон фидо қилишни талаб этмайди. Ватан йўлида содир бўладиган бундай фидолик энг юксак, олий фидокорлик бўлиб, у фавқулодда ҳолатларда рўй беради. одам ота-онасини танлай олмаганидек, Ватанни ҳам танлай олмайди. Оллоҳ одамга Ватанни музликлардан ҳам, саҳролардан ҳам, чангалзорлардан ҳам ато этиши мумкин. Лекин, сиз билан бизга Ўзбекистон деб аталган юртни Ватан қилиб берган экан, бунинг учун ўзимизни бахтли деб билмоғимиз лозим. Инсон ҳамиша бирор нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини билишга ҳаракат қилади. Ватанни англаш-инсоннинг ҳаёт тарзига боғлиқ ҳолда бир умр давом этадиган узлуксиз жараёндир. Биз ҳар гал ўлкамиз баҳори, ёзи, кузи ва қишига рўбару келганда унинг тоғ-у тошлари, дарё-ю ўрмонлари, бепоён далалари, тарихий обидалари, обод шаҳарлари-ю қишлоқларини кўрганда кўнглимизга ғурур ва ифтихор ҳислари жўш уради. Шунинг учун инсон ўз атрофидаги борлиққа теран назар ташлаб, уларнинг хусусиятларини чин қалбдан ҳис қилмаса, улар ҳақидаги тасаввури ҳам тўлиқ бўлмайди. Энг гўзал, дилбар қўшиқлар ҳам Ватан ҳақидаги қўшиқлардир. Бундай жозибадор қўшиқлар эл-элатларни бирлаштиради, уларни тинч-тотув, осойишта яшашга, Ватанни ҳар жиҳатдан юксалтиришга, кўз қорачиғидай асраб-авайлашга интилади ва кўксини қалқон қилиб ҳимоя қилишга даъват этади.
Ватан моҳиятини тўла идрок этиш учун ундан айрилиш шарт эмас, балки инсоннинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, у доимо ҳақиқатнинг моҳиятини илишга интилиб яшаса кифоя. Чунки фақат англанган, маъноси тушунилган нарса ёки воқеа-ҳодисагина қадр-қиммат касб этади.
Ватанни қадрини ҳам унинг бағрида ўйнаб-кулиб, шод-у хуррам юрган кезларимизда англамаслигимиз мумкин. Биз “Ватан ягонадур, Ватан биттадур” деган таъсирчан қўшиқни жуда кўп эшитганмиз:
Дерлар ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор ҳаттоки маъбудлари кўп,
Ватан ягонадур, Ватан биттадур!
Чиндан ҳам Ватан туйғуси саждагоҳдай муқаддас, пок ва улуғдир. Чунки у ота-боболаримиз ҳоки ётган, бизнинг ҳам ҳокимиз қўшиладиган заминдир. Бизда шу заминга садоқат, қалбимизда шу муборак заминнинг ҳар бир қаричига меҳр-у муҳаббат юксак даражада бўлмоғи лозим.
Замонлар ўтаверади, даврлар ўзгараверади, аммо Ватан абадийдир. Ватанни севиш, суйиб ардоқлаш, бор вужудинг билан жўшиб кўйлаш олий бахтдир.
Тупроғида олтин гуллаётган, қишларида баҳор шивирлаётган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳи янграйдиган, чоллари йигитдай бардам, йигитлари чақмоқдай ёнаётган бахтли кўзларда, бамисоли чўғ бўлиб порлаётган халқ яшаётган бу Ватан-Ўзбекистондир.
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё?
Нечун Ватан дея ер-у осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо?
Биз Ватанимизни озод ва мустақил, гўзал ва бетакрор, қадимий деб таъриф этдик. Бу таърифларнинг ҳар бири юртим ҳақидаги кўпчилик томонидан эътироф этилган ҳақиқатни акс эттиради. Лекин бу ҳақиқатларнинг ҳар бирини инсон мустақил равишда, юракдан ҳис қилиш, чин дилдан англаши керак. Шундагина биз она диёримизнинг қанчалик озод, қанчалик мустақил, қанчалик гўзал ва бетакрор эканини ҳис этамиз. Бу ҳис-туйғу бизни Ватанимизни бутун вужудимиз билан севишга ундайди, бизга мадад беради. Тарихга бир назар ташлайлик. Тўмарис, Широқ, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби аждодларимизга куч-қудрат берган туйғу ҳам юрт муҳаббати, юртга садоқат эди.
Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрор. Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: “Ватан — саждагоҳ каби муқаддасдир”. Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзимизга суртиб, унга таъзим бажо айлаганимиз-фарзандлик бурчимиздир. Муқаддас ҳадиси шарифларда: “Ватанни севмоқ — иймондандур” дейилган. Яъни, иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурмати учун курашади. Ҳар бир баркамол инсон Ватан камолоти ва истиқболи, эл — юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Мустақиллик туфайли биз ўзимизнинг ҳақиқий ватанимизни топдик. Бу мустақилликнинг бизга берган энг олий неъматидир. Ватани мустақил халқнинг ўзи ҳам мустақил бўлади. Юрти озод ва эркин одамнинг эрки ўз қўлида бўлади.Истиқлол биз учун тараққиётнинг янги, бутунлай кенг уфқларини очди. Келажагимизни ўз қўлимиз билан яратадиган бўлдик. Ҳаётимиз ва яшаётган хонадонимизни миллий манфаат ва қадриятларимизга эга бўлдик. Истиқболдаги Ўзбекистон Ватан озодлиги насиб этмаган боболаримизга улуғ ҳайкал бўлажак. Ўзбекистоннинг шуҳратига шуҳрат қўшувчи фарзандларга муқаддас бешик бўлажак. Биз муқаддас заминда яшаяпмиз. Бу азиз тупроқда не-не улуғ аждодларимизнинг, пир-у авлиёларимизнинг ҳоки бор. Уларнинг руҳи бошимизда чарх уриб кезмоқда. Уларнинг армонларини рўёбга чиқаришга, келгуси авлодга ўзимиздан ибратли ва хайрли ишларни мерос қолдиришга қарор қилганмиз.
Баҳром Умаров,
|