Меню сайта
Категории раздела
Мақолалар, янгиликлар [73]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 76
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Каталог статей
Главная » Статьи » Мақолалар, янгиликлар

ЎКСИМА ҚИЗ, ЎКСИМА...

Турмуш чорраҳаларида

ЎКСИМА ҚИЗ, ЎКСИМА...

Ҳаммаси онамнинг вафотидан кейин  бошланди. Мен 7-синфда ўқирдим  исмим Дурдона. Оилада тўнғич фарзандман, битта синглим, иккита укам бор. Онам 36 ёшида  кўричаги ёрилиб, бу дунёдан эрта кетди  Отам 42 ёшида бева қолди. Ҳаётлигида  дадам ойимни еру-кўкка ишонмасди, улар бир-бирини жуда-жуда ҳурмат қиларди. Онам жуда меҳрибон, пазанда тоза-озода, гўзал ва фаришта аёл эди. Отам онамни йўқотгач, гунг ва соқовга айланди, нима қилаётганини билмас, мунғайиб бир хонадан чиқмай ўтирардиган, эрталаб ишга ҳам нонушта қилмай кетар, кечқурун ишдан қайтгач, яна овқатланмасди, хонасига кириб оларди. 
Онамнинг онаси,  яъни бувижоним  маъракалар ўтгач, биз билан қолди
 Дадамнинг ота-онаси эрта вафот этган. Онда-сонда қариндошлар келиб, хабар олиб кетишарди. Онам  бечора бу дунёдан кўз юмиб, ҳаётини тарк этганидан юм-юм йиғлаб кечалари ухламай чиқардим. Ойижоним деярли ҳар куни тушимга кирарди.  У,  баъзан, гулзор ичидан менга қараб  “Қизим, укаларингга яхши қара, адажонингни кутгин” дея қўл силтаётгандай бўлаверар, чўчиб уйғонсам онам йўқ бўлиб қоларди. Қани энди, бўлиб ўтган воқеалар туш бўлсаю,  ойим ҳаёт бўлиб,  оиламиз бутун, қувончимиз чексиз бўлиб, адажонимизни ишдан келишини кутсак,  ҳаммамизга қўлларида ширинликлар кўтариб келса. Қандай бахтиёр кунлар эди  –  кичик укам Дониёр адамнинг олдигага отилиб, чиқар у ҳаммамизни  қучоқлаб, ойимга меҳр ила боқарди. Ойим   "Дурдона қизим, бўла қол, дадангни қўлига сув қуй. Дилдора сен сочиқни ола кел", дерди. Дилдора синглим  иккинчи синфда, укаларимдан  Элдор бешинчи синфда ўқийди, Дониёр 5 ёшда. Укажоним онамнинг ўлимига кўниколмай. ҳар куни чириллаб йиғлар. "Нега ойим дўхтирдан қайтмаяпти?", "Қачон келадилар?", деб мени ва бувимни саволларига кўмиб ташларди. Бувим ҳам анча қариб қолганлар, бизнинг ташвишимиз, онамнинг вафоти уни янада  букчайтириб қўйди, тез-тез  оғриб, уйимизга «тез ёрдам» деярли кунора чақириларди. Аммаларим келиб бувимнинг аҳволини кўриб, бир-бир кундан қолиб ётадиган бўлишди, холаларим-тоғаларим амакиларим йиғилишиб олиб, дадамни  бир хонага  чақириб, нималардир ҳақида суҳбатлашишарди. Аммо, дадам тинмай йиғлар, иккита қўли билан бошини чайқаб,  йўқ- йўқ деб бақирарди. Мен бу воқеани деразадан  кўриб, нима бўлаётганини фаҳмлай олмай, нега дадамни  хафа қилишади, нега улар дадамга қаттиқ гапиришяпти, деб бошим қотарди. Кейин, холаларим менга аста тушунтиришди,  "Биз дадангни уйлантирамиз, сизларга қарайдиган одам керак, бўлмаса, бувижонинг толиқиб қоляпти, сен катта қизсан, укаларинг жуда кичкина, улар ўзга онага  тез ўрганиб кетади, сен бизни гапларимизни яхшилаб тушун, эси  бор қизсан, айланай сендан қандоқ қиламиз, онанг бизни ҳам жигаримиз, шундай бўлишини ким ўйлабди. Даданг ҳам кўнмай роса қийнаворди, онангни ўлгудек яхши кўрар экан. Сен дадангга ўзинг тушунтир, дада, биз розимиз, бизга яхши ойи олиб келинг, деб айт". 
 Оҳ, бу сўзни дадамга айтиш қанчалар қийин, нима деб айтаман, қандай айтаман, кейин онам тушларимда менга гапирмай қўйсачи, уйимизга келмай қўйса-чи? Онамни ҳеч бўлмаса тушимда кўриб турсам, менга қараб кулиб туришларини кўрсам кўнглим таскин топарди, эрталаб уйғонсам,  кеч бўлишини, тезроқ кун ботиб, тунни келишини,  кўзимни юмиб, тушимда онамни кўриш бирдан бир орзуим-ку, менинг онам мендан хафа бўлиб қолади, ҳечам дадамга уйланинг, деб айтмайман қарорим қатъий айтмайман", дея лабларим пичирлайди. 
 – Менга  бу гапларни бошқа айтманг, кераги йўқ, дадамга, укаларимга ўзим қарайман,  овқат пишира оламан,  кир юва оламан, нон пиширишни, сигир соғишни ўрганиб олсам, бошқа ойини нима кераги бор? Мактабдан келгач, ҳамма ишга улгураман, – деб жавоб бердим.
Мурғак  қалбим ана шуларни  ўйлаб  юрагим така-пука бўларди. Бошқа ойи олиб келиб қўймасин, деб,  эрталаб, саҳарда  туриб, кечаси кеч ётиб,  ваъда берган  ишларимни бажара бошладим. Қўшнимиз Сожида холадан хамир қоришни  ўргандим, кейин  у нон ёпишни кўрсатди, сигир соғишни  ҳам  қўлим толиб кетса ҳам, ўргандим.  Ўй фикру-хаёлим –  ана шу ишларни қила олсам, дадамга бошқа аёл олиб беришмайди деб ўйлардим. Дадамга  нима учун аёл кераклигига менинг ақлим етмаган экан. Кейин амин бўлдимки, отамга хотин олиб бериш, фарзандларнинг фарзи, ҳам қарзи  экан. Мен ҳеч кимни гапига кулоқ солмасдимда, лекин бувижонимнинг сўзини икки қилмас эдим. Бир куни бувим мени ёнларига чақириб, "Қизим, менинг доногинам, кўзимнинг оқу-қароси, ақллигим ўзингсан, даданг ҳозир ёш, куч-қуввати бор, лекин қаригач, ётиб қолиши бор касал бўлиши бор,  вақти келиб, сен хам улғайиб, турмуш қурасан, укаларинг ҳам ўз йўлига кетади, даданг эса ёлғизланиб қолади, шунинг учун дадангни уйлантирамиз",  деди. Кўзимдан шашқатор  ёш чиқиб кетди. 
– Бувижон, балким, дадамни ўша қариганида уйлантирармиз, ҳозир ҳамма  уддасидан ўзим чиқаманку, –  дедим, бувимга қараб.
 – Жон қизим, қариганида сени дадангга ким тегади, –  деди бувим кулиб, –  қолаверса,  сенларнинг  иссиқ-совуғингга  қараб туради, вақтида овқатлантириб, вақтида дарс қиласан, бир ўзинг  қийналиб қоляпсан, қизим. Сенгачи, худди ойингга ўхшаган аёл қидираман. 
– Мен қийналмайман, бувижон, фақат дадам уйланмасин...
– Онагинам, намунча онангни қизғанмасанг,  даданг уйланса ҳам сенинг меҳрибон даданг бўлиб қолаверади,  менинг ўжаргина,  қизғанчиқ неварамдан айланай, – деб, бағрига  босди. Шундан кейин дадамни уйлантиришга яхши аёл қидиришди, уйни таъмирлашди, бувим  дадамга деб янги ўрин-кўрпалар тикди. Бир қўлида игна-ип, нималардир, деб хиргойи қилар,  кўзидан томчи-томчи ёш оқарди. Ана шу пайтларни ҳозир тасаввур қилсам, бувим бечора куйиб-ёнгангандан йиғлаб кўрпа-тўшак тиккан экан. Онам қишнинг февраль ойида вафот этган эди, қорлар эриб, баҳор ҳиди келди. Отам қорлар эригач, онамнинг қабрига турли хил райҳону, лолалар ўтқазди, тез-тез онамнинг қабрини зиёрат қилар, ҳар сафар ишдан келиб, мен онангни кўриб келай, дея қабристонга йўл оларди. Отамнинг бу ҳаракатларини кўришиб, аммаларим "ўлик тўшак" деган,  иримини ҳам қилишди, барибир, отам-онамни олдига боришдан тўхтамади. Ниҳоят, ёз келди, ҳаммаёқ чаман бўлиб, ҳовлимизда онам ўтқазган атиргуллар, ниҳоятда гўзал очилган, унинг ёнига  бувижоним билан райҳон сепдик, улар барқ уриб чиқди. 
Шундай кунларнинг бирида, бувижоним билан чой ичиб ўтирган эдик, катта аммам ҳаллослаб кириб келди. Қуюққина салом-алик қилиб олгач, аммам бувимга қараб, қудахола, мен бир жувон топдим акамга, хафа бўлмасанглар, айтайин. Қорабулоқлик аёл, турмуш қуриб 12 йил фарзанд кўрмагач, ажрашган экан, 30 ёшда экан. Ота –онаси 18 ёшида узатган экан, агар тақдир бўлса, шуни олиб берсак, зора бу жиянларимга меҳри тушса, ўзи туғмагач, болаларга меҳрибон бўлармиди, нима дедингиз, қудахола, ҳаракат қиламизми? Агар, хўп десангиз, шу бугуноқ акамни обориб келай. Мана, келинойими вафотидан  беш ой ўтди, ҳамма "нега акангни уйлантирмаяпсизлар", деб сўрагани сўраган. 
Бувимнинг кўзларидан ёш қалқиди.
 – Мен нима дейман, Сабоҳатхон, айланай сиздан, тезроқ Бахтиёржоннинг бошини икки қилайлик, мен ҳам уйимга борай, болаларим ҳам қийналиб  кетишди, бир оёғим у ёқда, бир оёғим шу ерда. Уйдаги келинларим, невараларим ҳам менга ўрганиб қолишган, тезроқ  қайтинг, деб жону-ҳолимга қўйишмаяпти.
 Бувим шу гапларни айтардию, ич-ичидан зил кетарди. Дадам эса, ўзи билан ўзи, ишга боради,  келгач, укаларим билан бироз ўйнайди, дарс тайёрлатади. Мен ва синглимни бағрига босиб, "мен оналарингни кўриб келай", дея яна онамнинг бошига кетарди.
Бир куни дадамни ишдан келишини  пойлаб ўтирган, аммам катта амакимни ҳам чақирди, тоғаларим ҳам  бизнинг уйга йиғилишди. Дадам келгач, уни уйланишига  аммалаб кўндиришди-да, катта тоғамни машинасида  ўша аммам топган аёлга кетишди. Қалбимнинг бир чети ўтдек куйди, бақириб йиғладим, ўзимни, бувимнинг бағрига отдим.
 – Бувижон, нега онам ўлди нима учун, нега бизларни ташлаб кетди, энди бизнинг аҳволимиз не кечади, ўгай онани биз қандай она деб атаймиз, бувижон! Қандай чидайман, нега меҳрибон ойижоним бу дунёга сиғмади, нега? Нега? – юрагим қаъридан отилиб чиқаётган бу нидолар бувижонимнинг юрагига таъсир қилдими, қон босими  кўтарилди яна “тез ёрдам“ чақирдик. 
Докторлар укол қилиб кетгач, бувим тинчланиб ухлаб қолди. Менинг эса,  кўзим тўрт бўлиб, эшикда қолди.
 Икки соатлардан кейин машина келиб тўхтади, югуриб эшикка қарадим. Аммам хурсанд бўлиб, машинадан тушди, амаким тоғам ҳам кўзларидан мамнуниятлик билан кириб келишди. Аммо дадам жуда ғамгин, кўзлари қизарган, албатта юракдан эзилиб йиғлагани билиниб турарди. Улар кириб сўрига ўтиришди, мен чой дамладим, укам Дониёр қанд- қурсларни қўйди, ошхонага овқат сузмоқчи бўлиб кирган эдим,  бирдан ичкаридан  дадамнинг  баланд овозда гапирганини эшитдим
 – Дилоромни танаси совигани йўқ, қанақа қилиб уйланаман? Нима, мени оғирлигим сизларга тушяптими?  Бир-икки  йил ўтса ҳам майли эди. Нимага ҳамманг мен билан аралашиб қолдиларинг? Айтиб қўяй,  менга ёқмаган аёлни бу уйга келтирмайман!
Шовқиндан бувим уйғониб кетди, чиқиб, дадамга ётиғи билан тушунтирди. 
Шунда дадам мени чақирди. 
–  Она қизим, амманг сизларга “ойи” топибди, сен нима дейсан,сен нима десанг шу, акс ҳолда булар  мени ҳолу жонимга қўйишмаяпти.
 Томоғимга бир нима келгандай бўлди,  ғиппа бўғилдим. Дадамга қараб:
 Адажон, бизга яхши ойи керак уйланинг, дедиму, хонамга кириб, диванга ўзимни отдим. Овозим чиқмаслиги учун ёстиқни қучоқлаб  йиғладим.
 Қаршимда онажонимнинг сурати менга кулиб турарди. Онажоним, онагинам, мендан хафа бўлманг, тушларимдан кетиб қолманг, ойижон! Мен сизни ҳар куни тушларимда кўришга интизорман, ойижон! Дадамдан рози бўлинг, бизлардан рози бўлинг, тақдирнинг тақозоси шу экан. Оллоҳ бизни сиздан айириб қўйди, дадам уйланиши керак экан, ойижон, рози бўлинг!
Шу алфозда қанча ўтирганимни билмадим, бир маҳал аммам бошимни  сийпалади, негадир шу вақтда аммамни жуда ҳам ёмон кўриб кетдим. Бир ҳафта ўтгач, холаларим, аммаларим бориб, ўша "ойи"мизни олиб келишди. Уйда  ис чиқариб, дадам билан ойимизга мулла чақиртириб никоҳ ўқитишди. Шу куни бувим кичкина синглим Дилдор билан укам Элдорни катта холамникига жўнатишди. Уйда дадам билан янги ойимиз қолди.  Дадам яна эски одатини қилиб, онамнинг қабрига кетиб қолсайди, деб минғиллади укам Элдор,  дадамни қизғониб. 
Холамни уйида унсиз йиғладим.  Мана, дадам уйланиб, ҳаммамиз бошиданоқ  тараф-тарафга кетдик, бунда қанақа қилиб меҳр бўлади деб холамни бағрига бошимни қўйдим. Ундан  онамнинг ҳиди келарди. Холамни янаям қаттироқ қучдим.
  – Холажон,  мен ойимни жуда-жуда соғиндим...
 – Ўксима қизгинам, пешонангда борини кўрасан, Оллоҳ оналарингни пешоналарингга сиғдирмаган экан, на илож, чидашдан бошқа чора йўқ. Йиғлайверма, йиғлайверсанг онанг у ёқда сувга ғарқ бўлиб кетади, кейин жуда-жуда қийналади, – деди. 
– Хўп, холажон энди йиғламайман, – деб ўрнимга ётдим. Онажонимни яна  тушларимда кўраман, деб аста кўзларимни юмдим, аммо нариги хонада ўксиб йиғлаётган укамнинг фарёди яна қалбимни эзди, унинг ёнига кирдим. У холамни, мени қучоқлаганча «ойижон» деб бақирарди. Укамнинг маъсум кўзларидан ёши дарё бўлиб оқарди, холам ҳам, мен ҳам бу айрилиқнинг доғига чидай олмай, қўшилиб йиғлаб юбордик. Шу куни тонг қандай отди, билмайман, тушга яқин дадам келиб, бизни олиб кетди. Эшикдан киришим билан ҳовлидаги ёш ойимни кўриб, ток ургандай сескандим, янги ойимиз жуда ёш эди, янги келинлардай атлас кўйлак лозим, устида ярқироқ чопон, қулоқларида тилла зирак, бармоқларида тўла тилла узук, дадамга қараб кулиб таъзим қилди. Дадам мени ва укамни у билан таништирди, у яқинроқ келиб, мени бағрига босди, ундан келаётган атир ҳидидан кўнглим айнади, тўғрироғи, унинг бўялган афт-башарисидан ижирғаниб, юзимни терс бурдим. Элдор ҳам «ассалому алайкум», дея уйга кириб кетди, дадам ярим соатдан кейин кичик синглим ва укамни олиб келди. Янги ойим уларни қучоқлаб, ялаб-юлқади. Бир зумда иссиқ овқатлар сузиб келди, ҳар дастурхонга яқинлашган сари, дадамга қараб илжаяр, Бахтиёр ака овқатингизни енг, чойингизни ичинг, деб тинмай жаврарди. Дадам овқатини ичиб бўлгач, "Дурдона, она қизим, мен ойингларни олдига бориб келай, сизлар мана бу ойинглар билан уйни ишларини қилиб ўтиринглар", дея чиқиб кетди. Буни қаранг, янги ойимизни исми Дилора экан, онамнинг исми Дилором эди.  Ойимизга бир ойгача кўника олмадим,  унинг баъзи қилиқлари дадамга ҳам ёқмас эди, уйга чақириб, уни йўлга солиш учун бир нималарни уқтирарди. Аммаларим келиб, юз насиҳатлар қилиб кетишарди. Меҳрибон дадам ҳеч ҳам ўзгармади, ўша меҳрибонлигича қолди, Кунлар ўтиб, йиллар ўтиб, биз ҳам тақдирнинг зарбаларига кўндик, ўгай онамнинг ситамларини ҳам, яхшилигини ҳам кўрдик. Вақт ўтибоқ, бирпасда вояга етибман, ўрта мактабни тугатгач, тиббиёт институтига ўқишга кирдим, ўқишни битириб, шаҳримиздаги туғруқхонага ишга кирдим. Шу йили ўша туғруқхонада ишлайдиган Вазира опа мени ўғли Неъматжон билан таништирди. Неъматжон қайсидир ташкилотда  бош ҳисобчи бўлиб ишлар экан. Тақдиримиз бир экан, унга турмушга чиқдим. Кейинги ойим мебелларни, сарполарни ўз онамдан зиёд қилиб берди. Ойимиз бизни ўз боласидай кўрди, у бир умр фарзанд кўрмади, шу сабабли у бизга ўз онамиздай бўлиб кетди. Ҳозир укам Элдор тиббиёт институтида 3 курсда синглим Дилдора 11 - синфда энг кичкинамиз Дониёр 5-синфда ўқияпти. Ҳозирги ҳаётимиздан мамнунман, умр йўлдошим жуда яхши инсон, укаларимдан, синглим, яъни дадамдан кўнглим тўқ, чунки, ойимиз жуда яхши инсонга айланган. Лекин, ўтмишимни эсласам, барибир кўнглим ўксийди, балки етимлик онлари кўнглимни кемирса керак. Ахир,  ўгай ойимиз ёшлик қилиб, не кунларни бошимизга солмади. Оллоҳдан сабр-тоқат тилаб, янги онамиз ҳам инсофли-диёнатли бўлди. Эҳтимол, бизларни тарбиямиз, бизларга қараш,  тўрт боланинг ош-овқати, уст-боши, бизларнинг ўжарлигимиз, эркаликларимизга дош бериш  ҳам унга ҳам осон кечмаган албатта. Дадамнинг ақллилигидан, фаросатидан ҳаммамиз яхши тарбия олдик. Отам сабр-тоқатли, меҳнатсевар, дилкаш инсон. Ушбу кунда отамга ва ойижонимизга тани-соғлик, узоқ умр тилайман. Бахтимизга омон бўлишсин. Меҳрибоним, меҳри дарёим онажоним эса қалбимизда абадий барҳаётдир. Илоҳим, охиратлари обод, қоронғу қабрлари ёруғ бўлишини Яратгандан сўраб қоламан. Онажоним, алвидо сизга, сиз ҳамиша қалбимизда ёнган чироқсиз. Уйқуларим фариштаси, тушларимнинг камалаги сизсиз, ойижон. Ҳеч ким ўз онасидан барвақт айрилмасин.

Дилбар ҚУРБОНТОЙ қизи,
 
         Шимкент шаҳри, Пахтакор даҳаси.

Категория: Мақолалар, янгиликлар | Добавил: жанубий (27.10.2016)
Просмотров: 771 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  •  
     
    Copyright MyCorp © 2025
    Бесплатный конструктор сайтовuCoz